IUT талабалари АКТ вазирлигининг стипендиясига сазовор бўлишди

  •   DiMaX
  •  768
  •  27.04.2018 18:42

IUT талабалари АКТ вазирлигининг стипендиясига сазовор бўлишди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Элбек Ҳошимжонов ҳамда Шерзодбек Тожимаҳамматовлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг стипендиясига сазовор бўлишди. Бу ҳақда университет сайти хабар бермоқда.

ЎҚИНГ:  IUT математика, физика ва инглиз тили курсларига танлов эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан имзоланган буйруқда, мазкур стипендияга сазовор бўлган талабаларнинг фанларни ўзлаштиришдаги юқори кўрсаткичлари, олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари, танловларда ташаббус кўрсатганликлари ҳамда намунали хулқлари ва интизомлари алоҳида қайд этилган.

Вазирлик стипендиясига муяссар бўлган талабалардан бири – Элбек Ҳошимжонов шундай деди:

Стипендия олганимни эшитишганда, уйимдагилар жудаям хурсанд бўлишди. Ота-онам яхши ният, катта умид билдиришиб, энди бу ишончни оқлашим кераклигини таъкидлашди. Ахир, вазирлик томонидан бериладиган стипендия катта масъулият юклайди. Мен бу ишончни оқлаш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ҳозирда Инҳа университетининг 3-курс талабасиман. Бу ютуққа мени лойиқ топганлари учун вазирлик маъмуриятига ташаккур айтиб қоламан. Бу ютуққа эришишимда катта ёрдам берган ота-онам, яқин қариндошларим ва дўстларимга раҳмат дейман. Айниқса, мактаб, лицей ва университет ўқитувчиларимдан миннатдорман. Уларнинг меҳнати ютуқларимда намоён бўляпти. Бундан кейин ўз устимда кўпроқ ишлашга, бунданда юксак марраларга эришиб, ахборот технологиялари соҳасида етук мутахассис бўлишга ҳаракат қилиб қоламан.

ЎҚИНГ: Google ва Инҳа университети АТ-мутахассисларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

– Ота-онам ҳамиша: «Яхши ўқисанг, олдингга катта мақсад қўйиб, унга интилсанг албатта эришасан», дейишади. 2012 йилда тумандаги 30-умумтаълим мактабини тамомлаб, Андижон Машинасозлик институти қошидаги 2-сон академик лицейининг аниқ фанлар йўналишида таҳсил олдим. Ўрта махсус таълимни ҳам муваффақиятли тугатганимдан сўнг, 2015 йили Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўз ҳужжатларимни топшириб, олийгоҳнинг дастлабки босқич талабасига айландим. Ҳозир курсдошларим билан профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳар бир маърузаларини катта қизиқиш билан тинглаяпмиз. Бизнинг билим олишимиз учун шундай шароитларни яратиб берган давлатимизга миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, эндиликда зиммамдаги масъулият юки янада ортади, чунки бу ишончни оқлаш учун ҳам янада ҳаракат қилиш, изланиш керак. Ўз соҳамда билимларимни янада орттириб, давлатимизнинг келажакдаги ривожига ҳисса қўшишга ваъда бераман, – деб таъкидлади Шерзодбек Тожимаҳамматов.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқишда, ижтимоий ҳаётда, илмий изланишларда муваффақиятларга эришаётган ёшлар учун махсус стипендиялар жорий этилиб, иқтидорли талабалар эътироф этилди. Ҳар бир эътироф эса инсонга катта масъулият юклайди. Инсон зиммасига юклатилган масъулиятгина уни юксак марралар сари чорлайди!

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабалари Huawei’га ишга жойлашишлари мумкин

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!