IT йўналишидаги университет ректори: «Танка»сиз ўқишга кириш мумкин! (+видео)

  •   DiMaX
  •  3312
  •  23.06.2021 08:47

IT йўналишидаги университет ректори: «Танка»сиз ўқишга кириш мумкин! (+видео)

Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида фаолият юритаётган олий ўқув юртларидан бири Тошкент шаҳридаги Амити университети ҳисобланади. «Xabar.uz» нашри унинг ректори Бобур АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат уюштирди ва қуйида уни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

ЎҚИНГ: «100 та фойдали илова ишлаб чиқмоқчиман» – Сардор Талъатов

Суҳбатдош ҳақида:

Бобур Сагдуллаевич АБДУЛЛАЕВ – 1988 йил 16 март куни Тошкент шаҳрида туғилган.

Тошкент ахборот технологиялари университети ва Корея Республикаси давлат хизматчиларини ўқитиш марказий институтида таҳсил олган.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

2019 йил 18 декабрдан Тошкент шаҳридаги Амити университети директори вазифасини бажарувчиси.

– «Xabar.uz» ахборот таҳлилий порталининг «110 метр баландликда» деб номланган лойиҳасига хуш келибсиз. Сиз республикамиздаги энг ёш ректорлардан ҳисобланасиз. Айтинг-чи, бу осонми?

– Осон демаган бўлар эдим, лекин қийин ҳам эмас. Қизиқ деган бўлар эдим, менимча. Шу сўз тўғри бўлади, чунки Ўзбекистонда Амити университетининг очилиши арафасида мен Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бошқарма бошлиғи сифатида ишлар эдим. Бу университетнинг лойиҳаси топширилганда бошидан қатнашганман ва ҳамма деталларидан хабардор бўлганман. Уни ривожлантириш учун ҳаракат қилганмиз. Шунинг учун ҳам мен учун жуда қизиқ. Меҳнат фаолиятим давомида жуда кўп мамлакатлардаги таълим жараёнларини кузатишга имконият бўлди. Ҳар хил давлатларда таълим йўналишида қандай ишлар амалга ошириляпти, қайси йўл кўпроқ самара беряпти, ўрганганларим ва бу малака ҳозирги иш фаолиятимда катта ёрдам беряпти. Ҳаммасидан бохабар бўлишимиз мумкин. Шунингдек, ёшга қарамасдан катта имкониятлар яратиляпти. Бу талабаларимиз билан бемалол мулоқот қилишимиз учун муҳим ҳисобланади. IT-соҳасида асосан ёш мутахассислар фаолият олиб боради. ИНҲА университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Амити университети – умуман олганда, IT соҳаси ёшлар билан қилинадиган соҳа.

Бир интервюда эсингизда бўлса, Амити битирувчилари энг нуфузли жойларда ишлайди, деб айтган эдингиз. Ҳали ҳам шу фикрдамисиз ва нима учун?

– Бунга ҳар доим интиламиз, чунки энг яхши жойларда ишлайди деганимни сабаби бор. Амити университети бу глобал бренд, бутун дунёда фаолият олиб бораётган катта муассаса. Ўзбекистонда фаолиятини бошлаганда, биз аниқ билар эдикки, бу самарали таълим бера олади. Таълимдан ташқари энг яхши корхоналар билан фикр алмашиш эко-тизимини яратиб бериш, келажакда энг яхши корхоналарда фаолият олиб бориши ёки шундай корхоналарни ўзлари ташкил этишлари учун имконият туғдиради. Кўрасиз, кейинги йил битирадиган магистрларимиздан чиқади, энг яхши компаниялар, позициялар бизнинг талабалардан чиқади.

– Албатта, буни ҳисобга олиб қўямиз. Ўтган йили олий таълим муассасаларига нечта абитуриент ҳужжат топширган ва нечтаси қабул қилинган? Бу йил ўқишга қанча талаба қабул қилмоқчисизлар?

– Ўтган йили бизда 500 та квота бор эди, аммо 340 та талаба қабул қилдик. Бу талабалар кам топширишгани учун эмас. Ўтган йили 1 ўринга 40 та абитуриент ариза топширган, лекин биз сифатни туширмаслик учун талабаларга қўйиладиган талабни кучайтирдик. Мақсад квотани тўлдириш эмас, мақсад энг яхши абитуриентларни танлаб олиш эди.

ЎҚИНГ: Дипломатия университетига кира олмаган қиз Tesla’га ишга кирди!

– Университет ўз филиалини оча оладими? Агар очса ҳам мамлакатнинг қайси ҳудудида оча олади?

– Бу университетнинг кичик сири. Ниятимиз мамлакатнинг барча вилоятларида филиалларимизни яратиш. Биз филиалларни оча оламиз. Биз ҳудудлар билан ишлашга тайёрмиз. Лекин бунда жуда кўп факторлар рол ўйнайди, яъни бизда барча ўқув жараёнлари чет тилида инглиз тилида, барча ўқитувчиларимиз чет эллик. Шуни инобатга олиб, ҳар томонлама мос келадиган ҳудуд танлаймиз. Ўрганиш жараёнида олинган маълумотлар ҳамма нарсани ҳал қилади.

– Янги йўналишдаги факультетлар, магистратура очиш ҳақида ҳам гапириб бера оласизми?

– Бизда магистратура бор: Биринчи йилдан бакалаврнинг 5 та йўналиши бўйича ва магистратуранинг IT йўналиши бўйича фаолият бошлаганмиз. Бу йил илк магистр битирувчиларимиз битиришади. Лекин келаси ўқув йилидан докторлик дессертацияси бўйича иш олиб бормоқчимиз, яъни PhD йўналишини очмоқчимиз. IT йўналишида PhD мутахассисларини тайёрлашни бошладик. Иккинчи йўналиш онлайн университет ташкил қилмоқчимиз. Бу масалаларни чуқур, атрофлича ўргандик. Пандемия даврида бу 2 та йўналиш энг қизиқ йўналишлардан ҳисобланади. Келаси йилдан бу 2 йўналишни ҳам йўлга қўямиз ва университет тўлақонли фаолиятини бошлайди.

– Мамлакатимизда IT йўналишида кадрлар тайёрлайдиган Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги ИНҲА университетидан Амити университети нимаси билан фарқланади? Улар билан рақобат майдонида сифатли кадр тайёрлашга Амитининг кучи етадими?

– Бу энг кўп такрорланадиган ва энг яхши кўрган саволим. Мен мамлакатимизда кучли университетлар фаолият бошлаётганидан, IT йўналишида кучли университетлар борлигидан жуда хурсандман. Ўйлайманки, буни рақобат дейиш, керак эмас. Олий таълим йўналишида жуда кўп қилинадиган ишларимиз бор, жуда кўп университетларни ташкил қилишимиз керак. Мактаб битирувчиларимизнинг бор-йўғи 25 фоизини ҳозир олий таълим билан қамраб оляпмиз, биз ўз-ўзидан ҳамкор сифатида ишлаймиз. ИНҲА ва Ахборот технологиялари университетлари билан бирга амалга оширадиган лойиҳаларимиз бор. Биз талабалар сонини эмас, талабалар сифатини талашамиз. 17 та мамлакатда Амити ўз фаолиятини олиб боради. Бу мамлакатларнинг ҳаммасида Амитининг дипломи ишлайди. Биз университетга ўқитиш учун фақат чет эллик мутахассисларни олиб келдик. Бу яна бир устунлигимиз. Корхоналар билан жуда яқин ишлашга интиляпмиз. Корхоналар билан жуда кўп тадбирларни, талабалар учун суҳбатларни уюштиряпмиз. Бу ҳам бир устунлик. Бу рақобатда ютишимиз мумкин-у, ютқазмаслигимиз аниқ. Университетимизда талабалар учун яна бир имконият – чет элда амалиёт ўташ ва чет элда ўқиш. 2019 йил биринчи ўқув йилидан бошлаб Дубайдаги Амити университетига талабаларимизни таклиф қилдик. 11 та талабамиз қатнашди ва Ҳиндистондаги Амити университетида 1 ҳафталик курсда қатнашишди. Ҳиндистондаги дастуримизни тўлиқ Амити университети қоплаб берди. Кейинги режамиз талабаларимизни Лондон ва Сингапур университетларига юбориш эди. Афсуски, пандемия бунга йўл бермаяпти, аммо бизда бу имкониятлар жуда кенг.

– Юқоридаги саволимизнинг мантиқий давоми сифатида сўрамоқчиман: охирги 4-5 йил давомида кўплаб халқаро университетлар ташкил этилди. Сиз ректор сифатида улар ўртасида рақобат бор, деб ўйлайсизми ва бу қандай кўринишларда намоён бўлади?

– Халқаро университетларнинг пайдо бўлиши Ўзбекистонда бу сифатни кейинги даражага олиб чиқади. Рақобат бор экан, энг яхши мутахассисларни етиштириш мақсадимиз бўлиб қолади. Келажакда талабаларимизга қараб бизга, университетларимизга баҳо беришади. Рақобатда катта устунлигимиз бор. Мамлакат Президенти Ҳиндистонга борганда ташаббус билан олиб келган университетни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жуда қаттиқ қўллаб-қувватлайди ва бизга жуда катта ёрдам беради. Келишувга асосан биноларнинг барча жиҳозларининг тақдим этилиши, корхоналар билан тўғридан-тўғри ишлаш учун имконият яратилиши Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиши жуда катта ёрдам беряпти ва Амити ўзининг глобал тарзда фаолият олиб бориши бу рақобатда устунликларимиздан ҳисобланади.

– Амитининг дипломи битирувчига қандай имкониятлар бера олади?

– Тошкент шаҳридаги Амити университетини битирган битирувчилар дипломни асосий кампусдан, Ҳиндистондан олади. Диплом дунёнинг кўпгина аккредитация ташкилотларида аккредитациядан ўтган. Бу диплом билан нуфузли университетларда магистрлик йўналишида, PhD ва бошқа йўналишларда ўқишни давом эттириш мумкин. Бундан ташқари, дунёнинг энг катта корхона брендларида ишлаш имконияти берилади, чунки таниқли университетнинг талабалари таниқли корхона учун керак бўлади. Амити 17 та энг бой мамлакатда фаолият олиб боради, булар: АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур ва бошқалар. Буларда бориб ишлаш учун тайёр аккредитациядан ўтган диплом олади. Битирувчиларимиз фақат теория орқали билим олмайди, корхоналар орқали амалиёт ўтишга, эко-тизимни яратишга имконият беряпмиз.

ЎҚИНГ: Ўқишга имтиҳонсиз кириш имконини берувчи яна бир танлов жорий этилди

– Ўзингизга яна бир имконият берилганда Амити университетида ўқирмидингиз?

– Албатта, ўқирдим. Амити Ўзбекистонда энди 2 йил мобайнида фаолиятини бошлади. Қиладиган ишларимиз жуда кўп. Биз ишимизни танқидий жиҳатдан кўриб боришимиз ва шунга интилишимиз керак.

– Агар ахборот технологиялари соҳасини танламаганингизда қайси соҳани танлаган бўлардингиз?

– Бу саволга жавоб беришим жуда қийин, чунки фаолиятимни бошлаганимдан буён шу соҳанинг ичидаман. Ёшлигимдан шу соҳани яхши кўрганман. Ҳеч ким туртки бермаган, шу соҳада ўқийсан, демаган. Бу соҳани 6 ёки 7-синфлигимда танлаганман. Агар IT-соҳасини танламаганимда спорт соҳасини танлаган бўлардим, эҳтимол. Абитуриентликда катта танловни амалга оширганман: спорт ёки ўқишни танлашимга тўғри келган. Биласиз, абитуриентликда қўшимча курслар олинади, жуда қаттиқ тайёрланилади. Шунда 8 йил шуғулланган спортимни ташлаганман. Танлашим керак эди: ё спорт билан профессионал жиҳатдан шуғулланиш ёки таълимни қаттиқ ушлаш. Мен таълимни танладим. Ўша пайтда спорт тури бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси эдим. Лекин «айти» менинг энг севимли соҳам, уни бошқа соҳа билан алмаштирмайман.

– Абитуриентларга қандай тилак билдирасиз?

– Абитуриентларга тилакмас, уларга имкониятлардан фойдаланиш керак, деган бўлардим. Ҳозирги имкониятлар бизнинг давримизда бўлганда, ўзимдан келиб чиқиб, ютуқларим бундан-да кўп бўлар эди, деб ўйлайман. Имкониятлардан фойдаланиш керак.

– Демак, «танка»сиз ўқишга кириш мумкин?

– Энг яхши мисоллардан бири ўзимман. Менда «танка» билан ўқишга кириш ёки таниш-билиш билан ишга кириш умуман бўлмаган. Мен 7 авлодли шажарамни биламан. Бизда авлодлар китоби бор. Мен ишлаётган соҳада ҳеч ким ишламаган. Бизда 7 авлод савдогарлар: бир мен бу нарсани буздим. Ўйлайманки, айниқса, ҳозир ҳаммада имконият бор. Ўзбекистоннинг очилиш жараёнида бундай имкониятлар ҳаммада бор. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Яъни, сиз ким бўлишни хоҳлайсиз, йўлингизда аниқ кета оласизми? Бояги саволингизга жавоб сифатида айтдим-ку: IT соҳасидан бошқасини тассаввур қила олмасдим. Ўша соҳани профессонал даражага олиб чиқсангиз, энг яхшиси бўлсангиз, яхши ютуқларга эришаверасиз.

Тўғрисини айтсам, соҳада ишласам ҳам, телеминорага чиққанимга анча бўлган экан. Мен ўзгаришларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Таклиф учун «Xabar.uz» ва телеминорага миннатдорлик билдираман.

ЎҚИНГ: Абитуриентлар диққатига: онлайн рўйхатдан ўтинг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!