Жаҳоннинг илк “8K” сиғимли монитори сотувга чиқарилди

Жаҳоннинг илк “8K” сиғимли монитори сотувга чиқарилди

Dell компанияси 8K, яъни ётиғига 8000 пиксел сиғимли жаҳондаги илк — Dell UltraSharp UP3218 моделидаги мониторни сотувга чиқарди. Монитор бир текис ишлаганда соатига 87 Ватт миқдоридаги электр токини истеъмол қилади. Бугунги одатий мониторларда бу кўрсаткич соатига 23 Вт.ни ташкил қилади.

8K-монитор учун америкалик компьютер ишлаб чиқарувчи $5000 доллар сўраяпти. Ҳозирча Dell буюртмаларни қабул қилмоқда ва монитор апрел ўрталаридан бошлаб харидорларга етказиб берила бошлайди. Буюртма эгаларига 3 ҳафта ичида етказиб берилади.

Монитор 31,5 дюймли экран билан таъминланган. Унинг пикселлар сиғими 7680 х 4320 белгига тенг. Монитордаги ёрқинлик даражаси 400 кд/кв. м, ёруғлик ва рангларнинг кескин ўзгариш даражаси 1300:1, пикселлар ўз ёруғлиги ва рангини 6 миллисекунд ичида ўзгартиради, экрандаги тасвирлар алмашинуви частотаси секундига 60 Гц.ни ташкил қилади, мониторда тасвир 178 градус бурчаги остида узатилади.

Корпус ўта юпқа, яъни 9,7 мм бўлиб, дисплей ҳошиясидаги ром улуши ҳам жуда кам. UltraSharp UP3218K мониторида 2 та DisplayPort ва 4 та USB 3.0 портлари, шунингдек бошқарилувчи пояси (подставка) мавжуд. Мониторнинг пояси билан қўшиб ҳисоблаганда ўлчамлари: 72,1 х 21,6 х 61,7 см.

Маълум қилинишича, Adobe RGB, sRGB ва Rec.709 ранг бўшлиғида рангларнинг сифатли узатилиши 100 фоиз қамраб олинади. DCI-P3 ва Rec.2020 ранг бўшлиғида эса ранг қамрови 98% ҳамда 80%ни ташкил қилади. Dell компаниясининг айтишича, мониторда хона шароитидан келиб чиқиб, мониторнинг ранг-тасвир узатиш сифатини созлаш технологияси жорий қилинган.

Маълумот учун: Американинг Dell корпорациясига 1984 йилда Техас штатида асос солинган. Корпорация компьютер техникалари, жумладан персонал компьютерлар, ноутбук, сервер, маълумотлар сақлаш қурилмалари ишлаб чиқаришда жаҳондаги етакчилардан бири.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!