iPhone’лар ва Android-смартфонлар учун Xiaomi муҳим аксессуар яратди

  •   DiMaX
  •  2824
  •  08.07.2017 16:14

iPhone’лар ва Android-смартфонлар учун Xiaomi муҳим аксессуар яратди

Хабарингиз бор – аудио-қулоқчинларга мўлжалланган анъанавий 3,5 миллиметрлик тирқишдан биринчи бўлиб Apple воз кечди – iPhone 7’да бунақа порт йўқ. Энди бора-бора бошқалар ҳам қулоқчинга овоз узатиш учун Bluetooth ёки USB Type-C интерфейсларидан фойдаланишга ўтишлари тахмин қилинаётир. Масалан, Xiaomi ўзининг охирги флагмани – Mi6 моделини 3,5 миллиметрлик аудиотирқишсиз чиқарди. Симли қулоқчинларни эса смартфонга USB Type-C ёки Bluetooth орқали улашни таклиф этди. Бу қурилманинг жамланмасида USB Type-C портига 3,5 миллиметрлик қулоқчинларни уловчи адаптер ҳам бирга келади.

Бироқ янгича смартфонларга анъанавий қулоқчинларни тўғридан-тўғри улаб бўлмаслиги барибир фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдириб келаётир. Зеро, қулоқчин девайсга USB Type-C адаптер орқали уланганида ўта ноқулай ва ғалати кўринади.

Шу боисдан ҳам, куни кеча Xiaomi компанияси тақдим этган аксессуар барча турдаги смартфонлар учун муҳим аҳамиятга эга. Бу – Xiaomi Bluetooth Reciever деб номланувчи жиҳоз бўлиб, 3,5 миллиметрлик тирқиши орқали унга қулоқчин ёки колонка улаш имкони мавжуд. Унинг ўзи эса смартфонга, планшетга, ҳатто машинанинг магнитоласига Bluetooth 4.2 стандарти орқали уланиб, овозни етказиб беради. Митти аккумулятори эса битта тўлдирилганда 5 соат давомида ишлашига имкон беради. Унинг 97 мА/соат сиғимли бу батареяси microUSB орқали қувватлантирилади.


Гарчи колонкага ҳам улаш имкони бўлса-да, Xiaomi Bluetooth Reciever кўпроқ қулоқчинларга мос келади, зеро, унинг кийимга қистириб қўйиладиган илгичи ҳам мавжуд. Аксессуарнинг вазни ҳам атиги 10 граммни ташкил этади.

Хитойликлар компанияси ҳар жиҳатини ўйлаб, Xiaomi Bluetooth Receiver’ни ҳам iPhone’лар, ҳам Android-смартфонлар билан биргаликда ишлай оладиган қилиб чиқарган. Унинг нархи ҳам айтарли баланд эмас – Хитойда 99 юан бўлиб, бу 15 АҚШ долларига тўғри келади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!