iPhone X муҳокама марказида: ишлаб чиқаришдаги браклар

  •   DiMaX
  •  1951
  •  09.10.2017 12:14

iPhone X муҳокама марказида: ишлаб чиқаришдаги браклар

Apple ҳозирча iPhone 8 / 8 Plus моделларини савдога чиқарди, iPhone X эса кейинроқ етказиб берила бошлайди. Шунга қарамай, «юбилей айфони» қисмларини ишлаб чиқаришда ҳам кўплаб нуқсонлар мавжудлиги ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда, деб ёзади «Яблык» сайти.

Смартфонларнинг брак модуллари ҳақида биринчилардан бўлиб машҳур россиялик техно-шарҳловчи Эльдар Муртазин ёза бошлаган. Унинг нуфузли манбаларга таянган ҳолда ўз Twitter-аккаунтида ёзишича, Apple Европадаги реклама кампаниясига ўзгартириш киритмоқчи, яна реселлерлар учун етказиб бериш буюртмаларини қайта кўриб чиқиш ниятида.

Хабарга кўра, бунинг биринчи сабаби iPhone X бутловчи қисмларида катта миқдорда браклар мавжудлиги ва ҳамкорларнинг ишлаб чиқариш қуввати етишмовчилиги билан боғлиқ. Жумладан, янги флагман учун аккумуляторлар ҳамда Face ID технологияси учун аппарат таъминотида етишмовчиликлар мавжуд.

Компаниянинг iPhone 8 ҳамда 8 Plus смартфонларида батареяларнинг шишиб кетиши ва натижада экраннинг корпусдан ажралиб қолиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида аввал ҳам ёзганмиз.

Булардан ташқари, Муртазиннинг ёзишича, янги iPhone’ларнинг батареялари ҳали ишлаб чиқариш босқичидаёқ портлаб кетиши ҳолатлари қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, купертинолик гигант бу йилги янги гаджетларидаги камчиликлар билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар туфайли ноқулай аҳволга тушиб қолаётир. Apple Watch Series 3 смарт-соатларида юзага келган нуқсон сабабли купертинолик гигант расман баёнот бериб, айбини тан олган эди. Шунингдек, iPhone 8 ҳамда 8 Plus эгалари ҳам телефонда гаплашиш чоғида динамикдан жонга тегувчи шовқин чиқаётганидан нолишган ва мазкур нуқсон дастурий таъминот билан боғлиқлигига ҳам Apple иқрор бўлган. «Юбилей айфони»даги хатони – Face ID адашиши мумкинлигини ҳам Apple расман тан олган эди. Булардан ташқари, яна бир фойдаланувчининг iPhone 8 Plus қурилмаси қувват олиш пайтида портлаб кетганидан ҳам хабарингиз бор.

Дарвоқе, iPhone 8 ҳамда 8 Plus смартфонлари пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуаси дўконларида сўмга сотилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!