iQOO 5 ҳамда iQOO 5 Pro тақдим этилди: Vivo’нинг энг зўр ўйинбоп флагманлари!

  •   DiMaX
  •  1493
  •  18.08.2020 13:08

iQOO 5 ҳамда iQOO 5 Pro тақдим этилди: Vivo’нинг энг зўр ўйинбоп флагманлари!

Vivo компанияси кеча – 17 август куни Хитойда онлайн тақдимот маросимини ўтказди. Унда ўйинбоп қурилмаларга мослашган iQOO брендининг янги смартфонлар туркуми кенг жамоатчиликка кўрсатилди.

ЎҚИНГ: Iqoo энг арзон смартфонини намойиш этди

Янги туркумга иккита – iQOO 5 ҳамда iQOO 5 Pro геймерофонлари кирган. Уларнинг ташқи кўриниши ёзнинг бошида тақдим қилинган этилган флагманлар – Vivo X50 ҳамда Vivo X50 Pro моделларига ўхшаш, лекин хусусиятлари айнан бир хил эмас.

iQOO 5 Pro – 15 дақиқада 100 фоиз қувват олувчи флагман!

Смартфонлар билан танишувни Pro-версиядан бошлаймиз: уни икки хил ғайриоддий – Track Version ва Legendary Edition ранглардаги шиша корпусларда таклиф этишади. iQOO 5 Pro дизайнини яратишда BMW M Motorsport жамоасидан илҳомланишган. Дарвоқе, хитойликларнинг ушбу бренди жаҳон бозоридаги мазкур автомобилсознинг расмий ҳамкорига айланган.

iQOO 5 Pro диагоналига 6,56 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Томонлари ўзаро 19.8:9 нисбатли экраннинг четлари қайрилган. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2376х1080 пикселлик бўлса, кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик. Дисплейнинг максимал ёрқинлиги 1300 нитга тенг, у HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди ва бармоқ изи сканерига эга. Экраннинг юқори сап бурчагида 12 мегапикселлик селфи-камера датчиги учун тирқиш ўйилган.

Флагман корпусининг орқа томонидаги бош камера 50 + 13 + 8 мегапикселлик датчиклардан иборат. Унинг ёрдамида 8K-видео суратга олиш мумкин; яна камера 5 карралик оптик ва 60 карралик рақамли зумга ҳам эга.

iQOO 5 Pro моделининг «электрон юраги» – илғор Qualcomm Snapdragon 865 процессоридир. Смартфонни LPDDR5 стандартидаги, 8 ёки 12 гигабайтлик тезкор хотирали вариантларда харид қилиш мумкин. Доимий хотираси эса ҳар иккала ҳолатда ҳам бир хил – 256 гигабайтлик UFS 3.1 чипи.

Ушбу флагман яна Hi-Fi audio технологияли стереодинамиклари билан ҳам мақтана олади. Уни Android 10 операцион тизим талқини базасидаги iQOO UI 1.5 график қобиғи билан тақдим қилишган.

iQOO 5 Pro флагманининг 4000 мА/соатлик аккумуляторини нақ 120 ваттлик FlashCharge технологияси асосида бор-йўғи 15 дақиқада 100 фоизга тўлдириш мумкин!

ЎҚИНГ: Смартфонни атиги 15 дақиқада тўлиқ қувватловчи FlashCharge технологиясини «жонли» видеода кўрамиз!

iQOO 5 – флагман чипсетли арзон геймерофон

Янги тақдим этилган жуфтликнинг «оддийроғи» – iQOO 5 модели ҳам қиёфаси ва хусусиятлари билан Pro-версияга ўхшаш. Ташқи кўринишидаги фарқи – унинг экрани четлари қайрилма эмас, балки текис.

iQOO 5 бош камераси 50 + 13 + 13 мегапикселлик модулларни ўз ичига олган. Лекин унда перископ сенсор йўқ ва фақат 20 марталик рақамли яқинлаштирув технологияси қўлланган.

Стандарт моделда яна FlashCharge технологияси ҳам қўлланмаган – iQOO 5 «атиги» 55 ваттлик усулда тезкор қувватлана олади. Бироқ унинг батареяси Pro-версиядагига кўра сиғимдорроқ – 4500 мА/соатлик.

«Катта» моделдагидан фарқли равишда, iQOO 5 модели ички хотираси 128 гигабайтлик вариантда ҳам таклиф этилади. Бошқа барча техник жиҳатларига кўра бу икки смартфон бир хил.

Нархи-чи, нархи?

Vivo компанияси ушбу смартфонларни ўз юртида қуйидаги нархлар асосида сота бошлайди:

iQOO 5 – 8/128 ГБ — $576

iQOO 5 – 12/128 ГБ — $619

iQOO 5 – 12/256 ГБ — $662

iQOO 5 Pro – 8/256 ГБ — $720

iQOO 5 Pro – 12/256 — $792

Янги авлод iQOO флагманларининг Хитойдан бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Бешта нарх тоифасидаги энг зўр Android-смартфонлар (AnTuTu рейтинглари, 2020 йил июль)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.