iPhone’лар «қотили» – Nokia 8 тақдимот санаси аниқ бўлди

  •   DiMaX
  •  2555
  •  25.07.2017 18:31

iPhone’лар «қотили» – Nokia 8 тақдимот санаси аниқ бўлди

«Қирол ўлди»ми?

Илк iPhone’лар дўконларга чиқарилганидан буён ўн йилдан ошиқ вақт ўтди. Ўшандан бери Nokia телефонлар борасида биринчиликни (ҳатто иккинчилик, учинчилик ва бошқа поғоналарни ҳам) бой бериб бўлган.

Nokia компанияси вақтинча бозордн чиқиб кетишига ҳам тўғри келди, аммо орадан вақт ўтиб, яна қайтди. Қайтганда ҳам Android тизимли, асосийси – Nokia логотипли смартфонлар билан, бошини мағрур кўтарган ҳолда келди.

Хўш, иннайкейин-чи?

«Қайта туғилган» Nokia мобил қурилмаларини бозорда HMD Global Oy компанияси тақдим этадиган бўлди. Ушбу бренд остида жорий йилда еттита смартфон ишлаб чиқариши ҳам маълум қилинди.

27 февралдан 2 мартга қадар Барселонада ўтган анъанавий Жаҳон Мобиль Конгресси – MWC 2017 кўргазмасида Nokia ўзининг янги смартфонлари ва афсонавий Nokia 3310 телефони янги талқинини расман намойиш этди.

Смартфонлардан учтаси – Nokia 3, Nokia 5 ва Nokia 6 моделлари аллақачон сотувга ҳам чиқарилди. Бироқ ҳамма интизорлик билан кутаётган флагман – Nokia 8 модели, гарчи маълумотлари ва расмлари тарқалса-да, ҳануз намойиш этилмай келаётир.

«Яшасин қирол!»

То бугунги кунгача Nokia 8 флагмани тақдимоти 31 июлда бўлиб ўтиши ҳақида тахминлар тарқалаётган эди. Аммо, The Verge нашрининг ёзишича, мазкур смартфон кейинроқ – 16 август куни Лондон шаҳрида, маҳаллий вақт билан соат 7:30 да бошланадиган тадбирда намойиш қилинади.

Хабарга кўра, HMD компанияси бу тадбир ҳақида матбуот хабари тарқатмоқда. Тўғри, унда айнан Nokia 8 тақдим этилиши ҳақида эслатма йўқ, аммо таҳлилчилар шуни кутишмоқда.

У қандай бўлади?

Турли манбалардан «сизиб чиққан» маълумотлар туфайли, Nokia 8 моделининг бир қатор хусусиятлари маълум бўлиб улгурган. Ушбу флагман илғор Qualcomm Snapdragon 835 процессори асосида ишлайди. У 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ ички флеш-хотирага эга. Смартфонга 5,3 дюймли Quad HD (2560x1440 пикселли) дисплей ўрнатилади.

Nokia 8’нинг афзалликларидан бири – асосий камераси афсонавий Carl Zeiss оптикасига эга 13 мегапикселли қўшалоқ модулга эга эканлигидир. Девайс Android 7.1.1 Nougat операцион тизим версияси бошқаруви остида ишлайди.

Флагман, аммо арзон бўлади!

Гарчи ҳозирги трендга кўра ромсиз экрани бўлмаса-да, Nokia’нинг ушбу девайси iPhone ўрнини, шунингдек, Android тизимли турли флагманлар ўрнини боса оладиган даражада бўлиши кутилмоқда.

 Гап-сўзларга қараганда, унинг нархи ҳам 600 АҚШ долларидан паст бўлади. Бу эса яқин орада бозорга чиқариладиган қурилмалар – iPhone 8, iPhone 7s, Galaxy Note 8 ва Pixel 2 кабилардан бирмунча арзон таклифдир.

Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида хабардор бўлиш учун биздан узоқлашманг!