Жаҳон мобиль конгресси: Samsung Galaxy S7’нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Жаҳон мобиль конгресси: Samsung Galaxy S7’нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Жаҳоннинг энг йирик мобиль қурилма компанияси – Samsung  Electronics 21 февраль куни Барселонада ўзининг навбатдаги – Galaxy S сериясига мансуб Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge смартфонларининг намойишини ўтказди. Тақдимот “Чегаралардан нарида”, “Ақлли телефондан устунроқ гаджет”, “Ёруғлик, аниқлик, уйғунлик”, “Чексиз имкониятлар смартфони” каби шиорларга бой бўлди.

Смартфонларнинг ташқи дизайни металл ва шиша уйғунлигидан ташкил топган. Galaxy S7 5.1 дюймли ҳамда қайрилма соҳил диспейларига эга Galaxy S7 Edge 5.5 дюймли Quad HD AMOLED туридаги дисплейга эга.

Galaxy S7 экранининг пиксель сиғими – 2560х1440, яъни ҳар дюймда 577 та белги. Galaxy S7 Edge’да эса ҳар дюймдаги пиксель сиғими 534 та белгига тенг.

Galaxy S7 142.4 х 69.6 х 7.9 мм ва оғирлиги 152 грамм бўлса, Galaxy S7 Edge 150.9 х 72.6 х 7.7 мм ва у 157 грамм тош босади.

Ҳар икккала мобиль аппаратда ички салқинлатиш тизими мавжуд, яъни мисли қувур суюқлик ёрдамида аппаратларнинг салқинлигини таъминлайди.

Гаджетлар 4 ГБ тезкор хотира, Android 6.0.1 Marshmallow операцион тизими билан таъминланган. Galaxy S7 Snapdragon 820,  Galaxy S7 Edge Exynos 8890 процессорларига эга. Мазкур процессорлар қурилмаларнинг “аждодлари” бўлмиш S6’дан 50 %га тезроқ ишлашларини таъминлайди.

Шунингдек, смартфонларда 3000 (Galaxy S7) ҳамда 3600 (Galaxy S7 Edge) миллиампер соат электр токи қабул қилиш қувватига эга аккмулятор мавжуд. Бу қувват 13 соат мобайнида HD форматидаги файллар билан ишлашга имкон беради. Шунингдек, тезкор қувват олиш тизимида қурилмалар 10 дақиқада 50 % қувват олишади

Уларда симсиз ва тезкор қувватлаш тизимлари, сувга дош берадиган тизим, қўшимча хотира учун MicroSD бўлмаси мавжуд.

Иккала смартфон ҳам 12 МП бош ҳамда 5 МП олд камерага эга. Улардаги F1.7 линзалари ёруғлик паст муҳитда ҳам ёрқин сурат олиш имконини беради. Мобиль қурилмаларда илк маротаба фойдаланилган “Dual Pixel Sensor”, яъни қўш сенсорли пиксел технологияси ранг-тасвирнинг кескин ўзгариш маҳалида зарур бўлган тезкор автофокусни таъминлайди. Ушбу автофокус тизими ёруғлик паст жойда ҳам суратнинг юқори сифатли бўлишида муҳим ўрин эгаллайди.

Бир йил аввал эълон қилинган S6’да 16 МП.ли камерадан фойдаланилган эди. Компания вакили Samsung бу гаджетларга 30 МП камера қўйиши ҳам мумкинлиги, аммо қўш сенсорли тизим туфайли бунга ҳожат йўқлигини маълум қилди.

Қурилмада 4K Ultra HD форматидаги юқори сифатли видео тасвир ёзиб олиш мумкин. Уларда 2 мингта ўйинни жамлаган Game Launcher иловаси ҳам мавжуд бўлади.

Шунингдек, компания смартфонлар билан биргаликда виртуал воқелик камераси ҳамда виртуал воқелик дубулғасини намойиш қилди.

360 даражали бурчак остида видео ҳамда фото олиш лаёқатига эга Gear 360 виртуал воқелик камерасида олинган видеоларни YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларига юклаш ва уларни OLED технологияли Gear VR виртуал воқелик дубулғаси ёрдамида кўриш мумкин.

Gear 360 қурилмаси – шаклидан гольф коптокчасини эслатувчи қурилма. Унинг икки томонида 15 МП.ли, 180 даража бурчак остида тасвир олувчи камералари бор.

Шунингдек, компания қурилмаларнинг юқори қисмига ўрнатишга ва 200 ГБ.гача маълумот олиш имконига эга гибрид Micro SD ҳамда SIM-карта учун гибрид бўлмачани ҳам тақдим этди.

Янги смартфонлар  IP68 сертификатига эга. Яъни улар бор бўйи-басти билан 30 дақиқагача сув остида туришга дош беришлари мумкин. Улар чангга ҳам чидамли тизимга эгалар.

Шунингдек, янги гаджетларда фаол дисплей функцияси татбиқ қилинган. Унда вақт, тақвим ва турли огоҳлантиришлар, танланган иловалар мунтазам акс этиб туради. Маълум бўлишича, бу функция учун кетадиган қувват – кундалик сарфланадиган қувватнинг 1 %ини ташкил қилади.

Янги гаджетларда Samsung Pay онлайн тўлов тизими ҳам жорий қилинган. Энди уларнинг фойдаланувчилари кредит карточкаларини қурилмага улаб, тўловларни улар ёрдамида амалга оширадилар.

S7 тилла ва қора рангда, S7 Edge тилла, қора ва кумуш рангли талқинларда сотувга чиқарилади.

Ҳозирча нарх-наво масаласида аниқ бир фикр йўқ. Аммо қурилмалар нархининг 800-900 АҚШ доллари бўлиши кутилмоқда. Компаниянинг маълум қилишича, келаётган ҳафтанинг жума кунидан бошлаб Австралияда қурилмалар учун олдиндан буюртмалар олина бошлайди. 6 мартгача тўловни амалга оширган мижозларга Gear VR виртуал воқелик шлеми бепул совға қилинади.

Gartner тадқиқот марказининг маълум қилишича, 2015 йилда компаниянинг халқаро смартфон бозорида сотилган қурилмалардаги улуши 22 фоизни ташкил қилган. Бу борада натижа 2014 йилга нисбатан 2.2 фоизга пасайган.

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!