iPhone Xs Max – энг янги, тезкор, катта ва… қиммат айфон билан батафсил танишамиз!

  •   DiMaX
  •  2427
  •  24.09.2018 19:17

iPhone Xs Max – энг янги, тезкор, катта ва… қиммат айфон билан батафсил танишамиз!

Apple корпорацияси 2018 йилнинг 12 сентябрида ўзининг учта моделдаги – iPhone XS, ХS Max ва iPhone Хr смартфонларини намойиш этган. Ушбу айфонлар аллақачон дунё бўйлаб савдога чиққан ва, рақибларидан бири масхара қилганига қарамай, яхши сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Энг илғор процессор ва кучли камерага эга iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max тақдим этилди (+видео)

Ниҳоят, купертинолик корпорациянинг энг қиммат смартфони – iPhone Xs Max моделига батафсил назар ташлаш вақти келди.

Аввало, унинг номланишига эътибор беринг: Apple олдинги айфонларининг нисбатан катта ёки кучайтирилган модификацияларини уларнинг номига «Plus» қўшимчаси қўшиб номлаб келган. Ўтган йилги юбилей суперфлагмани iPhone X деб аталган бўлса, унинг бу йилги давомчиси iPhone Xs номини олди. Унинг каттароқ модификацияси номида эса Apple тарихида «Max» қўшимчаси қўлланган. Буниси энди – айфонлар «қироли»: корпуси ва экрани энг катта ўлчамли, ишлаш бўйича энг тезкор, батареяси энг сиғимдор ва... нархи ҳам энг қиммат смартфон!

ЖАМЛАНМА ЖУДАЯМ ЗЎР ЭМАС...

Apple энг етакчи, бадавлат ва илғор смартфонсозлардан бўлса-да, iPhone Xs Max жамланмасида бу сифатларига яраша иш тутмаганига гувоҳ бўламиз. Унда қулоқчин шунчаки оқ картонга ўралган. iPhone 7 моделидан бошлаб смартфон қадоғида бирга тақдим этилаётган 3,5 миллиметрлик переходник ҳам янги айфонда йўқ – уни алоҳида сотиб олишга тўғри келади.

Жамланманинг бошқа жиҳатлари эса одатдагидек: смартфоннинг ўзи, Lightning-USB кабели, қувватлаш ускунаси ва ҳужжатлар. Гарчи бултурдан бери iPhone’лар тезкор ва симсиз қувватланишни «ўрганиб» олишган бўлса-да, бу янги имкониятлардан фойдаланиш учун махсус ускуналарни ҳам алоҳида сотиб олиш керак бўлади. Лекин, агарда сизда 12 дюймлик Macbook ёки аввалги авлод Pro модели бўлса, ноутбукнинг қувватлагич мосламасидан ҳам фойдалансангиз бўлади. Фақат бунинг учун ҳам USB-C/Lightning кабелини алоҳида харид қилиш лозим – iPhone Xs Max қадоғига солинмаган.

ДИЗАЙН ВА ДИСПЛЕЙ

Бу йилги iPhone Xs моделини дизайнига кўра бултурги юбилей суперфлагманидан фарқлаш қийин. Уларнинг ўлчамлари бир хил, корпусининг орқа қопқоғида ҳам «S» ёки «Xs» ёзуви йўқ. iPhone Xs Max эса улкан ўлчами билан яққол ажралиб туради.

Бу смартфоннинг роми зангламайдиган жарроҳлик пўлатидан ишланган, орқа қопқоғи эса ҳимоя шишаси билан мустаҳкам муҳофаза этилган. Умуман, энг йирик айфоннинг (ва «укаси»нинг ҳам) корпуси IP68 стандартига кўра ҳимояланган. Яъни, улар икки метргача чуқурликдаги сув тубида ярим соат ётса ҳам шикаст етмайди.

ЎҚИНГ: Бу смартфон кўл тубида 2 ҳафта ётганидан сўнг ҳам ишлайверди!

iPhone Xs Max корпусининг ўлчамлари 143,6х70,9х7,7 миллиметрга тенг, вазни эса 208 грамм тош босади. Уни битта қўл билан бошқариш барибир қийин. Бош бармоғингиз экраннинг нариги чеккасига етади, аммо бурчакка етиб бориши мушкул. Тақдимот маросимида Apple, бу флагманларида «смартфонсозликдаги энг мустаҳкам шиша қўлланган»лигини айтганди. Агарда шуни амалда синаб кўриш ниятингиз бўлмаса, тушириб юбормаслик учун iPhone Xs Max’ни икки қўлда бошқарганингиз маъқул.

Кўриниб турибдики, iPhone Xs Max экрани яхшигина катта – диагоналига 6,5 дюйм, ахир! Смартфон корпуси олд юзасининг 84,4 фоиз қисми дисплейдан иборат. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2688х1242 пикселга тенг, пикселлар зичлиги бўлса 458 ppi’ни ташкил этади. Экран учун OLED-матрица қўлланган, унинг ёрқинлиги, рангларни тиниқ узатиб бериши аъло даражада.

ОПЕРАЦИОН ТИЗИМ ВА ПРОЦЕССОР

Apple ушбу флагманига ўзининг энг янги талқиндаги – iOS 12 операцион тизимини ўрнатган ҳолда чиқарган. Унинг ўз «аждод»идан фарқи унчалик кўп эмасдек, аммо ишлаш тезлиги анча яхши.

ЎҚИНГ: iPhone, iPad ёки iPod’га янги – iOS 12 ўзи келмаса, прошивкани юклаб олиб янгилаш учун тайёр ҳаволалар бор!

Бу йилги iPhone’ларга шунингдек, энг илғор A12 Bionic процессори ҳам ўрнатилган. Мазкур чипсетнинг ядролар сони ўзгармаган – олтита, аммо процессор 7 нанометрлик технологик жараён бўйича ишланган. Бу эса қувват тежаш самарадорлигини ҳамда гаджетнинг ишлаш тезлигини оширган.

Процессор жамланмасидаги янги нейрочипни алоҳида таъкидлаб ўтсак арзийди. У ўз «аждод»идан нақ тўққиз карра кучли! Яъни, iPhone X процессоридаги нейрочип бир сонияда 600 миллиард операция бажара олса, бу йилги A12 Bionic’ники сониясига нақ 5 триллион операцияга қодир!

Дарвоқе, айни дамда A12 Bionic – бозорга чиққан смартфонлар орасида 7 нанометрлик ягона процессор ҳисобланади. Яқин орада шундай хусусиятли Kirin 980 чипига асосланган смартфонни Huawei тақдим этади.

ЎҚИНГ: Huawei баёнот беради: унинг Kirin 980 чипи Apple A12 Bionic чипидан кучли

«Олмали» корпорация илк бора Dual SIM смартфон чиқарди – iPhone Xs ва Xs Max моделлари DSDS технологияси бўйича бир вақтнинг ўзида иккита SIM-карта билан ишлай олади. Аммо бунда биттаси одатий бўлса, иккинчиси виртуал – eSIM картаси ҳисобланади. Афсуски, бу технология кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ишламайди. Купертиноликлар Хитой бозорига кўпроқ эътибор қаратишган: у ер учун иккита «ҳақиқий» – моддий SIM-карта бўлмачасига эга iPhone Xs ва Xs Max версияларини чиқаради.

АККУМУЛЯТОРИНИ АЙТМАЙСИЗМИ!

Apple тақдимот тадбирида таъкидлаганига ишонадиган бўлсак, ўтган йилги юбилей суперфлагманидан iPhone Xs моделининг автономлиги ярим соатга ошган. Унинг «Max» версиясида эса ундан нақ бир ярим соатга ўзиб кетган.

Бироқ корпорация бу икки смартфоннинг батарея сиғимини аниқ айтмаган. Ушбу кўрсаткични кейинчалик бошқалар ошкор этишган: энг йирик айфон бўлмиш iPhone Xs Max аккумулятори ҳам энг сиғимдор – 3174 мА/соатга тенг.

Шунингдек, янги иккита флагманнинг ҳам батареяси «L» шаклида эканини таъкидлаш ўринли. Фақат iPhone Xs моделида у яхлит битта аккумулятор бўлса, катта айфонга иккита батарея жойланган.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: iPhone XS’ни очиб кўришди – ҳаммасидан ҳам аккумулятори антиқа экан!

ТЕЗКОР ВА ИЧКИ ХОТИРА, БЕНЧМАРКЛАРДАГИ НАТИЖАЛАР

Купертинолик корпорация янги флагманларига 4 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатган; iPhone X моделида эса бу кўрсаткич 3 гигабайтни ташкил этар эди. Табиийки, смартфоннинг ишлаш самарадорлигини таъминлашда бунинг аҳамияти катта.

Мана, GeekBench 4 ҳамда AnTuTu сервисларида iPhone Xs Max кўрсатган натижага назар соламиз:

Синтетик тестлардан ташқари, iPhone Xs Max’нинг амалдаги тезкорлигини кўрмоқчи бўлсангиз, қуйидаги мақоламизга назар солишингиз мумкин:

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: iPhone XS Max ва Galaxy Note 9 тезкорлигини таққослаймиз!

Доимий хотира масаласига келсак, 64 ва 256 гигабайтлик версияларга бу гал учинчи – 512 гигабайтлик талқин ҳам қўшилган. Анъанага кўра, купертинолик корпорация ўз смартфонларида хотира картаси учун жой ажратмаган.

КАМЕРА ИМКОНИЯТЛАРИ

Apple ушбу флагманларнинг тақдимотида iPhone Xs моделларининг камерасига кўпроқ эътибор қаратди. Худди ўтган йилги суперфлагмандаги каби, уларда ҳам иккита 12 мегапикселли сенсор қўлланган. Улардан бири f/2.4 апертуради телеобъектив бўлса, иккинчиси кенг бурчакли, f/1.8 диафрагмали датчикдир. Аммо камеранинг умумий кучи ўтган йилгисидан анча кучайган. Содда қилиб айтганда, унинг пикселларига кўпроқ ёруғлик тушади ва бунинг натижасида расмлар янада сифатли чиқади. Шунингдек, у 4K сифатида видеолар олишга қодир.

Камеранинг аппарат қисмларига қўшимча тарзда, Apple унинг дастурий таъминотини ҳам кучайтирган. Жумладан, асосий ва олд камераларга татбиқ этилган Smart HDR технологияси эътиборга лойиқ. Бунда камера битта расмга олишда турли созламалар билан кўплаб суратлар олади, уларнинг ҳар биридан энг яхши чиққан бўлакларни териб олиб, битта фотосуратга бирлаштиради. Бир қарашда мураккаб ва натижаси ноаниқ чиқадигандек туюлади, аммо амалда бу жуда юксак сифатли суратларни тақдим этувчи технологиядир.

Камера сурат ва видео олишда қўшалоқ оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Унда Slow Sync функцияси, True Tone Quad‑LED фоточақноғи ҳамда сифатни йўқотмасдан тасвирни икки карра яқинлантириш имконияти мавжуд.

Мана, ёруғлик етарли бўлмаган шароитда iPhone Xs Max асосий камерасида олинган суратга мисол:

iPhone XS ҳамда iPhone XS Max моделларининг селфи-камераси ҳам бир хил: 7 метапикселли TrueDepth камералар тизими. Унинг диафрагмаси f/2.2, «Портрет» режими янада яхшиланган. Табиийки, фойдаланувчини юзидан таниб тизимни қулфдан чиқарувчи Face ID функциясига эга.

НАРХИ ВА ХУЛОСАЛАР

Ҳа, энг муҳим жойига ҳам навбат келди...

Apple бу йил 5,8 дюймлик флагмани нархини оширмади: у ҳам ўтган йилги iPhone X каби, 999 АҚШ долларидан бошланган нархларда савдога чиқди. Лекин улкан экранли iPhone Xs Max нархи ҳам шунга яраша – АҚШнинг ўзида камида 1099 доллар, Европада янада қиммат.

Ўзбекистон бозорига ҳам бу икки флагман аллақачон етиб келган ва харидорлар томонидан уларга қизиқиш катта. Жумладан, сайтимизнинг интернет-дўкони – Terashop.uz’да уларни онлайн харид қилиш имкони мавжуд. Онлайн харидингиз Тошкент шаҳридаги буюртмачиларга 12 иш соати, вилоятларга эса икки иш куни ичида етиб боради! Дўконимизда мижозлар учун қулай бўлган тўлов шакллари (нақд пул ва Payme тизимидаги электрон тўловлар)нинг барчаси жорий этилган. Шунингдек, харидингиз ҳаққини буюртма қўлингизга текканида ҳам тўлашингиз мумкин.

ЎҚИНГ: ХУШХАБАР: iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max энди Terashop.uz’да! Шу ва бошқа айфонлар нархлари билан танишинг! (2018 йил 24 сентябрь)

Хулласи калом, iPhone Xs Max – ҳозиргача чиқарилган айфонларнинг энг зўри. Фақат ўта катталиги сал ноқулай, яна нархиям...

Дарвоқе, iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max моделларини мана бу ерда ўзаро таққослаб кўришингиз мумкин.

Хулоса

9.7балл

iPhone Xs Max – ҳозиргача чиқарилган айфонларнинг энг зўри. Фақат ўта катталиги сал ноқулай, яна нархиям...

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Самарадорлик

Нарх

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz 12 859 000 сўм (64 GB grey) Сотиб олиш
Terashop.uz 12 859 000 сўм (64 GB silver) Сотиб олиш
Terashop.uz 12 859 000 сўм (64 GB gold) Сотиб олиш
Terashop.uz 14 529 000 сўм (256 GB grey) Сотиб олиш
Terashop.uz 14 529 000 сўм (256 GB gold) Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Дисплейи ажойиб
  • Кучли процессор
  • Корпус материаллари сифатли
  • Аъло даражадаги камера

 Камчилиги

  • Битта қўлда бошқаришга ноқулай
  • Қиммат
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!