iPhone X: буни ўқимай туриб, харид қилманг!

iPhone X: буни ўқимай туриб, харид қилманг!

2017 йилнинг кузида тақдим қилинган iPhone X флагмани ўша йилнинг 3 ноябрида сотувга чиқди. Уни айрим давлатларда савдогарлар 20 миллион сўмгача пуллашди. Бу смартфон бир қарашда кўпчиликнинг диққатини торта олди. Хўш, Apple тарихидаги энг қиммат айфонни орзу қилиш ҳамда унинг учун аямасдан пул сарф қилиш қанчалик тўғри? Қуйида шу савол атрофида навбатдаги тавсифимизни баён қилмоқчимиз.

Дизайн

Apple'нинг iPhone бренди 10 ёшга тўлиши муносабати билан корпорация "iPhone X" номи билан янги флагманни тақдим қилди. Дизайн ва янгича технологиялар масаласида iPhone X айфонлар сафига янгича "об-ҳаво" ва нарх-наво олиб келган смартфон бўлди.

Бу модел "IPHONE 10" деб ўқилади

Модел номидаги "X" белгиси ҳарф эмас, римча рақамни англатади.

Янги iPhone расман "iPhone 10" деб айтилади. "X" белгиси эса бу номга ҳашам бағишлаб турибди.

Смартфонлар турган-битгани шишага айланаётган даврга кириб келдик. iPhone Х ҳам экран ёнидаги ром ва ҳошиядан холи бўлган.

5.8 дюймли дисплей смартфоннинг олд панелини эгаллаб олган. Дисплейнинг силлиқ қайрилма ёнлари тўғи бориб пўлатдан тайёрланган синчга жойлашгани боис, корпус ўзидан сув ўтказмайди. Экран юқорисида қолдирилган жажжи ҳудудда карнай ва сенсорлар ўрнашган.

Пишиқ шиша олд ва орқа корпусга қопланган. Apple бу кадар пишиқ 7 қаватли ҳимоя шишаси ҳали бирор смартфонда фойдаланилмаганини айтди.

Ундаги экран дунёда энг яхшими?

Apple биринчи маротаба OLED-матрицадан фойдаланди ва унда Super Retina HD технологиясини ҳам жорий қилди.

Олд панелни деярли эгаллаган 5.8 дюймли дисплей чиндан ҳам ёрқин ва сифатли.

2436 x 1125 пиксел сиғимли экранга эга iPhone X'ни Apple "Super Retina" Oled дисплейга эга жаҳондаги илк гаджет деб атади. Ҳар дюймдаги пикселлар миқдори 458 тани ташкил қилади. Натижада, пикселларнинг донадорлиги билан боғлиқ муаммо кузатилмайди.

Юбилей айфонида Apple'нинг "3D" зарб ва "True Tone" технологиялари татбиқ қилинган. iPhone X экрани ташқи ёруғлик даражасига қараб тасвир ранг-тусини ўзгартиради.

OLED экран ўз ишини қилган: сурат ва видеонинг акс этиши ғоятда ёрқин ва бетакрор.

Қолаверса, iPhone X тасвир узатишнинг HDR, HDR10 технологиясини ва Dolby Vision овоз технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Экран юқорисидаги кичик кесиқ бўлиб, бу ҳудудда датчиклар жойлашган. Мисол учун, камера, инфра-қизил рангли камера,  Face ID функцияси учун зарур бошқа сенсорлар мавжуд.

Samsung Galaxy Note8 билан таққослаганда, iPhone X экрани ёрқин ва сифатли. iPhone X ёрқинлик даражаси — 574 нит,  Note8 — 403 нит. Бироқ, Galaxy S9 бу борада анча илғор -- 603 нит!

Дисплей Apple мухлисларини ҳайратга солган. Дисплейни ҳимоя қилиш керак. iPhone X экрани дарз кетадиган бўлса, уни алмаштириш тахминан $279 долларга тушади. Бу нархга эса Xiaomi брендидан яхши Android харид қилиш мумкин.

iPad Pro каби True Tone технологияси тасвирни ташқи кўриниш асосида акс эттиради. Мисол учун, кўчада тасвир ёрқин тус олса, ичкарида нисбатан "илиқ" рангларда тасвирланади.

Дисплей камчиликлари қаторида ром-ҳошиянинг борлиги, дисплей мўртлиги, дисплей энининг қисқарганини айтиш мумкин.

 

Бош тугма энди йўқ. iPhone X тугмалардан холи бўлишга ҳаракат қилган.

TouchID ўрнига жорий қилинган FaceID технологияси олд камера ёрдамида юзни 3 ўлчамда сканер қилади. Фойдаланувчи айфонга қараши билан унинг тизими очилади.

Бунинг учун 7 мегапикселли олд камера ва инфра-қизил камера, юздаги белги ва доғларга қараб унинг харитасини тузадиган махсус проектор, шунингдек сканер қоронғуда юзни аниқроқ чизиши учун ёритгич ўзаро ҳамкорлик қилади. Экспертларнинг фикрича. бу -- ҳозирча татбиқ қилинган энг хавфсиз юз сканери бўлиши мумкин.

Бу технология қандай ишлайди?

iPhone X'да Apple компанияси кучли бир инновацияни жорий қилган — TrueDepth технологияси. TrueDepth — 7 мегапикселли олд камера, инфра-қизил камера, белгиларни қайд этувчи проектор ҳамда инфра-қизил нур тарқатувчи қурилмалар бирикмасидан иборат инновацион камера ва сканерлаш тизимидир.

Мисол учун, белгиларни қайд этувчи проектор фойдаланувчи юздаги 30 мингдан зиёд белги, нуқта ёки доғни аниқлайди ва шунга кўра қиёфанинг харитасини чизади. iPhone X фойдаланувчиси тизимга кириши чоғида айфондаги TrueDepth тизими қиёфани айнан шу харита билан солиштириб кўради.

Инфра-қизил нурли камера эса юзнинг нуқтали таркибини шакллантиради ва олинган маълумотлар асосида юзнинг нуқтали кўринишини инфра-қизил спектрда, яъни "виртуал тўр" шаклида тайёрлайди. Бу сурат эса A11 Bionic процессорига ўрнатилган Secure Enclave номли махсус модулга юборилади. Secure Enclave модулида эса фойдаланувчининг қиёфаси аввал сақлаб қўйилган харита билан солиштирилади.

Айтиш керакки, бу ерда таққослаш ўта мураккаб жараёндан иборат. A11 Bionic микропроцессорининг нейрон ядросидаги бир қисми юзнинг инфра-қизил сурати ва юз харитасининг математик гавдалантирилган шаклини қайтадан чизади. Шундан сўнг бу суратларда олинган натижа юзнинг аввал рўйхатдан ўтказилган талқини билан солиштириб кўрилади.

Инфра-қизил нур тарқатувчи қурилма эса камерага iPhone X фойдаланувчисининг юзини ҳар қандай шароитда, жумладан тунги шароитда ҳам таниш имкониятини яратади. Бу қурилма юзга йўналтирган инфра-қизил нур оқими юзга урилиб, камерага уни ҳис қилишга ёрдам беради.

Маълум қилинишича, Touch ID'ни бузиб кириш имконияти 50 мингтадан 1 уринишга тенг. Face ID орқали разблокировка қилиш имконияти 1 миллионтадан битта ҳолатни ташкил қилади. Бунда ҳам смартфон жуда ўхшаш эгизакларда адашиши мумкин. 

A11 Bionic процессори ҳамда флагман самарадорлиги

Смартфонларда илк маротаба татбиқ қилинган ва секундига 600 миллиард операцияни бажарадиган нейронли тармоқ ўтказгичларига эга энг кучли ва ақлли чип.

Apple'нинг A11 Bionic чипсети фойдаланиш учун сотила бошлаганидан буён ҳар қандай Android смартфон самарадорлик борасида унинг олдида ип эша олмайди.

Antutu бенчмаркида iPhone X натижаси 226,000 баллдан ошган. Яъни, Андроидлардан анча олдинда.

Девайсдаги тезкор хотира 3 гигабайтли, доимий хотира эса  64 ва 256 гигабайтли.

Камера имкониятлари

iPhone X'нинг бош камерасидаги 12 мегапикселли 2 та сенсорлар iPhone 8 Plus'никига ўхшаб кетади. Фақат уларнинг жойлашуви вертикал.

Бош сенсор f/1.8 диафрагмали ёруғлик линзасига эга бўлган. Телефото учун эса f/2.4 апертурали линза танланган. Бу эса ёруғлик паст шароитда ёрқин сурат олиш учун хизмат қилади. Камера қисман iPhone 8 Plus моделиники билан бир хил. Фақат кучли айфондаги телескоп объективи такомиллашган.

Бош камерадаги ҳар иккала сенсор оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган.

Тасвирни қайта ишлаш жараёнида Apple тезкор автофокус, HDR-фотолар, ранг-тусга тўйинган пикселларни ваъда қилмоқда.

"Portrait Lighting" режими

Apple'нинг "Портрет" режимига хос орқа ва ён фонни ғира-шира қилиб суратга олиш имкони билан 2016 йилда танишганмиз. iPhone X эса "Portrait Lightning" режими билан ўзига хос.

Энди суратга тушганда камералар объектларнинг ўлчамли харитасини тузади. Буни "сунъий идрок" тизими амалга оширади. Бунда камера юздаги аъзоларни яқиндан танийди ва суратда ҳам уларга зарур ёруғликни беради.

Айниқса, 4 тусли LED фоточақноғи сурат сифатли чиқиши учун жонбозлик кўрсатади.

"X" модели олд камераси портрет режимида суратга олишга мўлжалланган илк iPhone.

Қуйидаги суратларга баҳо беринг: 

Аккумулятор имкониятлари

iPhone X “қувват тоши”нинг ток сиғими 2,716 мА соат. Металл корпусдан шишага ўтишнинг бош сабаби, шубҳасизки смартфонда симсиз қуват олиш технологиясини жорий қилиш бўлган.

Apple iPhone X'даги Qi қувватлаш технологияси уни хоҳлаган русусмдаги қувватлаш станциясида зарядлаш имконини беради. Айни пайтда бу стандартда смартфонлар 30 дақиқада 50 фоиз қувватни тўлдиришлари мумкин.

Флагманни шунчаки қўйинг ва у ўзи қувват олади. iPhone X симсиз технология олами учун яратилган. Бироқ симсиз қувватлаш 7 соатгача чўзилиши мумкин.

iPhone X қуввати фаол фойдаланганда 11-12 соатга етади.

Бошқа жиҳатлар

ARkit виртуал воқелик технологияси

Ромдан холи OLED-дисплей, ҳаракатни қайда этадиган янгича акселерометр ва гироскоп, секундига 60 та кадр ўтадиган экран, илғор камера каби имкониятлар аслида виртуал воқелик технологияси учун айни муддао.

Уларнинг ёрдамида иловалар ва ўйинларга кириб виртуал буюмларни ушлаш ва уларни жойлаштириш, улар билан алоқа қилиш мумкин. 

Animojis -- кайфиятнинг акси

Шу номдаги ишланма сизнинг кайфиятингизни анимация кўринишида чатга кўчиради. Қиёфанинг харитасини чизадиган проектордан унумли фойдаланилган.

Animojis қиёфа тузилишига қараб -- табассум, жаҳл, жилмайиш, ҳайрат ёки ғазаб каби керакли эможини суҳбатдошга юборади.

Шахсий қарашлар

Флагманга хос 5 та муҳим жиҳат ...
Нисбатан ҳошиясиз саналган экраннинг жозибадорлигига гап бўлиши мумкин эмас. Олд камера ҳам янада кучли. Фойдаланувчининг виртуал қиёфасини тайёрлайдиган ANIMOJI технологияси смартфон саноати учун янгилик, кўпчилик учун қизиқарли. Экраннинг ромсизли эвазига катталашиши 5.8 дюймли смартфоннинг ихчам бўлишига хизмат қилади. FACE ID ҳозирча шубҳали бўлса ҳам, бироқ келажак технологияси.

iPhone X камчиликлари ...

Жаҳон мамлакатларида смартфоннинг 256GB талқини учун $1,600 АҚШ долларигача сўралмоқда. Яъни, бу айфон қиммат, ҳатто жуда қиммат.

TOUCH ID технологиясини сақлаб қолиш керак эди. Боиси, FACE ID айрим ҳолларда "қовун туширмоқда".

Смартфонни битта қўлда бошқариш қийин. Устига-устак унинг корпуси силлиқ ва суйри.

Хулоса

iPhone X оригинал ва ёрқин дизайни, мураккаб хавфсизлик тизими билан ўзига хос. Айниқса, унинг экранининг бир оз қайрилма ёнлари ҳашамдорликни оширади.

iPhone X – кейинги 4 йил давомида Apple тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўладиган чинакам iPhone. iPhone 6 моделидан бошлаб бир хилликдан зерикиб қолган мухлисларнинг орзусини ушалтирган бу флагман Apple муваффақиятини таъминлаб берди.

Телефоннинг кўриниши ҳашамдор, ишлаши эса тезкор, камералар имкониятлари юқори. iOS 12 операцион тизими эса имкониятларни янада оширмоқда.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 8 060 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 8 232 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 7 857 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 7 857 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!