iPhone ва iPad’лардаги муаммолар ечими – ReiBoot дастури

  •   DiMaX
  •  1731
  •  25.08.2017 12:08

iPhone ва iPad’лардаги муаммолар ечими – ReiBoot дастури

Apple одатда ўз қурилмаларини ўта мустаҳкам ва ишончли тайёрлайди, лекин, афсуски, баъзида улар ҳам керакли тарзда ишламай қолади. Кўпинча бу фойдаланувчиларнинг айби туфайли юз беради, аммо айрим ҳолларда iPhone ва iPad’лар ўз-ўзидан ҳам бошоғриқ туғдириши мумкин. Масалан, девайс ёқиш экранида қотиб ёки DFU (прошивкани янгилаш) режимидан чиқа олмай қолади. Бу каби ҳолатларда фойдаланувчида гаджетни сервис марказларига олиб бориш имкони бўлмаса, уни ReiBoot иловаси ёрдамида ўзи тузатиши ҳам мумкин, деб ёзади AppleInsider сайти.

iPhone’да муаммо юзага келганида тажрибали фойдаланувчи қиладиган биринчи иш – уни ўчириб-ёқишдир. Кўпинча бу фойда беради. Лекин, агарда iPhone ёқилиш экранида қотиб қолса, iTunes’га уланишни талаб этса ёки ўзини тушунарсиз тутса, унинг дастурий таъминотини iTunes орқали янгилаш мумкин. Бу бирмунча оддий, лекин ҳамиша ҳам иш беравермайди. Баъзан iTunes ҳам прошивкада хато бор, деб туриб оладиган ҳолатлар учрайди.

ReiBoot иловаси, ишлаб чиқувчиларнинг ваъда қилишларича, айнан шуларни бартараф этиш учун яратилган. Мазкур дастур iPhone, iPad ва iPod touch сингари iOS-қурилмалардаги жуда кўп муаммоларни ҳал этишини таъкидлашаётир. Шунчаки уни компьютерингизга ўрнатиб олиб, ишга туширишингиз ва ўз қурилмангизни улашингиз кифоя. Қайта тиклаш, DFU режимида ёки ёқилиш экранида, шунингдек, блоклаш экранида қотиб қолган, iTunes кўра олмайдиган қурилмаларнинг иш фаолиятини тиклашда ReiBoot ёрдамга келади.

Шу тариқа, компьютерда ReiBoot дастурини ишга туширгач, муаммоли iOS-қурилмани компьютерга улайсиз ва дастур менюсидан керакли бандни танласангиз бўлди. Қолган барча ишларни ReiBoot’нинг ўзи бажаради, унинг бу функциялари бепул тақдим этилади.

Шунингдек, ReiBoot Pro версиясида фойдаланувчиларига тақдим этилувчи пулли функциялар ҳам бор. Мазкур версия iTunes орқали прошивкалашдаги янада кўпроқ муаммолар ва хатоликларни бартараф этиш имконини беради. Шунингдек, пулли версия iOS тизимининг фаолиятини оптималлаштириш ва тозалаш жиҳозларига, маълумотларни тиклаш ва захира нусхалаш имкониятларига ҳам эга.

ReiBoot дастури iOS 6’дан то iOS 11’гача бўлган барча амалдаги операцион тизим версиялари билан ишлай олади. Уни Mac учун мана бу, Windows учун эса мана бу ҳаволалар орқали бепул юклаб олишингиз мумкин. ReiBoot Pro версиясини бўлса ушбу ҳавола ёрдамида ўтиб харид қилиш имкони мавжуд.