«iQOO 7, тахтни бўшат!» – AnTuTu’да янги рекордчи пайдо бўлди

  •   DiMaX
  •  614
  •  24.05.2021 13:03

«iQOO 7, тахтни бўшат!» – AnTuTu’да янги рекордчи пайдо бўлди

ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси Red Magic бренди остида геймерларга мўлжалланган смартфон ва бошқа гаджетлар чиқариб келади. Жорий йил мартнинг бошида у бир нечта жиҳатдан рекордчи Red Magic 6 ҳамда Red Magic 6 Pro геймерофонлари чиқарган.

ЎҚИНГ: Машҳур «устабузармон» 2021 йилнинг синмайдиган ва букилмайдиган ягона ўйин смартфонини эълон қилди (+видео)

Мазкур ишлаб чиқарувчи энди уларнинг янги версияси – Red Magic 6R моделини тайёрлаган ва намойишидан олдин тизерларини тарқатмоқда. Шулардан бири куни кеча Weibo ижтимоий тармоғидаги Red Magic расмий саҳифасида эълон қилинган.

Унга кўра, оммабоп AnTuTu бенчмаркида Red Magic 6R смартфони 845 210 баллик натижа билан мутлақ рекорд ўрнатган:

Айтиш керакки, AnTuTu тестларида шу кунгача Vivo компаниясининг iQOO бренди тайёрлаган iQOO 7 ўйин смартфони 821 324 балл билан етакчи бўлиб келаётган эди.

ЎҚИНГ: Энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu V9 рейтинги, 2021 йил апрель)

Red Magic 6R смартфони Qualcomm компаниясининг энг кучли чипсетларидан бири – Snapdragon 888 базасида тайёрланган ва LPDDR5 тоифали тезкор хотира, UFS 3.1 стандартидаги доимий хотира чиплари билан жиҳозланган. Харидорларга уни «оперативка»си 6, 8 ва 12 гигабайтли, ички хотираси эса 128, 256 ҳамда 512 гигабайтлик вариантларда таклиф этишади.

Навбатдаги «Қирмизи жоду» ўлчами диагоналига 6,67 дюймлик, тасвир аниқлиги эса 2400х1080 пикселлик дисплейга эга. Олд камераси 16 мегапикселлик бўлса, бош камерасида тўртта модул қўлланади ва асосий сенсори 64 МПлик аниқликда.

Red Magic 6R аккумуляторининг ток сиғими 4100 мА/соатлик ва, 3C сертификациясига кўра, 55 ваттлик тезкор қувватланади. Қурилманинг корпуси ўлчамлари 163,04х75,34х8,2 миллиметрга, вазни эса 186 граммга тенг.

Android 11 операцион тизими бошқаруви остидаги Red Magic 6R телефони, табиийки, бешинчи авлод уяли алоқа стандартини ҳам қўллаб-қувватлайди. ZTE ушбу рекордчи смартфонини 27 май куни тақдим этишини расман эълон қилган.

ЎҚИНГ: Энг зўр ҳамёнбоп смартфонлар тахтига янги даъвогар! (AnTuTu рейтинги, 2021 йил апрель)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!