iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз

  •   DiMaX
  •  4917
  •  10.03.2017 17:24

iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз

Apple’нинг янги смартфони ёки планшетини харид қилган пайтларингизда, у жуда тез ишлайди. Аммо техника барибир техника – вақт ўтиши билан айрим иловаларда маълумот янгиланмай қолаётганини, бўш жой тез камайиб кетаётганини пайқайсиз. Хўш, бунда нима қилиш керак? Кэшни тозалаш ва буни тўғри амалга ошириш лозим.

Кэшнинг вазифаси нима ўзи?

Кўплаб дастурлар кэшланган файллардан фойдаланади. Масалан, Safari сиз кирган сайтлар ҳақидаги маълумотларни сақлаб қўйиш учун кэшни ишлатади. Буни у сизнинг фойдангизни ўйлаб қилади: кейинги гал яна шу сайтга кираётганингизда, у трафигингизни тежаб, кэшдаги маълумотлардан фойдаланиб очади. Бироқ вақт ўтиши билан кэш ҳажми анча ошиб қолиши чатоқ-да.

Биргина Safari эмас, балки сиз App Store’дан олиб ўрнатган бошқа иловаларга ҳам кэш керак бўлади – улар ҳам сизнинг нималар қилганингизни кэшга ёзиб боради. Агар бирор дастурдан кўп фойдаланаётган бўлсангиз, унинг кэши ҳам ўсиб бораверади. Аксарият ҳолларда смартфон ёки планшетингизда битта эмас, кўплаб иловалардан фойдаланиб турасиз ва бунинг натижасида кэш ҳажми ўта кенгайиб кетади.

Одатда кэш файллари iOS ишини оғирлаштирмайди – ахир, уларнинг вазифаси ўзи тизимнинг янада тезроқ ишлашига кўмаклашиш-ку. Аммо улар ҳамиша жой эгаллайди ва баъзида операцион тизимнинг ҳисоблаш қувватини ҳам талаб этади, шу боис вақти-вақти билан кэшни тозалаб туриш керак.

Safari кэшини тозалаш

Тозалашни энг катта кэш сақловчи дастур – Apple Safari браузеридан бошлаймиз. Бунинг ҳечам қийин жойи йўқ – iPhone ёки iPad созламалари – «Настройки»ни очиб, қуйидагиларни бажарсангиз кифоя:

  1. Пастроққача – тахминан менюнинг ўртасигача «варақлаб» келиб, Safari созламаларини танлайсиз;
  2. Яна охирига тушиб, сайтлар маълумотлари ва тарихини тозалаш учун «Очистить историю и данные сайтов»ни босасиз;

  1. Бу ҳаракатингизни тасдиқлаш учун қизил рангдаги «Очист. историю и данные» ёзувини босасиз.

Шу билан сизнинг сайтларни кўришларингиз тарихи, cookie файллар ва бошқалар йўқотилади. Safari мутлақо «топ-тоза» бўлади – уни очганингизда фақатгина очиқ бўш варақани кўрасиз.

Иловалар кэшини тозалаш

iPhone ва iPad қурилмаларида бундай функция йўқ. Иккита вариантдан бирини танлашга тўғри келади: ё илованинг ўзини девайсдан буткул ўчириб ташлайсиз (шунда кэш ҳам ўчиб кетади), ёки дастурнинг созламаларини кавлаштириб кўрасиз – балки ишлаб чиқувчи унинг «чиқинди»ларини тозалаш учун махсус функция ҳам қўшгандир.

Умуман олганда, учинчи вариант ҳам бор – App Store’дан Battery Doctor деган иловани олиб ўрнатиш. Уни ишга туширгач эса:

  1. Экраннинг пастки қисмида «Junk» деган ёзувни топиб, уни босинг;
  2. «Clean up Cache» бандини танланг;

  1. Шунда огоҳлантирувчи ёзув чиқади: Battery Doctor сизга, нафақат кераксиз «чиқинди»ларни, балки ўйин жараёнидаги қимматли маълумотларни, браузердаги сақланган саҳифаларни ва ҳоказоларни ҳам йўқ қилиб юбориши мумкинлигини айтади. Мазкур илова яратувчилари, фақатгина дискда чиндан ҳам жой кам қолганида ушбу функциядан фойдаланишни тавсия этишади. Шунингдек, маълумотларнинг захира нусхасини яратиб сақлаб қўйиш ҳам зарар қилмайди. Агар бу айтилганларга қарамасдан, тозалашни амалга оширмоқчи бўлсангиз – бунинг учун «Clean» тугмачасини босаверинг.

iPhone ёки iPad тезкор хотирасини тозалаш

Battery Doctor иловасининг яна бир жуда фойдали функцияси бор, у «Хотира» – «Memory» деб аталади. Бу ерда смартфон/планшетнинг хотирасини анча вақтдан буён умуман ишлатилмай ётган эски дастурлардан тозалаш мумкин. Ахир, уларнинг фойдаси йўқ, фақат тезкор хотирадан жой олиб ётибди.

«Memory»ни босганингиздан кейин илованинг ўзи дарров хотиранинг қанча ҳажми банд эканини ҳисоблаб чиқади ва, агарда уни тозалаш керак бўлса, маслаҳат беради. Агарда унда «Low on memory, boost» ёзуви чиқса – иккиланмасдан яшил рангли «Boost» тугмачасини босинг. Натижасидан ҳайратга тушишингиз аниқ!

Хотирани тозалаш бўйича маслаҳатлар

  1. Бу дастурдан тез-тез фойдаланманг. Тозалашдан кейин айрим иловалар ва жараёнлар тўлиқ куч билан ишлаши учун бошқатдан юкланиши талаб этилади, бу эса процессор кучини ва батарея қувватини олиб қўяди.
  2. Мазкур функциядан «мўъжиза»лар кутманг. Хотирани тозалаш ҳамиша ҳам кутилган натижани беравермайди. Бунда қурилмангиз ўта тез ишлайдиган ва батарея қуввати кўпроқ вақтга етадиган бўлиб кетмаслиги ҳам мумкин. Бу кўрсаткичларга баъзида бошқа омиллар, масалан, операцион тизимнинг версияси ҳам сабаб бўлади.

Хўш, севимли девайсингизни ортиқча юкдан халос этишга қарор қилдингизми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.