iPhone учун апрель ойидаги энг яхши иловалар

  •   DiMaX
  •  1324
  •  02.05.2017 15:56

iPhone учун апрель ойидаги энг яхши иловалар

Ўтган ой давомида кўпчилик iPhone фойдаланувчиларига маъқул келган иловалар тўплами билан таништирамиз.

Clips

Apple қисқа метражли видеолавҳалар яратувчи иловаси билан кўпчиликни қувонтирди. Clips – iPhone ва iPad учун ишлаб чиқилган янги дастур бўлиб, унинг ёрдамида квадрат шаклидаги қисқа видеолавҳа суратга олиш, унга эффектлар, субтитрлар қўшиш ва ижтимоий тармоқларга юклаш мумкин. Apple бу илова ёрдамида фойдаланувчиларнинг ижтимоий ҳаётига кириб боришни, унинг тармоқлардаги публикациялари учун узатиш нуқтаси бўлишни истамоқда.

Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун тегишли мақоламизни ўқишингизни тавсия этамиз. Дастурни эса мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Microsoft To-Do

Microsoft турли топшириқларни режалаштириб борувчи To-Do менежер-иловасини тақдим этади. У минималистик услубда ишланган бўлиб, ишчи лойиҳаларга ҳам, шахсий кундалик турмушда ҳам қўллаш мумкин. To-Do’нинг афзаллиги – интеллектуал ёрдамчиси бўлиб, календарни таҳлил қилиш асосида муҳим вазифаларингизни бажаришни тавсия этиб боради.

Иловани ушбу ҳавола ёрдамида ўрнатиб олиш мумкин.

GIPHY Says

Гиф-файлларни томоша қилаётиб, «Шуларнинг овоз йўқлиги чатоқ-да…» деган фикр хаёлингиздан ўтганми? GIPHY Says мана шу чатоқликни бартараф этади. Аниқроғи – унинг овози пайдо бўлмайди-ю, илова анимация устига сиз гапираётган сўзларни автоматик тарзда субтитрларга айлантириб қўшади. GIPHY Says рус тилини ҳам яхши «тушунади». Ёзаётганда қандай гапирган бўлсангиз, натижада ҳосил бўлган гиф-файлда худди шу матн акс этади. Мазкур илова мана бу ҳавола орқали юкланади.

Astro

Янги почта клиенти – Astro сизнинг почтангизни тезкорлик билан ва осонгина тартибга келтиришга ёрдам беради. Илова хабарларни муҳимлик даражасига кўра саралай олади, тарқатмалардан битта чертиш билан воз кеча билади. Шунингдек, кирувчи мактубларни кейинроққа қолдириш ва юбориладиган хатларни кейинроқ жўнатишга режалаштириш функциялари ҳам бор. Бироқ Astro’нинг асосий афзаллиги – ишларни унумли бажаришга ёрдамлашиб ва фойдали маслаҳатлар бериб борадиган интеллектуал ёрдамчидир.

Astro’ни смартфонингизга ўрнатиш учун ушбу ҳавола орқали ўтасиз.

Swipeable

Яқинда Instagram’га кенг форматли суратларни юклаш имкони пайдо бўлди, лекин панорамаларга бу тааллуқли эмас. Swipeable иловаси эса шуни амалга ошириш имконини беради. У панорама-суратни бир нечта қисмларга ажратиб ва уларни галерея тарзида ёйиб беради. Уларни Instagram’га юклагач, тўлиқ кўриш учун бир нечта свайп қилиш етарли бўлади.

Swipeable мана бу жойдан юклаб олинади.

HPSTR

Смартфонингиз учун янги обойлар излаб қийналяпсизми? HPSTR сизга ёрдамга келади! Илова нафақат чиройли обойларни топиб беради, балки сизнинг барча (ҳатто Mac ва Android тизимли) қурилмаларингизда уларни синхронлаб алмаштиради ҳам.

HPSTR’ни iPhone’ингизга ўрнатиш учун мана бу ҳаволани босинг.

Поэтайзер

Мазкур илованинг ўзига хослиги – ҳар бир суратнинг руҳидан келиб чиқиб, унга атаб шеърий мисраларни танлаб жойлаб беради. Шеърлар рус тилида бўлиб, таниқли шоирларнинг ижодидан олинган. Бу билан фотосуратнинг ўзига хослиги оширилади, унга шоирона руҳ бағишланади.

Поэтайзер ҳақидаги хабаримизни мана бу ерда ўқиб, унинг ўзини эса ушбу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

2ГИС

Бу – энг кенг оммалашган картографик сервислардан бири. Фойдаланувчилар уни тўлиқ ва батафсил маълумот бериши туфайли ҳам қадрлашади. У пиёда йўналишларни чизиб беришдан ташқари, яқиндан буён ҳатто сўқмоқлар, йўлкалар ва тротуарларни ҳам ҳисобга оладиган бўлган.

2ГИС иловасини смартфонингизга мана бу ҳавола орқали ўрнатиб оласиз.

Шунингдек, Android учун апрель ойидаги энг яхши иловалар тўғрисидаги мақоламизга ҳам назар солишингиз мумкин.