Жонсиз тана ёрдамида смартфонни блокировкадан чиқариш мумкинми?

Жонсиз тана ёрдамида смартфонни блокировкадан чиқариш мумкинми?

Хавфсизлик тизимлари бўйича экспертлар шу кунларда полиция жонсиз одам танаси ёрдамида унинг iPhone қурилмасини блокировкадан чиқара олиш ёки олмаслиги хусусида баҳсга киришиб кетганлар. Гап бу ерда Сазерленд-Спрингс черковида қирғин уюштирган Дэвид Кэйли хусусида кетмоқда.

Баъзи экспертларнинг фикрича, ўлган одамнинг бармоқ излари ёрдамида Touch ID'дан ўтиш имконсиз Боиси, бу сканер бармоқдаги юқори частотали тўлқинга ҳамда инсон танасидан ажралиб чиқадиган электр қувватига асосланади.

«Агар датчиклар тирик одамнинг бармоқ изини текширишга асосланган бўлса, жонсиз тана ёки бармоқ изларининг резина нусхаси ёрдамида телефонни "очиб" бўлмайди», – дейди биометрик сенсорлар ишлаб чиқарувчи Precise Biometrics мутахассиси Дэниел Эдланд.

Шу билан бирга, бу фикрга қарши мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Electronic Frontier Foundation адвокатларидан бири Нэйт Кардозонинг сўзларига кўра, ўлган одам танаси ёрдамида Touch ID тизимидан муваффақиятли ўтиш мумкин.

«Бу ҳолатда Touch ID'ни ечиш мумкин. Бироқ, Face ID тизимида бу имконсиз бўлса керак», – дейди эксперт.

UnifylID компанияси бош директори Жон Вэйлининг тасдиқлашича, ҳаракат қилинса ҳар иккала хавфсизлик тизимларини блокировкадан чиқариш мумкин.

«Touch ID ва Face ID тизимларини смартфон фойдаланувчисининг жонсиз танаси ёрдамида ҳам бузиб кириш мумкин. Тўғри, баъзи датчиклар тананинг жонли ёки жонсиз эканининг ҳам фарқига боради. Бироқ, уларни ҳам алдаса бўлади», – дейди Вэйли.

Шундай бўлса ҳам, бир ҳафтадирки, одамларга қарата ўқ очган жиноятчининг жасади ёрдамида унинг iPhone смартфонининг тизимига кира олишгани йўқ. Гап шундаки, фойдаланувчи айфонни 48 соат давомида ишлатмаса, смартфон автоматик равишда парол сўрайди. Айфонда Touch ID ёки Face ID тизими ўрнатилган бўлса ҳам.

Шу вақтга қадар ҳукуматга ёрдам беришни рад қилиб келган Apple компанияси бу гал АҚШ ФҚБ га ўзи мурожаат қилиб, жиноятчининг айфонидаги маълумотларни олиб беришда ёрдамлашишни таклиф қилди. Ҳозирча кейинги тафсилотлар жамоатчилик учун қоронғу.