Иш ўринларини телероботлар эгаллаб олади(ми?)
Яқинда «Идеономика» нашри иқтисодчи Ричард Болдуиннинг мақоласи таржимасини эълон қилди; унда глобаллашув оқибатида меҳнат бозорини роботлар эгаллаб олиши хусусида сўз юритилади. Қуйида мақоланинг асосий мазмунини ўгириб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Олдиндан битта тушунчага аниқлик киритиб ўтамиз: телеробот – телевизион робот эмас, балки узоқдан туриб бошқариладиган роботдир.
Товар савдосидан – технологиялар савдосига
Эндиликда ҳамма нарса эркин савдога эмас, балки мутахассислар билими савдосига асосланади. Энди мутахассислар нарсаларни яратиш билан деярли шуғулланишмайди, асосан ишлаб чиқаришни ташкил этишади. Автомобиллар аниқ битта мамлакатда ишлаб чиқарилмайди, улар ҳамма жойда яратилади – Мексикадан, Канада, Хитой ва Япониядан келтирилган қисмлардан терилади. Бу – аллақачон ҳаётимизга кириб келган ҳодиса.
Биласизми, Ford ёки Mercedes бошқа компаниялардан нимаси билан фарқ қилади – уларда мана шу глобал жараён чиндан ҳам ишлатилади. Йиғилувчи қисмларнинг аксарияти бутун дунё бўйлаб тайёрланади, аммо асосий бизнес АҚШ ва Германияда қолади, зеро, уларда автомобилсозлик учун зарур бўлган техник, бошқарув ва маркетинг технологиялари мавжуд.
Лекин энди бошқачароқ бўлади. Зеро, биз товарлар савдосидан технологиялар савдосига ёки мутахассислар билимлари савдосига ўтамиз, шу билан бирга барча иш ўринлари ҳам ўзгаради.
Товарларни бир жойдан бошқа жойга кўчириш харажатлари дунё бўйлаб икки аср аввал – мамлакатлар аро муносабатлар ва транспорт алоқалари йўлга қўйилганидан камая бошлаган. Кейинги юз йил ичида яратилган ахборот технологиялари – телефондан тортиб электрон почтагача – алоқалар харажатлари анча камайишига сабаб бўлди.
Аммо мутахассислар билимларини бир жойдан бошқа жойга кўчириш одатда мутахассиснинг ўзини кўчириш билан амалга оширилади.
Роботлар ҳаммасини ўзгартиради
Мутахассислар билимларини кўчиришдаги ўзгаришлар асосан роботлар ҳисобига амалга оширилади. Бу кўпинча илмий-фантастик фильмларда кўрсатиладиган сунъий онгга эга бўлган эмас, балки дунёнинг исталган бир бошқа бурчагида турган одам томонидан масофавий бошқарилувчи роботлар воситасида амалга оширилади. Мазкур телероботлар жуда катта миқдордаги иш ўринларини эгаллаб олади – нафақат қурувчи, фаррош ёки қўриқчи каби ишчилар ўринларини, балки юқори малакали ходимлар ўринларини ҳам.
Роботларни ҳозирда турли ишларни қилишга ўргатишади, масалан – уй юмушларини. Аммо улар ҳалигача бирор ишда бошланғич кўникмалардан нарига ўта олишгани йўқ. Бу муаммони эса роботни инсон томонидан бошқариш орқали ҳал этиш мумкин. Бунинг устига, дейлик, Европада турган роботни мутахассис Кениядан туриб бошқарса.
Масофавий иштирок
Мавжудлик, иштирок эффектини бера олувчи видеочат ишлаб чиқилиши – вақт ўтиши билан ҳал бўладиган муаммо. Cisco сингари компаниялар аллақачон виртуал учрашув хоналарини тақдим этишмоқда, ҳозирда эса голограммалар орқали мулоқот синовдан ўтказилаётир.
Кейинги йигирма йилларда ўртача ихтисосликни талаб қилувчи иш ўринлари ёпилиб бормоқда. Аммо қуйироқ ихтисосликка эга иш ўринлари, машиналар билан ишлаш зарурати туфайли сақланиб қолаверади – ахир, чангютгични ҳам кимдир суриб юриши керак-ку. Айрим ихтисосликлардаги ўринлар эса, бевосита контакт зарурати сабабли роботларга берилмай келаётир. Бироқ бунга ҳам тез орада барҳам берилади.
Эндиликда юзма-юз бўлиб реал ишлаш ўрнини бошқача ҳолат эгаллайди, буни халқаро масофавий ёки виртуал муҳожирлик, дейиш мумкин. У ривожланаётган мамлакатлардаги янада кўпроқ кишиларга жаҳон иқтисодиёти жараёнларида иштирок этиш имконини беради, яхши иш ўринлари яратади ва кўплаб инсонларнинг турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшади.
Худди шундай телеиштирок (бу ўринларда «теле-» қўшимчаси телевидениени эмас, балки масофавийликни, узоқдан туриб қатнашишни англатишини эслатиб ўтамиз) Лондондаги банкирларга дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ишлаш имконини беради. Агар талаб қилинган малакалар сизда мавжуд бўлса ҳамда бу билим ва малакаларингизни масофадан туриб ишга сола билсангиз, мутахассис сифатида сизга ҳамиша талаб бўлади. Натижада «суперюлдузлар иқтисодиёти» деб номланувчи ҳолат юзага келади.
Бу худди, Европа футбол клубларига бошқа мамлакатлардан ўйинчи ёллашга рухсат этилганида юзага келган ҳолатга ўхшайди. Яхши футболчиларнинг нархлари миллионларга кўтарилди. Энди тасаввур қилиб кўринг – янгича глобаллашув сабабли ҳар бир соҳанинг мутахассисларини шу тарзда дунёнинг бошқа бурчагида ишлашга таклиф этишса… Фақат кўпчилик соҳаларда мутахассислар иш берувчининг иш ҳудудига шахсан ўзи бориб эмас, балки у ердаги телероботни масофадан бошқариб ишлайди.
Телероботлар даври келиб қолди
Телероботлар одамларнинг иш ўринларини эгаллаши жараёни биз ўйлаганимиздан кўра тезроқ кечмоқда. Масалан, аллақачон шифокорлар юзлаб километр масофдаан туриб, робот воситасида жарроҳлик амалиётини ўтказдилар. Дарвоқе, дронлар – худди биз сўз юритаётган телероботлардир. Ёш аскарлар Аризонада ўтириб, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишмоқда.
Яқин орада қўл меҳнати соҳасида ҳам худди шундай бўлади. Швейцарияда катта йўллар бўйларидаги бориш қийин бўлган жойларда ўтларни масофадан бошқарилувчи роботлар ёрдамида ўришмоқда.
Телероботлар тарқалишига нима халақит беради?
Бу борадаги муаммоларнинг бири – интернет тармоғидаги узилишлардир. Ҳатто ярим сония узилиш ҳам муҳим роль ўйнаши мумкин. Шунингдек, бошқарув тизимларини яратиш ҳам керак – сиз, масалан, эртага Лондонда иш бошлайдиган масофавий қурувчиларни шунчаки ёллай олмайсиз.
Булардан ташқари, роботлар нархи анчагина қиммат – ҳатто бундайроқлари ҳам юз минглаб доллар туради. Аммо телероботларни оммавий тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, улар арзонлашиб, нархи ҳатто автомобилдан ҳам пастроқ бўлиши мумкин. Ўшандагина, дейлик, меҳмонхоналардаги номерларни тозалаш учун робот сотиб олса арзийдиган бўлади.
Яхши ва ёмон жиҳатлар
Табиийки, мазкур янгиланишлар дунё бўйича кўплаб камбағал мутахассислар учун айни муддао бўлади, аммо бой мамлакатлар учун – аксинча. Ахир, кўпчилик иш ўринлари йўқолади, уларда ишлаб турганлар ишсизга айланади. Ўрнига роботлар келади, худди автомобиль заводларидагидек. Фарқи – бу роботларни Африканинг чангалзорлар билан қопланган жимитдай қишлоғида ёки Океаниянинг кучук топмас бир оролида ўтирган, ўз ишини пухта биладиган мутахассис бошқаради!
Истаймизми-йўқми, бу – яқинлашиб келаётган ҳақиқат. Буни тўғри қабул қилиш ва шу шароитда кишилар азият чекмаслигини таъминлаш йўлларини излаш лозим. Аввало, иш ўринлари ҳақида эмас, балки ишчилар ҳақида қайғуриш керак. Олға юришнинг ягона йўли – глобаллашувдан бевосита зарар кўрадиган кишиларга ёрдам бериш, уларга қайта ихтисослашиш имконини яратиш даркор. Акс ҳолда, жамиятда тенгсизлик ва норозилик кучаяди.
Табиийки, айрим касбларга эҳтиёж камаяди, баъзиларида эса янги имкониятлар очилади. Бу ҳам турли эътирозларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, янгича турдаги ишчиларнинг ҳаммаси ҳам ўз ишини аъло даражада уддалай олмаслиги турган гап. Айтайлик, бирор масофавий қўриқчи қаердадир хато қилади, бу эса умуман виртуал ишчиларга қарши норозилик келтириб чиқариши эҳтимоли юқори.
Янгича глобаллашув – биз аввал кўрган ва бошдан кечирган глобаллашувга нисбатан тасодифийроқ, натижасини олдиндан кўриб бўлмайдиганроқ ва бошқариш қийинроқ ҳодиса. Биз эса мазкур жараёнда ишсиз қоладиган кишиларга етиши мумкин бўлган зарарни имкон қадар камайтиришга эришмоғимиз даркор.