Исталган сайтдан ўзингиз веб-илова ясашингиз мумкин!

  •   DiMaX
  •  2445
  •  02.06.2017 11:45

Исталган сайтдан ўзингиз веб-илова ясашингиз мумкин!

Ушбу имконият Windows тизимида ишловчи планшет, ноутбук ёки компьютер соҳиблари учун қўл келади.

Microsoft компанияси Windows 10 операцион тизимини мазкур платформада ишловчи ҳар қандай қурилма, жумладан, планшетлар ва трансформер-ноутбуклар учун ҳам қулай қилишга астойдил интилган. Бироқ ягона муаммо – мазкур платформа учун иловаларнинг етарли эмаслигидир. Аммо бу масалани Google Chrome браузери ёрдамида фойдаланувчиларнинг ўзлари ҳам ҳал этишлари мумкин. Яъни, Windows операцион тизимида ишловчи иловани мазкур браузер ёрдамида сиз ўзингиз ясайсиз!

Бунинг учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш лозим:

1. Оддий илова сифатида фойдаланмоқчи бўлганингиз сервис сайтини Google Chrome’да очасиз. Масалан, Terabayt.Uz сайтини.

2. Юқори ўнг бурчакдаги асосий меню тугмачасини сичқонча билан босиб, пастга очилган менюдан қўшимча жиҳозлар, яъни «Дополнительные инструменты» бандини танлайсиз. Кейин эса ён томонида очилган рўйхатдан иш столига қўшиш функциясини англатувчи «Добавить на рабочий стол…» бандини босасиз.

3. Экранда пайдо бўлган мулоқот ойнасида бўлажак илова учун қулай, тушунарли ва ихчам ном танлайсиз. Сўнг алоҳида ойнада очишни англатувчи «Открыть в отдельном окне»га белгича қўясиз ва «Добавить»ни босасиз.

4. Иш столингизда ва Windows асосий менюсида янги илова учун ёрлиқ пайдо бўлади. Энди уни босганингизда, оддий Windows-дастурлардан умуман фарқ қилмайдиган алоҳида ойна бўлиб очилади. Истасангиз, уни тезкорликда очиш учун топшириқлар панелига маҳкамлаб қўйишингиз, шунингдек, билдиришномалар акс этишини ёқиб қўйишингиз ҳам мумкин.

Табиийки, мазкур усул YouTube, Google Maps, SoundCloud ёки  «Яндекс.Музика»нинг ҳақиқий, тўлақонли клиенти ўрнини боса олмайди. Аммо айрим ҳолларда бу усул браузердаги очилган варақа (вкладка)лар орасида мунтазам тарзда ундан-бунга ўтиб юргандан кўра осонроқ ва қулайроқ бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!