iPhone X фойдаланувчилари аллақачон нуқсонлардан шикоят қила бошлашди

  •   DiMaX
  •  3337
  •  11.11.2017 14:43

iPhone X фойдаланувчилари аллақачон нуқсонлардан шикоят қила бошлашди

Apple’нинг яқинда савдога чиқарилган «юбилей айфони» кўплаб мамлакатларда катта талаб билан сотилаётганидан хабарингиз бор. Бироқ смартфонни қўлга киритган фойдаланувчилар аллақачон ундаги камчиликдан шикоят қила бошлашган, деб ёзади Mac Rumors нашри.

Камида 20 нафар iPhone X эгаси янги смартфон экранидаги яшил чизиқдан шикоят қилган. Хабарга кўра, мазкур нуқсон айфон қадоғидан олиниб, фойдалана бошланганидан кейинги бир неча кун ичида намоён бўлмоқда. Бундай ҳолларда смартфоннинг ўзига шикаст етмаган, фақат экранига яшил рангли тўғри чизиқ тушиб қолаётир.

ЎҚИНГ: iPhone сотишдаги энг кенг тарқалган алдовлар ва уларга алданмаслик йўллари

Фойдаланувчиларнинг айтишларича, iPhone’ни ўчириб-ёқиш ҳам, ҳаттоки созламаларини тўлиқ дастлабки ҳолатига қайтариш ҳам экрандаги муаммони ҳал этишга ёрдам бермаяпти.

Маълум қилишларича, мазкур муаммо қурилманинг етказилиш партиясига ёки тарқалиш мамлакатига ҳам боғлиқ эмас. Экрандаги яшил чизиқдан нолиган фойдаланувчилар АҚШ, Канада, Польша ва Австралияда ҳам бор, дейди Mac Rumors.

Twitter фойдаланувчилардан бирининг айтишича, у мазкур муаммо юзасидан Apple қўллаб-қувватлаш марказига мурожаат этган ва компания унинг смартфонини алмаштириб берган.

ЎҚИНГ: «Юбилей айфони»даги хатони ҳам Apple расман тан олди!

iPhone X дисплейидаги муаммолар тўғрисида хабарлар 10 ноябрь кунидан тарқала бошлаганди. Ўшанда фойдаланувчилар совуқ ҳароратда смартфон экранининг сенсори тегинишларни сезмай қолаётганидан нолишган. Apple шунда айфон экранидаги муаммони тан олган ва хатоликни тузатиш учун янгиланган дастурий таъминот тақдим этишга ваъда берган.

Воқеалар ривожини биз билан кузатинг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!