iPhone X нега "харидоргир смартфонлар тахти"дан ағдарилди?

iPhone X нега

Apple флагманининг дориламон кунлари ўтган кўринади. Ана энди iPhone X смартфони ўз ўрнини Galaxy S9+ моделига бўшатиб берди. 2018 йилнинг баҳорида сотувга чиқарилган янги "қирол" айни пайтда бутун жаҳонда кўп ва хўп сотилмоқда. Бу тўғрида Counterpoint Research маркетинг тадқиқотлари компанияси маълум қилган. Тадқиқотлар шу йилнинг апрель ойига тааллуқли.

Экспертларнинг фикрларига кўра, бу смартфон бозоридаги табиий ҳодиса. iPhone X сўнгги олти ойдирки, жуда жадал суръатда сотилди. У бир неча чорак давомида Apple корпорациясининг энг яхши сотилаётган девайси бўлди. Мисол учун, биргина жорий йил апрель ойининг ўзида iPhone X жаҳон смартфон бозорида сотилган барча смартфонларнинг 2,3% ини ташкил қилган. Унинг қиммат модел экани ҳисобга олинса, бу -- ёмон натижа эмас.

Унинг афзалликлари кўп. Мисол учун, экраннинг жозибадорлиги, кучли олд камера. Фойдаланувчининг виртуал қиёфасини тайёрлайдиган ANIMOJI технологияси смартфон саноати учун янгилик, кўпчилик учун қизиқарли. Экраннинг ромсизлиги эвазига катталашиши 5.8 дюймли смартфоннинг ихчам бўлишига хизмат қилади. FACE ID ҳозирча шубҳали бўлса ҳам, бироқ келажак технологияси.

Ўқинг: iPhone X: буни ўқимай туриб, харид қилманг!

iPhone 8 Plus модели эса "акаси"дан кейинги ўринни эгаллаган. Унинг бутун дунёда сотилган жами смартфонлар орасидаги улуши 2,3%. Ундан кейинги, яъни тўртинчи ўринда эса iPhone 8 модели турибди. Бу смартфон жами сотилган мобил телефонларнинг 2,2% ини ташкил қилади. Шунга қарамасдан, Apple корпорациясининг 2017 йилга мансуб мазкур учта телефонлари яхши сотилишда Galaxy S9+ ҳамда S9 моделларидан орқада қолади. Кореялик девайсларнинг жаҳон смартфон бозоридаги улушлари 2,6% ни ташкил қилади.

Apple смартфонларининг савдосининг тушиб кетиши компания хатоси билан боғлиқ эмас. Бунинг бош сабаби. смартфонларнинг мавсумийлиги: янги флагман тақдим қилиниши билан фойдаланувчилар аввалги кучли девайсларни унутиб қўядилар. Galaxy S9 ўзидаги кучли камера технологияси, янада ёрқин экрани ва дизайни билан диққатга сазовор. Нархи ҳам нисбатан арзон. Шунга қарамасдан, Apple маҳсулотлари энг кўп сотилаётган компания сифатида қолмоқда. Унинг нақ 5 та девайси айни пайтда жаҳон бўйлаб яхши сотилмоқда.

Ўқинг: Galaxy S9/S9+ : суперфлагманларнинг сири!

Бироқ Samsung корпорациясининг етакчилик ўрни хавф остида турибди. Шу кунларда унинг айрим смартфонларида яна аккумулячтор билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Жумладан. айрим давлатларда Samsung смартфонларининг портлаши кузатилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.