IT-Park Unbound билан ҳамкорликда FTAD ва TIP учун саралаш босқичини ўтказди!

IT-Park Unbound билан ҳамкорликда FTAD ва TIP учун саралаш босқичини ўтказди!

“FinTech Abu Dhabi” мусобақаси молиявий технологиялар соҳасига оид стартап лойиҳаларни, “TIP Summit” мусобақаси эса “Tech For Good” соҳасини қамраб олувчи HealthTech, Energy ва EnvironmentTech каби стартапларни саралаб олади. Ўзбекистондаги саралаш босқичи ғолиблари БАА пойтахти, Абу Дабида бўлиб ўтадиган якунловчи босқичга йўлланма олишади.

“FinTech Abu Dhabi” мусобақасининг якунловчи босқичида бутун дунё бўйлаб 50 стартап-жамоалари қатнашади. “TIP Summit” мусобақасида эса бундай жамоалар сони 15 тани ташкил этади. Якунловчи босқичда ўзбекистон Республикаси номидан 2 та жамоа беллашади.

Unbound вакили Игор Овчаренконинг таъкидлашича, саралаш босқичлари Қозоғистон, Грузия, Арманистон ва Озарбайжон мамлакатларида ҳам ўтказилган бўлса-да, қатнашиш учун энг юқори аризалар сони айнан Ўзбекистонда қайд этилган.

Берилган маълумотларга кўра, ушбу қатнашчилар “FinTech Abu Dhabi” мусобақасининг саралаш босқичи учун қабул қилинган: Абдулла Бутаев – Dicredit.uz, Аслан Яхтанигов – Payment Arregation Systems, Алишер Алимов – Azma Bank, Нодир Бадриддинов – Mayasoft Ltd, Аҳадбек Далимов – DigID LLC, Абдуқаххор Ташмухамедов – Green Solutions LLC. “TIP Summit”нинг саралаш босқичи учун эса ушбу иштирокчиларнинг лойиҳалари муносиб деб топилган: Нигора Акилова – FOM GROUP, Элдор Абдухамидов – Raisense, Улуғбек Каланов – Integracia, Жавохир Жўрахонов – MakeCraft, Асқар Жуманов – ЭРГ.

"FinTech Abu Dhabi" финал босқичида Ўзбекистон Республикаси номидан Нодир Бадриддинов – «Mayasoft Ltd»  жамоаси (PoS мобил алоқа терминали, барча турдаги тўлов карталаридан тўловларни исталган усулда – контакт ва контактсиз чип ёки магнит лента орқали қабул қилиш имконини беради) ва «TIP Summit» да эса- IT-Паркнинг акселерация дастури иштирокчиси бўлган Нигора Акилова «Arzon Apteka» лойиҳаси билан (Ўзбекистондаги дорихоналарда дориларнинг нархи ва мавжудлигини, дорихоналарнинг жойлашган жойи ва сонини аниқлашга ёрдам берадиган дориларни топиш хизмати) қатнашадиган бўлдилар.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ИТ-Парк Абу Дабилик ҳамкорлар билан иккита лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг бири Unbound Ташкент лойиҳаси бўлса, иккинчиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Арипов бошчилигидаги Келажак вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган mGovAward лойиҳасидир.

Эслатиб ўтамиз, ИТ-Парк – бу бизнес-инкубация, акселарация ва венчур молиялаштиришни ўзида жамлаган лойиҳадир. Шунингдек, у бозорда истиқболли стартап лойиҳаларини ишга тушириш ва ишга туширишни таъминлашга мўлжалланган объектлар, бинолар, иншоотлар ва жиҳозлар мажмуаси ҳисобланади.

* “Unbound” – бу дунё бўйлаб рақамли жамият ёрдамида янги ғояларни қўллаб-қувватловчи глобал инновацион платформа. Unboundʼнинг энг йирик ҳамкорлари қаторида Facebook, Microsoft, Netflix, Huawei, Yahoo!, Mastercard, Bayer ва бошқа дунёга машҳур компаниялари бор.

ЎҚИНГ: Ўзбекистондаги биринчи «ИТ Парк» ишга тушди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!