iPhone учун август ойидаги энг яхши иловалар

  •   DiMaX
  •  2088
  •  30.08.2017 18:42

iPhone учун август ойидаги энг яхши иловалар

Деярли ҳар куни мобил қурилмалар учун янги иловалар чиқади, эскилари янгиланади... Улар шунчалар кўпки, орасидан кераклиларини саралаб олиш ҳам қийин бўлади баъзан. Айни шу боис ҳам биз вақти-вақти билан турли операцион тизимлардаги қурилмалар учун фойдали иловалар ҳақида мақолалар бериб келмоқдамиз.

Бугун iOS операцион тизимидаги қурилмалар учун август ойида энг долзарб бўлган, ўқувчиларимизга кўпроқ нафи тегадиган дастурларни тавсия этмоқдамиз.

1. Loopsie

Ушбу илова ёрдамида сиз Live Photos аналоги – синемаграфлар яратишингиз, улар билан дўстларингизни ҳайрон қолдиришингиз мумкин. Яъни, бу дастур кадрдаги айрим жойларга бир нечта тегинишлар билан «жонли», яъни сал ҳаракатланувчи фотосурат олиш имконини беради. Илғор барқарорлаштириш тизими эвазига, Loopsie ёрдами билан ҳатто штативсиз суратга олинган тасвирлардан ҳам якуний натижа ажойиб чиқади.

Loopsie иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

2. Sing Karaoke

Караоке ишқибозлари учун бу дастур ҳақиқий топилма, десак ҳам адашмаймиз. Унинг ёрдамида исталган пайт, хоҳлаган жойингизда севимли қўшиқларингизни фонограмма орқали куйлашингиз мумкин. Sing Karaoke иловаси сизга мазкур сервиснинг бошқа фойдаланувчилари билан биргаликда дуэт куйлаш имконини ҳам беради. Ўзингиз ижро этган қўшиқларингизни ёзиб олиб, дўстларингиз ҳукмига ҳавола этишингиз ҳам мумкин. Шунингдек, иловадан фойдаланувчи бошқа дўстларингизнинг шундай ижроларини баҳолашингиз имкони бор. Ва ниҳоят, фойдаланувчилар кўплашиб, онлайн тарзда қувноқ караоке оқшомлари ташкил этсалар ҳам бўлади.

Sing Karaoke дастурини iOS-қурилмангизга ушбу ҳавола ёрдамида кўчириб олиш имкони бор.

3. Lyster

Вазифалар менежери – минималистик Lyster иловаси белгиланган ишларингизни имкон қадар тез ва содда тарзда ҳал этишингиз учун яратилган. У битта ҳаракат билан топшириқларни якунлаш ёки кейинроққа қолдириш имконини беради. Шунингдек, олдингизга қўйган ишларингизни қай тартибда битказишни тезда мўлжаллашга кўмаклашади.

Lyster вазифалар менежерини юклаб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

4. Whoopee

Whoopee иловаси тайёр фото ва видео тасвирлардан товушсиз анимациялар ясаб беради. Шунингдек, биратўла унинг иштирокида, камера ёрдамида шундай комиксларни суратга олиш ҳам мумкин. Тайёр роликни овозли изоҳлар билан тўлдириш, стикерлар ва бошқа элементлар билан безаш каби имкониятлари бор.

Бу дастурни қурилмангизга ўрнатиш учун мана бу ҳаволадан фойдаланинг.

5. Dynalist

Фикрларни қайд этиб, мураккаб лойиҳалар устида ишлаш учун қулай сервис излаётган бўлсангиз, Dynalist қўл келиши аниқ. Чексиз рўйхатлари ва ички бўлинмалари билан у қулай восита кўринишига келган. Илованинг кенгайтирилган имкониятлари мавжуд, у Markdown ва LaTeX’ни, шунингдек тегларни қўллаб-қувватлайди. Хуллас, ишларингизни чиройли тахлаб қўйиш учун керакли ҳамма нарса қўлингиз остида бўлади.

Dynalist иловасини мана бу ердан олиб ўрнатишингиз мумкин.

6. Cornea

Ижтимоий тармоқларга қўяётган расмингизни ҳали эълон қилмасдан туриб, унинг қанча лайк тўплашини билишга тобингиз қалай? Cornea иловаси бу борада сизга ёрдамга келади. У сунъий онг ёрдамида суратнинг фильтрларини ҳамда бошқа параметрларини таҳлил қилиб чиқади ва тахминий прогнозини тузади. Шунингдек, бу дастур ўзидаги тайёр фильтрларидан энг мос келувчиларини қўллаган ҳолда кадрни яхшилаш бўйича маслаҳатлар ҳам беради.


Cornea’ни мана бу ҳавола орқали юклаб олсангиз бўлади.

7. Simple Habit

Бугунги тезкор замонда кишиларда стресс ҳамда турли фобиялар учраб туришидан хабарингиз бор. Simple Habit ишлаб чиқувчилари эса улардан медитация ёрдамида қутулишни таклиф этишмоқда. Мазкур дастурда турмушдаги ҳар хил вазиятлар учун кўплаб медитациялар жамланган. Уларнинг ҳар бирида сизни профессионал тренернинг овози йўналтириб туради. Ушбу машқлар стрессдан азият чекаётган ҳамда турли ахборотлар қуршовида чарчаб қолаётган кишиларга ўз ҳаёт тарзини тартибга солишда ёрдам беради.

Simple Habit иловасини ушбу ҳавола ёрдамида қурилмангизга ўрнатиб олишингиз мумкин.

8. Calorator

Бу дастур, айниқса, парҳезни хуш кўрувчилар, ўз вазнини назоратда тутишга ҳаракат қилаётганлар учун фойдали. Чунки Calorator сиз тановул қилаётган егуликнинг калориясига қараб, уни еганингиздан сўнг ортиқча вазн тўпламаслик йўлларини тавсия этади. Яъни, шу калорияни сарфлаш учун қанча масофага юришингиз ёки югуришингиз лозимлигини ҳисоблаб беради. Шунчаки, егуликнинг озуқавий қийматини иловага киритасиз ва натижани оласиз. Амал қилиш эса, доимгидек, ўз ихтиёрингиз ва иродангизга боғлиқ!

Calorator’ни мана бу ҳавола ёрдамида девайсингизга юклаб олиш имкони мавжуд.

9. Facebook

Гарчи Facebook’нинг мобил иловаси анчадан бери кенг фойдаланувчилар орасида оммабоп бўлса-да, у яқинда янги функцияларга эга бўлди. Жумладан, профилнинг «муқова»си («обложка»си) сифатида 360 даражали фотосуратни илованинг ўзидан юклаш мумкин. Шарсимон расмларни яқинлаштириб томоша қилиш, уларда дўстларни белгилаш имкониятлари ҳам тақдим этилган. Истасангиз, профилнинг «муқова»си сифатида нафақат камерадан олинган фотосуратни, балки бошқа манбалардан олинган расмларни ҳам жойлаш имкони мавжуд.

Мазкур иловани ушбу ҳавола орқали гаджетингизга ўрнатиб олсангиз бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!