iQOO Neo 5 5G – флагман чипли геймерофон атиги 384 доллардан!

  •   DiMaX
  •  670
  •  17.03.2021 12:04

iQOO Neo 5 5G – флагман чипли геймерофон атиги 384 доллардан!

2021 йилнинг февраль ойида AnTuTu бенчмаркида текшириб кўрилган флагманларнинг хитойча рейтинги ва глобал рейтингини эълон қилганмиз. Уларнинг ҳар иккаласида ҳам битта – iQOO 7 модели етакчиликни қўлга киритган.

ЎҚИНГ: Энг кўп қайси смартфонларнинг қалбакилари чиқяпти? (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Энг кучли флагманнинг ижодкори – Vivo компаниясининг ўйин қурилмаларига ихтисослашган iQOO бренди ўзининг навбатдаги смартфонини намойиш этди. iQOO Neo 5 (ёки iQOO Neo 5 5G) русумли ушбу қурилма ўз нархи доирасида кучли техник жиҳатлари билан геймерлар эътиборини жалб этиши аниқ.

Смартфон диагоналига 6,62 дюймлик, AMOLED матрицали экран билан жиҳозланган ва унинг максимал ёрқинлиги 1300 нитни ташкил этади. Дисплейнинг тасвир узатиши Full HD+ форматида (2400х1080 пикселлик) бўлса, кадр янгиланиш частотаси 120 герцга тенг, сенсор қатламининг частотаси эса 1000 гарцга етади! Унга ўзига ўйин режимида кадрларнинг юқори частотасини таъминлаб турувчи, қизиб кетишнинг олдини олувчи ва қувватни тежовчи махсус Pixelworks X5 Pro чипи интеграция қилинган.

iQOO Neo 5 бош камерасидаги асосий модул 48 мегапикселлик аниқликда ва тасвирни оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Иккинчи сенсор 16 МПлик бўлиб, ўта кенг бурчакли объектив билан бириккан. Учинчи датчик эса 2 мегапикселлик бўлиб, саҳна чуқурлигини аниқлашга хизмат қилади.

Геймерофоннинг олд камераси экраннинг юқори қисми марказидаги тирқишга ўрнатилган ва 16 мегапикселлик аниқликка эга. Дарвоқе, бармоқ изи датчиги ҳам дисплейнинг ўзига жойлаштирилган.

Vivo ушбу маҳсулотини Qualcomm компаниясининг Snapdragon 870 чипсети асосида тайёрлаган. Бу процессор ҳам америкалик чипсознинг флагмани – Snapdragon 888 чипидан қолишмайди, масалан...

ЎҚИНГ: Snapdragon 870 чипли бу Xiaomi смартфони Snapdragon 888 процессорли Galaxy S21 Ultra’ни мағлуб этди! (видео)

iQOO Neo 5 смартфонида ток сиғими 4400 мА/соатлик аккумулятор қўлланган ва у 66 ваттлик тезкор қувватлана олади. Қурилма энг сўнгги – Android 11 операцион тизими устига қурилган OriginOS график қобиғи билан тақдим этилган. Унда суюқлик асосидаги совитиш тизими қўлланган – ўйинлар жараёнида бу жуда муҳим.

Хитойда ушбу смартфон қорамтир кўк, оч мовий ва зарғалдоқ рангли корпусларда, 22 мартдан савдога чиқади. Унга тезкор/ички хотираси ҳажмига кўра қуйидагича нархлар белгиланган:

8/128 гигабайтлик iQOO Neo 5 5G – 384 доллар;

8/256 гигабайтлик iQOO Neo 5 5G – 415 доллар;

12/256 гигабайтлик iQOO Neo 5 – 461 доллар.

Vivo мазкур геймерофонини ўз юртидан ташқарида сотиши ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: AnTuTu рейтинги: Ўз эгасини рози қилган ўнта Android-смартфон (2021 йил февраль)