iPhone X кушандаси, нақ тўртта камерали “топишмоқ” смартфон – HTC U12+ тақдимот санаси маълум!

  •   DiMaX
  •  1461
  •  04.05.2018 17:48

iPhone X кушандаси, нақ тўртта камерали “топишмоқ” смартфон – HTC U12+ тақдимот санаси маълум!

HTC компанияси, ниҳоят, навбатдаги флагмани – HTC U12+ смартфонининг намойиш кунини расман айтди. Унинг Twitter’даги расмий саҳифасида эълон қилинган тизерга кўра, мазкур гаджетни жорий йилнинг 23 май санасида кўрамиз.

ЎҚИНГ: Ушбу бешовлон смартфон брендлари яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин​

Ушбу тизерда компания янги флагманининг «ички дунёси»ни ҳам кўрсатди ва бу ерда сюрпризга дуч келамиз.

«Топишмоқ» смартфон

Эълон қилинган фотосуратда HTC U12+ смартфонининг ички қисмлари ёйиб қўйилган ҳолда кўрсатилган. Унда олд камеранинг ҳам, асосий камеранинг ҳам қўшалоқ эканини – жами тўртта объективни пайқаш қийин эмас. Ундаги гибрид уячага иккита SIM-карта (ёки иккинчисининг ўрнига microSD картаси) жойлаш мумкин. Порт эса битта – замонавий USB Type-C порти.

Шу билан бирга, суратда юқорида жой олган мана бу иккита қисмнинг вазифаси номаълум:

Булар қанақадир оптик сенсорга ўхшаб кетади – эҳтимол, бу юзни таниш тизимининг аппарат қисмидир? Таъкидлаш керакки, айни дамгача бозорга тақдим этилган смартфонлар орасида фақатгина iPhone X моделида бунақа қисм мавжуд, шунингдек, «хитойча Apple» ҳам навбатдаги флагманида мазкур ечимни қўллаши кутилаётир.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 7 экрани суратлари чиқди: «ўйиқ»ли экран ва тўлақонли 3D Face юз сканери!

«Шунчаки смартфон эмас!»

HTC’нинг ўзи таъкидлашича, унинг янги қурилмаси – шунчаки хусусиятлар кўра каттароқ нарса:

Нималари маълум ўзи?

Ҳозиргача тарқалган гап-сўзларга қараганда, HTC U12+ флагмани диагоналига 6 дюймлик чўзинчоқ дисплейга эга. Унинг ишлаш самарадорлигини энг илғор Snapdragon 845 процессори ҳамда 6/8 гигабайтлик тезкор хотира таъминлаб беради.

Қуйида бу смартфоннинг «жонли» суратини кўрамиз:

Смартфоннинг асосий камераси 12+16 мегапикселлик модуллардан иборат (лекин иккинчи модули ҳам 12 мегапикселли бўлиши мумкин). Селфи-камераси бўлса 8+8 мегапикселли датчикларни ўз ичига олган. Унинг аккумулятори 3400 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиши айтилаётир.

Муҳим сана...

Хулласи калом, HTC U12+ ҳақидаги батафсил маълумотни узоғи билан 23 май куни билиб оламиз. Агарда унгача инсайдерлар «чаққонлик» қилишса – балки гаджет хусусиятлари ундан ҳам олдинроқ маълум бўлар. Бу борадаги янгиликларни биз билан бирга кузатинг.

Дарвоқе, жадал ривожланиб келаётган хитойлик смартфонсоз ҳам айни шу 23 май кунига тақдимот тадбири белгилаган. Унинг мазкур қурилмасида ҳам, HTC U12+ моделида ҳам аппарат таъминоти даражасидаги юзни таниш тизими мавжуд бўлса, iPhone X’нинг бирйўла иккита рақиби шу куни дунё юзини кўради.

ЎҚИНГ: Xiaomi ниҳоят Mi 7 тақдимот санасини айтди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!