IPX8 ҳимояли, S Pen'ни қўллаб-қувватловчи, экраности камерага эга Samsung Galaxy Z Fold3 тақдим қилинди

IPX8 ҳимояли, S Pen'ни қўллаб-қувватловчи, экраности камерага эга Samsung Galaxy Z Fold3 тақдим қилинди

Кутилганидек, кеча 11 август куни Samsung ўзининг Galaxy Unpacked маросимида флагман букламафон — Galaxy Z Fold3'ни тақдим қилди.

ЎҚИНГ: 5G-смартфонлар бозорида Samsung тўртинчи ўринга тушди. Ундан зўрлари кимлар?

Учинчи авлод букланувчи смартфони сувдан ҳимоянинг IPX8 даражасига эга; S Pen стилусини қўллаб-қувватлайди; чидамлилиги, дисплейи ва унумдорлиги оширилган.

Galaxy Z Fold3 7,6 дюймли Dynamic AMOLED 2X дисплейи билан жиҳозланган бўлиб, экран 120Hz адаптив янгиланиш частотасига эга. Смартфоннинг селфи камераси экран остига жойланган бўлиб, Z Fold3 экраности камерали илк Samsung смартфонига айланди.

Экрансоти камера сенсори атиги 4МП резолюцияга эга, бироқ айнан мана шу камера смартфонга ўрнатилган бошқа барча камералардан катта — 2.0µм пикселларга ва f/1.8 диафрагмасига эга. Мазкур камерадан асосан видеоқўнғироқларда фойдаланиш кўзда тутилган, чунки селфи олиш учун ташқи экранда яна битта 10МП f/2.2 камера бор. Бундан ташқари, Fold3'нинг асосий камераси билан ҳам селфи олиш мумкин.

Ташқи экранга тўхталиб ўтсак, мазкур дисплей ўлчами 6,2" бўлиб, Gorilla Glass Victus шишаси билан ҳимояланган ва 120Hz янгиланиш частотасига эга.

Смартфоннинг ишлашини 5 нанометрлик жараён устига қурилган Snapdragon 888 процессори таъминлайди. Қурилма ҳам Sub6, ҳам мм-тўлқинли 5G'ни таъминлаш учун модемдан тўлақонли фойдаланади. Тезкор хотира ҳажми 12ГБ бўлиб, бу UFS 3.1 тоифасидаги доимий хотира билан Android 11 ва One UI қобиғининг равон ишлашини кафолатлайди.

Таъбни хира қиладигани шуки, Z Fold3'нинг камера жамланмаси ўтган йилги моделдаги билан бир хил. f/1.8 диафрагмаси ва 1/1.76" сенсор ўлчамига эга 12МПлик асосий камера унчалик ҳам ёмон бўлмаса-да, 1.12µм пикселли 12МП f/2.2 ультракенг камера ва, айниқса, майда ўлчамли 1.0µм пикселлар ва атиги 2х зумга эга 12МП f/2.4 телефото камера анча эскирган. Қиёс учун, 2018 йилги Galaxy Note9 флагманига ҳам айни пиксел ҳажмига эга 12МП f/2.4 камера ўрнатилганди.

Асосий камера қўш-пикселли автофокус ва тасвирни оптик барқарорлаштириш функциясига эга. Телефото камерасида ҳам OIS бор. Афсуски, ультракенг камера ҳам автофокусга эга бўлиши ҳақидаги миш-мишлар ўзини оқламади. Ижобий томондан эса, бутун орқа панель эндиликда Gorilla Glass Victus шишаси билан қопланган. Z Fold3'нинг корпуси, шубҳасиз, Samsung'нинг энг мақтовга арзирли муваффақиятларидан. Компания қурилмани Armor Aluminium роми билан ҳам жиҳозлаган, бу эса ҳозирга қадар чиқарилган қолган алюминий ромлардан пишиқроқ эканлиги айтилмоқда. Ички дисплей устидаги ҳимоя панели ҳам кучайтирилган бўлиб, янада кўпроқ таъсирга чидамли.

Samsung янги смартфонни олдинги авлод қурилмасидан енгилроқ ва ихчамроқ қилишни ҳам уддалаган. Қурилма 271 грамм тош босади. Афсуски, аккумулятор сиғими ўтган йилги 4,500 мАс дан 4,400 мАс га туширилган. Қувватлаш тезлиги эса сим орқали 25 ватт, симсиз 11 ватт ва тескаси қувватлашда эса 4,5 ватт билан чекланган.

Айтиш мумкинки, Fold3'да жорий қилинган энг катта ўзгариш смартфоннинг S Pen стилусини қўллаб-қувватлашидир. Эндиликда S Pen Pro ва янги S Pen Fold Edition ручкаларидан бирини танлашингиз мумкин. S Pen Fold Edition ручкаси айнан Fold3 учун чиқарилган бўлиб, S Pen Pro'дан бироз кичик, Bluetooth'га эга эмас, лекин у билан Air бошқарувларини амалга ошириш мумкин. Galaxy S21 Ultra каби Fold3 стилус учун махсус уяга эга эмас. Ручкани сақлаш учун махсус ғилоф сотиб олиш керак.

Samsung, шунингдек, Galaxy Fold3'нинг бир вақтнинг ўзида бир неча вазифаларни бажариш имкониятини сайқаллаган. Интерфейс такомиллаштирилган, бир неча илова ўртасида экранни бўлиш ва уларни бошқариш осонлаштирилган. Иловаларни тезкорлик билан алмаштириш учун Mini Menu ҳам мавжуд.

Galaxy Z Fold3 уч хил рангда сотувда мавжуд бўлади: Phantom Black, Phantom Green ва Phantom Silver. Қурилма 256ГБ ва 512ГБ хотира сиғимларига эга. Ўзбекистонда нархлар 19 млн 999 минг сўмдан бошланиши белгиланган. Олдиндан буюртмалар очилган, совғага бошқа Samsung қурилмалари берилади. Дунё бўйлаб сотувлар 27 августдан бошланади.

ЎҚИНГ: Samsung кутилмаганда Galaxy S21 FE суратини расмий Instagram-саҳифасига чиқарди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!