iPhone XS флагмани AnTuTu’да шунчаки мўъжиза кўрсатди!

  •   DiMaX
  •  1841
  •  15.09.2018 11:56

iPhone XS флагмани AnTuTu’да шунчаки мўъжиза кўрсатди!

Apple корпорацияси 12 сентябрдаги тадбирида iPhone XS, ХS Max ва iPhone Хr смартфонларини ҳамда янги Apple Watch соати тақдим этилганидан хабарингиз бор. Смартфонлар билан бирга, улардаги 7 нанометрлик тех-жараёнда ишланган А12 Bionic процессори ҳам намойиш қилинди ва бенчмарклар уни муносиб баҳолашди.

ЎҚИНГ: iPhone XS ва XR: Apple’нинг янги флагманлари Geekbench бенчмаркида синаб кўрилди.

Мазкур чипсет жамланмасида тўрт ядроли график тезлатгич ҳам мавжуд бўлиб, у iPhone XS ҳамда iPhone XS Max флагманларида 4 гигабайтлик, iPhone XR моделида эса 3 гигабайтлик тезкор хотира билан ҳамкорликда ишлайди.

iPhone XS смартфони энди AnTuTu бенчмаркида ҳам текшириб кўрилди ва қойилмақом натижа намойиш этди – 363 525 балл!

AnTuTu’нинг жорий рейтингига кўра, ундаги олдинги етакчи – Xiaomi Black Shark геймерофони 293 минг очко ола билган. Яъни, купертиноликларнинг флагмани «хитойча Apple»нинг (умуман, жаҳондаги барча смартфонлар орасидаги) энг зўр смартфонидан салкам 25 фоизга устун келган!

ЎҚИНГ: ТОП-10: Дунёдаги энг тезкор Android-смартфонлар (AnTuTu талқини, 2018 йил, сентябрь)

Табиийки, бу қадар юксак натижага эришишда Apple’нинг ўз ишланмаси бўлган А12 Bionic процессоридан ташқари, айфондаги барча қисмларнинг ва дастурий таъминотнинг яхши оптималлаштирилгани катта аҳамиятга эга.

Хўш, «олмали» корпорациянинг сўнгги флагманига асосий рақиб энди ким бўлиши мумкин? Табиийки, барибир хитойликлар, фақат бошқа компания вакили. Яъни, яқин орада тақдим этилиши кутилаётган Huawei Mate 20 флагманигина тезкорлик бўйича iPhone XS’нинг ҳақиқий «кушанда»си бўла олади. Ушбу қурилма дунёдаги илк эълон қилинган 7 нанометрлик процессор – Kirin 980 базасида ишлайди.

Дарвоқе, Apple’нинг 12 сентябрдаги тақдимотидан сўнг хитойлик техногинант унинг устидан кулиб, «бирор янги нарса тақдим этмагани учун» ташаккур изҳор этган ва Huawei Mate 20 тақдимотига таклиф этган эди. Унинг бунчалик ўзига ишонишига қараганда, «жанг» қизийдиган кўринади. Воқеалар ривожини биз билан бирга кузатинг.

ЎҚИНГ: Mate 20 тақдимоти анонсида Huawei яна Apple’ни масхара қилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!