Бировнинг iPhone X’идан ҳатто ўчириб юборилган фотосуратларни ҳам тиклаб олса бўлар экан!

  •   DiMaX
  •  656
  •  15.11.2018 11:37

Бировнинг iPhone X’идан ҳатто ўчириб юборилган фотосуратларни ҳам тиклаб олса бўлар экан!

Apple ўз мобил қурилмаларининг аппарат қисмидан ташқари дастурий таъминотини ҳам ўзи ишлаб чиқади. Гарчи корпорация уларни мустаҳкам муҳофаза этса-да, хакерлар барибир ҳимоянинг заиф жойларини топишади.

ЎҚИНГ: Хакерлар барибир Apple’дан устун келишди!

Куни кеча икки нафар «оқ» хакер – Ричард Чжу ва Амат Кама купертинолик гигантнинг бултурги юбилей суперфлагмани ҳимоясидаги «тирқиш»ни топишди. Шу орқали улар смартфон хотирасидан ўчириб юборилган суратларни «суғуриб» олишди!

Гап шундаки, iOS тизимида ўчириб ташланган файллар махсус бўлимга – Windows’даги «Корзина» сингари бир жойга тушиб, у ерда 30 кунгача сақланади. Хакерлар эса JIT-компилятордаги заифлик орқали ушбу бўлимдаги фотосуратларни «тортиб» олишга муваффақ бўлишган.

Ҳимояни бузишнинг ушбу усулини қўллаш учун iPhone X’нинг ўзини қўлга киритиш керак экан. Бироқ, «яхши» хакерларнинг айтишларича, махсус созланган роутердан фойдаланиб, ўчириб ташланган расмларни Wi-Fi орқали ҳам олиш имкони бор экан.

Хавфсизлик масаласига тегишли бўлгани боис, Ричард Чжу ва Амат Кама ҳимоядаги ушбу заифликдан қандай фойдаланишни оммага ошкор этишмаган. Табиийки, iPhone X муҳофазасидаги мазкур «туйнук» ҳақида улар Apple’га хабар беришган ва бунинг учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида рағбатлантириш пули олишган.

Эллик минг доллар – чакки эмас-а? Агар сиз ҳам қизиқсангиз ва қобилиятингиз бўлса, ўрганишга киришинг!

ЎҚИНГ: «Оқ хакерлик»ни ўрганиш учун 6 та энг яхши ресурс

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!