iPhone ёки iPad ҳимоясини буза олсангиз, 2 миллион доллар мукофот тайёр!

  •   DiMaX
  •  982
  •  12.01.2019 14:24

iPhone ёки iPad ҳимоясини буза олсангиз, 2 миллион доллар мукофот тайёр!

Apple ўзининг мобил қурилмалари учун операцион тизимни ҳам ўзи тақдим этиши ва уларнинг мустаҳкамлиги билан фахрланиб келади. Бу фикрга қўшилган Zerodium компанияси iOS 12 тизимининг ҳимоясини бузиб кира олган кишига нақ 2 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот беришини эълон қилди.

ЎҚИНГ: iPhone ҳимоясини бузиш йўли топилди! Ундан қандай ҳимояланишни ўрганиб қўйинг! (+«жонли» видео)

Лекин бу ерда шунчаки паролни четлаб ўтиб айфонни очиш назарда тутилмаяпти. Zerodium қурилманинг файл тизимига масофадан туриб киришнинг ҳақиқатан ишлайдиган усулини топган хакергагина шунча пул беришга рози.

Хўш, бунақа антиқа саховат кўрсатаётган Zerodium қанақа компания ўзи, дейсизми? 2015 йили ўз фаолиятини бошлаган бу фирма ҳимоя «туйнук»лари брокери сифатида танилган. Содда қилиб айтганда, хакерлар бирор қурилма ҳимоясидаги «тирқиш»ни топиб, бу маълумотни Zerodium’га сотишади. Компания эса мазкур маълумотни хусусий ва давлат ташкилотларига, шу жумладан куч ишлатар тизимларга қимматроқ нархда сотади.

ЎҚИНГ: «Оқ хакерлик»ни ўрганиш учун 6 та энг яхши ресурс

Apple тақдим этаётган мобил операцион тизим эса ўзининг мустаҳкамлиги билан уларнинг эътирофига сазовор бўлган. Шу боисдан ҳам iOS 12 муҳофазасини бузиб кира олган хакерга Zerodium шунча мукофот беришини эълон қилган. Аммо асосий шарти – бунда хакерлик ҳужумининг қурбони бўлаётган (айфонни ишлатаётган) шахс иштирок этмаслиги, у бирор дастурни кўчириб олмаслиги ёки ҳавола орқали ўтмаслиги лозим. Агарда ҳимоянинг бузилиши учун қурбоннинг ўзи ҳам озгина бўлса-да бирор ишни қилиши керак бўлса, бунда Zerodium хакерга бир ярим миллион доллар беришга рози.

Дарвоқе, Zerodium операцион тизимлар ҳимояларидаги «туйнук»ларни топганлик учун мукофотлар миқдорини ўтган йилгига нисбатан икки карра оширган. Хусусан, iOS ҳамда Android-девайсларда паролни «айланиб ўтиб» қурилмани очиш аввал «атиги» 15 минг долларга нархланган бўлса, ҳозирда буни эплаган хакерга 100 минг доллар тўлашади.

Хўш, сиз ҳам операцион тизим ҳимоясидаги «тирқиш»ни топа оласизми? Унда олға!

ЎҚИНГ: Хакерликни бошлаш учун 5 та китоб

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.