iPhone X харидида тежамоқчи бўлганларга алдаб Android-клон сотишди

  •   DiMaX
  •  2710
  •  09.12.2017 17:12

iPhone X харидида тежамоқчи бўлганларга алдаб Android-клон сотишди

Apple’нинг суперфлагмани – iPhone X’нинг энг арзон модификациядаги варианти нархи 1000 АҚШ долларига тенг. Ҳа, ҳатто энг арзони ҳам озмунча пул турмайди, шу боис сал тежамкорроқ вариант чиқиб қолса айрим харидорлар йўқ дейишмайди. Бироқ фирибгарлар ҳам бундан фойдаланиб қолишга ҳамиша тайёр туришади.

ЎҚИНГ: Смартфон харидида чалғитиши мумкин бўлган 9 та маркетинг уйдирмаси

АҚШнинг Аризона штатида яшовчи Жесси Арнольд ҳам iPhone X харидида сал тежаш йўлларини қидириб қолди. Натижада у алданиб, юбилей айфони ўрнига Android тизимида ишловчи клонни қиммат нархга сотиб олди, деб ёзади ABC15 нашри.

Хабарда айтилишича, оилавий жуфтлик OfferUp онлайн савдо платформасида ўзларига смартфон излашган. Эр 880 долларга янги iPhone X сотилаётганлиги ҳақидаги ёзувга дуч келган. Айни шу сотувчида 27 та сотув қайди турар ва харидорлар томонидан у ҳақида фақатгина ижобий тақризлар ёзилган экан. Нарх ҳам маъқул бўлгач, улар сотувчи билан учрашишга ва смартфонни харид қилишга келишиб олишди.

ЎҚИНГ: iPhone сотишдаги энг кенг тарқалган алдовлар ва уларга алданмаслик йўллари

Юзма-юз учрашув чоғида харидорлар смартфон қадоғидаги серия рақамини текшириб кўришди – ҳаммаси жойида. Ҳисоб-китоб қилингач, хотиржам ва хурсанд ҳолда уйга қайтишди.

Аммо ҳаммаси шундан кейин – смартфонни фаоллаштиришга уринишганида маълум бўлди. У фаоллашмади, тизимни симсиз янгилашга ҳаракат қилишганида эса, унинг Android-интерфейсга эга эканлигини пайқаб қолишди!

Чув тушганини кеч билган эр-хотин сотувчи билан боғланишга ҳаракат қилишди, аммо барчаси бесамар кетди – у алоқага чиқмади. Шундай қилиб, озгина пулни тежашга уринган харидорлар кўпгина пулга “куйиб” қолишди.

Мазкур смартфоннинг ишлашини воқеа ҳақида ABC15 сайти томонидан ишланган қуйида видеолавҳада томоша қилишингиз мумкин:

Хулласи калом, онлайн савдолар масаласида ўта эҳтиёткор ва эътиборли бўлган маъқул. Бу борада фирибгарлик ҳолатларига ўзимизда ҳам дуч келинган.

ЎҚИНГ: OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз