Жаҳондаги энг арзон пентакамерали смартфон чиқди, яна NFC чипиям бор! (+видео)

  •   DiMaX
  •  3595
  •  11.07.2020 10:39

Жаҳондаги энг арзон пентакамерали смартфон чиқди, яна NFC чипиям бор! (+видео)

Apple корпорацияси квадрат блокли камерага эга айфонини тақдим этишга улгурмай туриб, унга ўхшаш Cubot X20 Pro смартфони чиққан эди. Тағин, бу хитойлик компания уни атиги 200 долларга баҳолаган.

ЎҚИНГ: X — хайпожорлар. Ким iPhone X’ дан нусха кўчираяпти?

Мазкур смартфонсоз энди Cubot X30 моделини намойиш этди ва у бош камераси бешта датчикка эга бўлган смартфонлар орасида энг арзони сифатида майдонга тушяпти.

Cubot X30 диагоналига 6,4 дюймлик экранга эга, дисплейнинг тасвир аниқлиги FullHD+ форматида (1080х2310 пикселлик). Унинг «электрон юраги» сифатида MediaTek Helio P60 процессори танланган. Смартфон тезкор/ички хотира ҳажмига кўра икки хил – 6/128 ҳамда 8/256 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади.

Мазкур смартфоннинг аккумулятори 4200 мА/соатлик; бармоқ изи сканери эса корпуснинг ён қиррасида жойлашган. Арзон туркумга мансуб бўлса-да, Cubot бу моделини NFC модули билан ҳам таъминлаган.

ЎҚИНГ: Исталган Android-смартфоннинг бармоқ изи сканерига тезкор функциялар қўшамиз

Cubot X30 гаджетининг энг қизиқарли жиҳатларидан бири, табиийки, бош камерасидир. Унда асосий сенсор сифатида 48 мегапикселлик Samsung S5KGM1 модули қўлланган. Кенг бурчакли камера датчиги 16 мегапикселлик, макрокамера 5, чуқурлик сенсори – 5, бешинчи модул эса 0,3 мегапикселлик аниқликда.

Компания селфи-камера борасида ҳам зиқналик қилмаган – ромсиз экран тирқишига 32 мегапикселлик олд камера ўрнатган.

ЎҚИНГ: Android-смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшамиз

Компания ушбу маҳсулотини 27 июль куни, атиги 149 АҚШ долларидан савдога чиқаради. Қуйидаги лавҳада Cubot X30 смартфони билан батафсил танишиш мумкин:

Эслатиб ўтамиз, Cubot яқинда NFC чипига, квадрокамерага ва 128 гигабайтлик ички хотирага эга Cubot P40 моделини чиқарган. Samsung компаниясининг Galaxy S20 туркумидаги флагманларига ўхшаш дизайнли мазкур смартфонни у атиги 90 доллардан сота бошлаган эди.

ЎҚИНГ: Redmi флагмани кескин арзонлашди – нархидаги фарқининг ўзига яна битта смартфон олиш мумкин!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.