iPhone X энди энг бақувват смартфон эмас

  •   DiMaX
  •  2467
  •  20.09.2017 09:47

iPhone X энди энг бақувват смартфон эмас

Geekbench бенчмарки жамоаси энг илғор смартфонларнинг самарадорлик тести бўйича янги натижаларни эълон қилди. Унга кўра, энди Apple’нинг флагмани энг кучли смартфон эмас, деб ёзади iClarified нашри.

Гарчи «юбилей айфони» тестларда барча Android-смартфонларни «ер тишлатган» бўлса-да, самарадорлик борада биринчилик унга тегишли эмас экан. Аммо бу хабардан Apple ихлосмандларининг ҳафсаласи пир бўлмаса ҳам бўлади, чунки барибир «улоқ ўзларида қолди». Чунки Geekbench бенчмаркининг охирги тестларида яна шу компаниянинг бошқа модели – iPhone 8 ғолибликни қўлга киритди.

Хабарга кўра, 4,7 дюймли iPhone 8 бир ядроли тестда 4 195 балл тўплаган бўлса, унинг 5,5 дюймли Plus модели 4 128 баллни қўлга киритди. iPhone X эса, 4 028 балл билан учинчи ўриннигина эгаллай олди.

Кўп ядроли тест натижаларига назар солсак, улар қуйидагича кўриниш олган:

  • Биринчи ўрин – iPhone 8 (10 005 балл)
  • Иккинчи ўрин – iPhone 8 Plus (9 829 балл)
  • Учинчи ўрин – iPhone X (9 287 балл)

Айтиш керакки, мазкур учала смартфон ҳам илғор Apple A11 Bionic процессорида ишлайди, аммо улар дисплей сифатига кўра фарқланади. iPhone 8 моделига 4,7 дюймли, 1334х750 пикселли экран, iPhone 8 Plus’га – пикселлар сиғими 1920х1080 бўлган 5,5 дюймли дисплей ўрнатилган. iPhone X қурилмаси эса 2436х1125 пикселли, диагонали 5,8 дюймли экранга эга, бу смартфонга «юк кўпроқ тушиши» сабаби ҳам айни шунда.

Нима бўлганда ҳам, самарадорлик бўйича Apple’нинг бу учта гаджети орасидаги фарқлар назарий аҳамиятга эга. Улардаги A11 процессорини юз фоизга банд қила оладиган илова шунчаки йўқ. Шундай экан, бу борадаги асосий рақобатчи – процессор ишлаб чиқарувчи Qualcomm компаниясидан унга жавоб кутаверамиз. Дарвоқе, Android-қурилмалар ишлаб чиқарувчи смартфонсозлардан ҳам, албатта.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.