iQOO 7 ҳам чиқди: Snapdragon 888 чипли иккинчи флагман Xiaomi Mi 11’дан зўр, лекин ундан арзон!

  •   DiMaX
  •  1568
  •  12.01.2021 13:19

iQOO 7 ҳам чиқди: Snapdragon 888 чипли иккинчи флагман Xiaomi Mi 11’дан зўр, лекин ундан арзон!

Vivo компанияси кеча Qualcomm процессорли энг арзон 5G-смартфон – Vivo Y31s моделини тақдим қилган. Бундан ташқари, у ўйинбоп қурилмаларга асосланган суббрендининг навбатдаги флагмани – iQOO 7 геймерофонини ҳам намойиш этди.

ЎҚИНГ: «Тахтни бўшат, Xiaomi Mi 11» – AnTuTu рекордчиси январда чиқяпти

Шундай қилиб, Vivo iQOO 7 модели Qualcomm’нинг энг кучли чипсети – Snapdragon 888 базасида ишлайдиган иккинчи смартфон бўлди. Биринчисини эса Xiaomi компаниясининг 28 декабрда чиққан гаджети – Mi 11 флагманидир.

iQOO брендининг янги геймерофони энг кучли Android-чипсетга эга смартфон бўлишдан ташқари, «Хитойча Apple»нинг янги флагманидан арзон ҳам. Шу билан бирга, айрим жиҳатларига кўра рақибидан устун келади.

iQOO 7 тезкор (LPDDR5) хотираси 8 ва 12 гигабайтлик, доимий (UFS 3.1) хотираси эса 128 ва 256 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Vivo уни диагоналига 6,62 дюймлик, бурчаклари сал думалоқланган AMOLED-дисплей билан таъминлаган. Янгиланиш частотаси 120 герцгача бўлган экраннинг юқори қисми ўртасида 16 мегапикселлик селфи-камера учун тирқиш бор.

Смартфоннинг бош камераси уч модулли бўлиб, асосий сенсор сифатида 48 мегапикселлик аниқликдаги Sony IMX598 қўлланган ва оптик барқарорлаштириш тизими жорий этилган. Иккинчи – 13 МПлик датчикка кенг бурчакли объектив бириктирилган бўлса, 13 МПлик портрет камераси 2 карралик оптик зумни қўллаб-қувватлайди.

iQOO 7 энг сўнгги – Android 11 операцион тизим талқини асосида тайёрланган (Apple дизайнери яратганOriginOS график қобиғи билан тақдим этилган. Ушбу девайснинг аудио имкониятлари ҳам зўр: Vivo уни Hi-Fi audio тизимли стереодинамиклар ва CS43131 аудиочипи билан бойитган.

iQOO 7 аккумулятори 4000 мА/соатлик ток сиғимига эга; 120 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси орқали уни 15 дақиқага ҳам етмасдан тўлиқ қувватлаш мумкин!

Таъкидлаб ўтиш керакки, Apple, Samsung ёки Xiaomi каби экологияни асраш баҳонасида зарядникни тежаб қолишни Vivo хаёлига ҳам келтирмаган. Аксинча, компания ўша – нақ 120 ваттлик қувватлагични смартфон жамланмасига қўшиб беряпти! Кабелининг узунлиги ҳам 1 эмас, балки 1,5 метрлик бу аксессуар 65 Вт PD сертификациясига эга бўлиб, ноутбукни зарядлашга ҳам қодир.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар

iQOO 7 геймерофонининг ўзига хосликларидан бири – ундаги совитиш тизимидир. Ундаги буғлантириш камераси смартфонсозлик тарихида энг катта майдонга эга: бу борада ўртача кўрсаткич 1700 мм2 бўлса, Vivo’нинг янги флагманида 4096 мм2 бирликни ташкил этган.

Мазкур смартфон 15 январдан Хитойда, уч хил (Black, Latent Blue ва Legendary BMW Edition) ранглардаги корпусларда сотувга чиқади. Унинг бошланғич конфигурациядаги – 8/128 гигабайтлик варианти 585 долларга баҳоланган – Xiaomi Mi 11’нинг шундай вариантидан деярли 20 долларга арзон. Энг юқори – 12/256 гигабайтлик хотиралиси ҳам «Хитойча Apple» флагманининг шундай хилидан пастроқ – 648 долларлик нархда олиш мумкин.

Эсингизда бўлса керак – AnTuTu бенчмаркида Xiaomi Mi 11 флагмани 745 минг баллга яқин кўрсаткич қайд этган бўлса, iQOO 7 геймерофони бу сервисда 752 935 баллик натижа билан рекорд ўрнатган эди. Лекин кўп ўтмасдан...

ЎҚИНГ: AnTuTu’да тахт талашаётган Mi 11 ва iQOO 7 флагманларини битта зарбада ағдарган янги рекордчини қарши олинг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.