IUT ва Жаҳон банки “Digital CASA” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар

IUT ва Жаҳон банки “Digital CASA” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар

Жаҳон банки миссияси 2018 йилнинг 15 август куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Джалалов билан учрашув ўтказди, дея хабар берилмоқда университет сайтида.

Миссия таркибига рақамли технологияларда инновациялар бўйича мутахассиси Екатерина Громова ва маҳаллий АКТ мутахассиси ва Жаҳон банки маслаҳатчиси Санжар Саидходжаевлар бор эди.

Учрашув давомида халқаро молия институти вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Жанубий Корея ўқув дастурлари асосида “Компьютер ва дастурий инжиниринг” ҳамда “Логистика” йўналишларида  мутахассис тайёрлаш бўйича фаолияти билан танишдилар.

Шу билан бирга томонлар “Digital CASA” лойиҳаси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўртасида лойиҳанинг 4 компоненти доирасида ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Кутилишича, лойиҳа ўз фаолиятини Ўзбекистонда 2019 йилда бошлайди.

“Digital CASA” лойиҳасининг 4-компоненти рақамли тадбиркорлик, инсон капитали ҳамда рақамли кўникмалар ва бошқаларни ривожлантиришни назарда тутади.

“Digital CASA” - Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини ягона рақамли хабга боғлайдиган трансчегаравий телекоммуникацион тармоқни яратишга қаратилган халқаро лойиҳадир.

Бу лойиҳа денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларга Интернетдан фойдаланишни такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг транзит салоҳиятини ривожлантириши кутилмоқда. Унинг асосида - Марказий ва Жанубий Осиё - икки минтақа ўртасида оптик толали линияни бирлаштириш ғояси ётади. Дастурдан кутилаётган натижа аллақачон аниқ - вилоят аҳолиси муқобил тармоқлар орқали кенг полосали ҳамёнбоп Интернетга кириш имконига эга бўлишади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.