iPhone X: “инқилобий айфон” ҳақида 11 факт!

iPhone X: “инқилобий айфон” ҳақида 11 факт!

Apple'нинг iPhone бренди 10 ёшга тўлиши муносабати билан корпорация "iPhone X" номи билан янги флагманни тақдим қилди. Дизайн ва янгича технологиялар масаласида iPhone X айфонлар сафига янгича "об-ҳаво" ва нарх-наво олиб келган смартфон бўлди. Қуйида ана шу жиҳатларга оид 11 маълумотни сиз учун тайёрладик. 

1) Бу модел "IPHONE 10" деб ўқилади

Модел номидаги "X" белгиси ҳарф эмас, римча рақамни англатади.

Янги iPhone расман "iPhone 10" деб айтилади. "X" белгиси эса бу номга ҳашам бағишлаб турибди.

2) Олд панел -- деярли тўлиқ шиша

Смартфонлар турган-битгани шишага айланаётган даврга кириб келдик. iPhone Х ҳам экран ёнидаги ром ва ҳошиядан холи бўлган.

5.8 дюймли дисплей смартфоннинг олд панелини эгаллаб олган. Дисплейнинг силлиқ қайрилма ёнлари тўғи бориб пўлатдан тайёрланган синчга жойлашгани боис, корпус ўзидан сув ўтказмайди. Экран юқорисида қолдирилган жажжи ҳудудда карнай ва сенсорлар ўрнашган.

Пишиқ шиша олд ва орқа корпусга қопланган. Apple бу кадар пишиқ 7 қаватли ҳимоя шишаси ҳали бирор смартфонда фойдаланилмаганини айтди.

3) HDR технологияси!

2436 x 1125 пиксел сиғимли экранга эга iPhone X'ни Apple "Super Retina" Oled дисплейга эга жаҳондаги илк гаджет деб атади. Ҳар дюймдаги пикселлар миқдори 458 тани ташкил қилади. Натижада, пикселларнинг донадорлиги билан боғлиқ муаммо кузатилмайди.

Юбилей айфонида Apple'нинг "3D" зарб ва "True Tone" технологиялари татбиқ қилинган. iPhone X экрани ташқи ёруғлик даражасига қараб тасвир ранг-тусини ўзгартиради.

OLED экран ўз ишини қилган: сурат ва видеонинг акс этиши ғоятда ёрқин ва бетакрор.

Қолаверса, iPhone X тасвир узатишнинг HDR, HDR10 технологиясини ва Dolby Vision овоз технологиясини қўллаб-қувватлайди.

4) "TOUCH ID" ўрнини "FACE ID"га бўшатиб берди

Бош тугма энди йўқ. iPhone X тугмалардан холи бўлишга ҳаракат қилган.

TouchID ўрнига жорий қилинган FaceID технологияси олд камера ёрдамида юзни 3 ўлчамда сканер қилади. Фойдаланувчи айфонга қараши билан унинг тизими очилади.

Бунинг учун 7 мегапикселли олд камера ва инфра-қизил камера, юздаги белги ва доғларга қараб унинг харитасини тузадиган махсус проектор, шунингдек сканер қоронғуда юзни аниқроқ чизиши учун ёритгич ўзаро ҳамкорлик қилади. Экспертларнинг фикрича. бу -- ҳозирча татбиқ қилинган энг хавфсиз юз сканери бўлиши мумкин.

5) Animojis -- кайфиятнинг акси

Шу номдаги ишланма сизнинг кайфиятингизни анимация кўринишида чатга кўчиради. Қиёфанинг харитасини чизадиган проектордан унумли фойдаланилган.

Animojis қиёфа тузилишига қараб -- табассум, жаҳл, жилмайиш, ҳайрат ёки ғазаб каби керакли эможини суҳбатдошга юборади.

6) Янада илғор қўш-камера

iPhone X'нинг бош камерасидаги 12 мегапикселли 2 та сенсорлар iPhone 8 Plus'никига ўхшаб кетади. Фақат уларнинг жойлашуви вертикал.

Бош сенсор f/1.8 диафрагмали ёруғлик линзасига эга бўлган. Телефото учун эса f/2.4 апертурали линза танланган. Бу эса ёруғлик паст шароитда ёрқин сурат олиш учун хизмат қилади.

Бош камерадаги ҳар иккала сенсор оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган.

Тасвирни қайта ишлаш жараёнида Apple тезкор автофокус, HDR-фотолар, ранг-тусга тўйинган пикселларни ваъда қилмоқда.

7) "Portrait Lighting" режими

Apple'нинг "Портрет" режимига хос орқа ва ён фонни ғира-шира қилиб суратга олиш имкони билан 2016 йилда танишганмиз. iPhone X эса "Portrait Lightning" режими билан ўзига хос.

Энди суратга тушганда камералар объектларнинг ўлчамли харитасини тузади. Буни "сунъий идрок" тизими амалга оширади. Бунда камера юздаги аъзоларни яқиндан танийди ва суратда ҳам уларга зарур ёруғликни беради.

Айниқса, 4 тусли LED фоточақноғи сурат сифатли чиқиши учун жонбозлик кўрсатади.

"X" модели олд камераси портрет режимида суратга олишга мўлжалланган илк iPhone.

8) ARkit виртуал воқелик технологияси

Ромдан холи OLED-дисплей, ҳаракатни қайда этадиган янгича акселерометр ва гироскоп, секундига 60 та кадр ўтадиган экран, илғор камера каби имкониятлар аслида виртуал воқелик технологияси учун айни муддао.

Уларнинг ёрдамида иловалар ва ўйинларга кириб виртуал буюмларни ушлаш ва уларни жойлаштириш, улар билан алоқа қилиш мумкин. 


9) Симсиз қувват олиш

Металл корпусдан шишага ўтишнинг бош сабаби, шубҳасизки смартфонда симсиз қуват олиш технологиясини жорий қилиш бўлган.

Apple iPhone X'даги Qi қувватлаш технологияси уни хоҳлаган русусмдаги қувватлаш станциясида зарядлаш имконини беради. Айни пайтда бу стандартда смартфонлар 30 дақиқада 50 фоиз қувватни тўлдиришлари мумкин.

10) Ноябрда дўконларни "забт этади"

Apple iPhone X қаторидаги янги айфонлардан бир оз кеч сотувга чиқади. Унга аввалдан буюртмани 27 октябрдан расмийлаштириш мумкин. Сотувга кумуш ёки кул рангли корпусда чиқарилади.

Унинг 64 ва 256 гигабайтли доимий хотирали талқинлари ишлаб чиқарилади. Тезкор хотира сиғими эса 3 гигабайт.

Флагман 3 ноябрдан сотувга чиқарилади.

11) Apple тарихидаги энг қиммат iPhone

iPhone X 2 талқинда — 64 ГБ ва 256ГБ доимий хотирали талқинларда сотувга чиқади. Унинг нархи 999 доллардан бошланади! Энг қиммати эса $1,149 доллардан сотилади.


Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!