Йил охирида жаҳонда мобил интернет фойдаланувчилари сони 4,3 млрдга етади

Йил охирида жаҳонда мобил интернет фойдаланувчилари сони 4,3 млрдга етади

Халқаро электроалоқа иттифоқи (ХЭИ) жаҳон ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) бозори бўйича янги статистик маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда 3Dnews хабар бермоқда.

Хабар беришларича, ҳозирги вақтда мобил интернетдан фойдаланув жадал тараққий этиб бормоқда. Хусусан, сўнгги беш йил ичида ҳаракатланувчи кенг полосали алоқа учун шартномалар сони йилига камида 20 фоиздан ўсиб борган. 2017 йил охирига бориб жаҳон бўйича мобил интернет фойдаланувчилари сони 4,3 миллиардга етади.

Айни вақтда, фиксация қилинган кенг полосали алоқа учун шартномалар сони сўнгги беш йилда ҳар йили 9 фоиздан ўсган бўлиб, ўсиш суръати тахминан 330 миллион шартномани ташкил этган.

Қайд этишларича, 2013-2016 йиллар оралиғида жаҳон бўйича интернетдан фойдаланиш нархлари камида икки баробар арзонлашган. Эътиборли томони, аксарият ривожланаётган мамлакатларда мобил интернет симли интернетдан нисбатан арзон.

Тадқиқотлар жаҳонда 15-24 ёш оралиғидаги ёшларнинг интернетдан фойдаланиш кўрсаткичлари ўсиб бораётганини кўрсатди. Нисбатан кам ривожланган мамлакатларда интернет фойдаланувчиларнинг 35 фоизгача бўлган қисмини 15-24 ёш оралиғидагилар ташкил этади.

Ривожланган давлатларда бу ёш тоифасидаги интернет фойдаланувчиларининг улуши 13 фоиз атрофида, жаҳон бўйича эса мазкур кўрсаткич 23 фоиздан ошмайди. Биргина Хитой ва Ҳиндистоннинг ўзида 320 миллион нафаргача ёшлар интернетдан фойдаланади.

“Ахборот-коммуникация технологиялари рақамли фарқни қисқартириб, барча учун очиқ рақамли иқтисодиётнинг вужудга келишига ёрдам бергани ҳолда, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб қолмоқда”, — дейилади ХЭИ ҳисоботида.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!