Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиали ташкил этилди

  •   DiMaX
  •  3127
  •  26.09.2018 09:33

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиали ташкил этилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган эди. Шу қарор лойиҳаси тасдиқланиб, Қўқон шаҳрида мазкур университет филиали ташкил этилди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Telegram-канали орқали хабар берган.

ЎҚИНГ: Миллий IT-университетлар афғонистонлик ёшларга эшикларини очади

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида доимий яшаётган (доимий прописка қилинган) ҳамда жорий йилда ОТМларга белгиланган 5 та йўналиш бўйича ҳужжат топшириб, тест синови натижаларига кўра ўқишга кира олмаган, бироқ тўплаган баллари энг юқори баллнинг 30% дан (56,7 балл) кам бўлмаган абитуриентлар мазкур Филиалга ўқишга қабул қилинади.

Демак, университетнинг ушбу Филиалида талабаликка даъвогар абитуриент айнан қуйидаги йўналишлардан бирига ҳужжат топширган бўлиши керак:

1) Электроника ва асбобсозлик (тармоқлар бўйича) – (шифр: 5310800);

2) Электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари (тармоқлар бўйича) – (шифр: 5310700);

3) Технологик машиналар ва жиҳозлар (тармоқлар бўйича) – (шифр: 5320300);

4) Материалшунослик ва янги материаллар технологияси (тармоқлар бўйича) – (шифр: 5320100);

5) Электрон аппаратуралар ишлаб чиқариш технологияси – (шифр: 5321900).

Фақат мана шу бешта йўналишдан бирига ҳужжат топшириб, ўқишга кира олмаган фарғоналик, наманганлик ва андижонлик абитуриентларгина ТДТУнинг Қўқон филиалига киришлари мумкин.

Жами 125 та квота ажратилган, жорий йилда квоталар фақат тўлов-контракт учун очилган, грант йўқ. Агар ўқимоқчи бўлганлар 125 нафардан кўпроқни ташкил қилса, унда нима бўлади? Бундай вазиятда ўқишдан неча балл олиб йиқилганига қаралади ва каттароқ балл тўплаганларга устунлик берилади.

Давлат тест маркази шу 5 та йўналишларга ҳужжат топшириб йиқилган барча фарғоналик, наманганлик ва андижонлик абитуриентларнинг рўйхатини баллар кетма-кетлигига риоя этган ҳолда Филиалга етказади. Уёғига Филиалдагилар энг юқори баллдан бошлаб, абитуриентлар билан боғланади. Юқори балл олганлардан кимдир ўқишни рад этса, унда кейинги ўриндаги абитуриентга имконият берилади.

Филиал Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўз фаолиятини бошлайди. Коллеж ўқувчилари эса ўқишни битиргунларига қадар ўқув жараёнини Филиал биноларида давом эттиради. Яъни, бир пайтда битта бинода ҳам ОТМ талабалари, ҳам коллеж ўқувчилари ўқишади.

ЎҚИНГ: Марк Зукербергнинг Ҳарвард битирувчиларига мурожаати

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!