iPhone X бош рақибига қарши "жанг" қилди

iPhone X бош рақибига қарши

Apple'нинг iPhone X флагманининг экрани устига қолдирилган ўйиқ ҳақида кўп маълумот бердик. Бу кертик жой кўплаб смартфон ишлаб чиқарувчиларни илҳомлантирди. Мисол учун, Huawei'нинг яқинда тақдим қилинган P20 Pro флагмани ҳам худди шундай махсус қисмга эга бўлган. P20 Pro экранининг устидаги кесиқ ҳудуд Apple'нинг смартфонидаги кесиқдан бир оз кичик. Бироқ кўзга ташланиб турибди.

Қуйида Huawei P20 Pro ҳамда унинг бош рақибини ўзаро таққослаб кўрамиз.

Дизайн: Икки хил ёндашув

Huawei компанияси P20 Pro флагманини яратишда кимдан илҳом олган деб ўйлайсиз? Бу гал буни айтиш қийин.

Экспертларнинг фикрича, Huawei шу флагманигача бирор смартфонини шахсий ғояси асосида ишлаб чиқара олгани йўқ. Бироқ P20 Pro модели iPhone X учун чинакам дуэл бўлди. Ҳам экран усти ўйиғи, экран сифатига қаратилган эътибор ва шишадан тайёрланган орқа панелдан тортиб, камера модулларигача энг яхши ва оригинал ғояга асосланилган.

Истиснолар ҳам бор, албатта. P20 Pro'нинг "тўлиқ экранли" олд панели қуйидаги виртуал ҳошия ҳамда бармоқ изи сканеридан сўнг барбод бўлган. iPhone X флагманида буларнинг ҳеч бири йўқ. Face ID тизими ёрдамида янги айфон ортиқча тугмалардан халос бўлган.

Шу билан бирга, зангламас пўлатдан ишланган жозибадор синч билан iPhone X янада ҳашамдор.

P20 Pro'нинг "ғира-шира оқшом" тусли корпусга эга талқини чиндан ҳам ўзига хос ва ҳашамдорликда ҳайратга солувчи технологик ечим бўлган.

Apple флагманида ҳошиянинг йўқлиги, олд панелда тугманинг мавжуд эмаслиги компаниянинг ўзига бўлган ишончидан дарак беради.

Экран: Жуда яқин

Экран сифати борасида ҳам бу флагманлар бир-бирига жуда ўхшаш. iPhone X экрани 5.8 дюймли, яъни бир оз кичикроқ.  Унинг пикселлар сиғими ҳам каттароқ - 2436x1125 та белги сиғади. Samsung ишлаб чиқарган OLED панел ҳам Galaxy S9 моделидаги Quad HD экран билан беллаша олади.

P20 Pro моделининг 6.1 дюймли OLED панели эса 1080p сиғимли. Унинг бўйи ҳам рақибидан бир оз новчароқ. Экран сифати жуда юқори ва ранглар ёрқин ифодаланади.

Фойдаланувчи нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, iPhone X ва P20 Pro экранининг тасвир намойишидаги фарқ у қадар юқори эмас. Бироқ, iPhone X моделининг ҳар дюймида 458 та пиксел,  P20 Pro моделининг ҳар дюймида 408 та пиксел борлигини ҳисобга олсак, америкалик смартфон бу борада ҳам ғолиб келади. Яхшилаб қаралса, iPhone X намойиш қилаётган тасвир бир оз равшан.

Ўқинг: Xiaomi расман Mi 6X суратини, маълумотларни эълон қилди

Камера: Хитойлик бир оз олдинда

Apple'нинг iPhone X флагмани яхши сурат олиш бўйича 97 балл тўплаган. Унинг 12 мегапикселли (f/1.8) + 12 мегпикселли (f/2.4) сенсорлардан иборат бош камераси 2 карралик оптик яқинлаштириш, оптик барқарорлаштириш, лазерли автофокус, фазали автофокус ҳам 4 тусли LED фоточақноқ билан таъминланган.

Huawei P20 Pro эса 109 балл билан рўйхатда мутлоқ пешқадам бўлди! DxOMark эксперталрига кўра, P20 Pro камерасининг сифати унинг "уч кўзли" бош камераси билан боғлиқ.

P20 Pro бош камераси 3 та модулдан иборат:

8 Мп сиғимли сенсор телефото вазифасини бажаради;

20 Мп сиғимли модул эса оқ-қора суратлар олади;

40 Мп сиғимли камера эса 5 карралик яқинлаштириш функциясига эга, рангли ва катталашган фокусдаги суратлар олишга мўлжалланган.

4D фокуслаш, "сунъий ақл", 4K видео, секундига 960 та кадрли секинлаштирилган видео олиши, қўш тусли LED фоточақноғи билан бу камерафон ўзига хос.

Бироқ, iPhone X олд панелидаги TrueDepth камераси билан жаҳонда энг кучли селфи олувчи смартфон ҳисобланади. Huawei'нинг 24 мегапикселли камераси ҳам чакки эмас.

Камера борасида Huawei P20 Pro яққол пешқадам.

Самарадорлик: Ер ва осмон

Бу гал iPhone X яққол лидер. Илк маротаба iPhone 8 эга бўлган Apple'нинг A11 Bionic чипсети фойдаланиш учун сотила бошлаганидан буён ҳар қандай Android смартфон самарадорлик борасида унинг олдида ип эша олмайди.

Huawei'нинг Kirin 970 процессори биринчи марта Mate 10 Pro моделида ўрнатилди. Бу чип имкониятлари ҳам фойдаланувчини мамнун қилади. Гарчи, флагман тезкор хотираси рақибиникидан 2 баробар катта, яъни 6 гигабайтли бўлса ҳам, iPhone X самарадорликда пешқадам.

Мисол учун, Antutu бенчмаркида P20 Pro 200 000 балл тўплаган бўлса, рақибининг натижаси 226,000 баллдан ошган.

 

Батарея ва қўшимча жиҳатлар

iPhone X'нинг ток сиғими 2,716 мА соат аккумулятори Android флагманига қараганда анча "ихчам". P20 Pro 4,000 мА соат сиғимли батареяга эга бўлган. Фаол фойдаланганда ҳам бу қувват билан иккинчи кунгаям етиб борса бўлади.

Бироқ, Huawei смартфони орқа панели шишадан тайёрланган бўлса ҳам симсиз қувват олиш функцияси билан таъминланган эмас. Apple бу технологияни жорий қилган.

Ҳар иккала флагман microSD бўлмачаси йўқ. Huawei 128 гигабайтли, Apple 64 ёки 256 гигабайтли доимий хотира талқинларини тақдим қилган.

Нарх ва наво. Хулоса.

Huawei P20 Pro бир қарашда iPhone X моделидан илҳом олиб яратилгандай туйилса ҳам, унинг баъзи жиҳатларидан Apple ҳам ҳайратда.

Шу билан бирга, Huawei P20 Pro нархи ҳам чакки эмас — 900 евро, яъни 1100 АҚШ доллари! Агар нисбатан арзонроғи керак бўлса, икки камерали Huawei P20 флагмани ҳам бор.

iPhone X эса 999 АҚШ долларидан бошлаб сотилади. Энг қиммати эса $1,149 доллардан сотилади.

iPhone X оригинал ва ёрқин дизайни, мураккаб хавфсизлик тизими билан ўзига хос. Айниқса, унинг экранининг бир оз қайрилма ёнлари ҳашамдорликни оширади. P20 Pro эса кучли камераси, узоққа етадиган аккумулятори билан ажралиб туради.

Ўқинг: Янги iPhone'лар муҳим жиҳатдан маҳрум бўлади

Танловни яна ўз ихтиёрингизда қолдирамиз!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!