“Йирик “оперативка”ли смартфон — маркетинг алдовидир!”

“Йирик “оперативка”ли смартфон — маркетинг алдовидир!”

2016 йилда тақдим қилинган Vivo Xplay 5 Elite смартфони ўзидаги 6 гигабайтли тезкор хотираси билан кўпчиликни ҳайратда қолдирган эди. Кейинчалик Samsung, Huawei, OnePlus ва Xiaomi ҳам девайсларига шунча сиғимли тезкор хотира ўрнатишга киришиб кетди. Улардан кейин ASUS ўзининг ZenFone AR гаджетига сиғими 8 ГБ бўлган “оперативка” қўйди. Смартфонларга бу даражадаги “гигант” тезкор хотиралар қанчалар зарур? Huawei’нинг операцион тизимлар бўйича директори Лао Ши шу саволга ойдинлик киритди.

Жаноб Лао Ши ўзининг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилишича, ҳар қандай турдаги смартфоннинг самарали ишлаши учун 4 ГБ оператив хотира кифоя қилади. Лао Ши смартфон компаниялари ўртасидаги йирик тезкор хотирали смартфон ишлаб чиқариш мусобақасини “совуқ уруш” даврида АҚШ ва СССР ўртасида қуролланиш пойгасига ўхшатди.

Лао Ши экспертлар томонидан ўтказилган тест натижаларига асосланиб, 4 ГБ тезкор хотирали SoC Kirin 960 процессори билан таъминланган Huawei смартфони рақиб компанияларнинг 6 ГБ тезкор хотирали смартфонларидан яхшироқ ишлашини маълум қилган.

Экспертнинг фикрича, истиқболда жорий этиладиган мобиль технологияларни қўллаб-қувватлаш учун смартфонга 4 ГБ тезкор ҳамда 128 ГБ сиғимли флэш-хотира кифоя қилади. Huawei топ-менежери ишлаб чиқарувчилар смартфонни самарали ишлаши учун унинг техник ва дастурий платформасини мувофиқлаштиришлари кераклигини таъкидлайди. Мисол учун, Apple’нинг iOS операцион тизимининг кичик сиғимли оператив хотира билан ҳам тез ва аниқ ишлашининг бош сабаби ҳам ундаги дастурларнинг оптималлаштирилиши билан боғлиқ.

Huawei раҳбарининг айтишича, йирик хотирали телефонлар харидорни ортиқча пул тўлашга мажбур қилиш учун ўйлаб топилаётган маркетинг сиёсатидир. 6 ГБ “оперативка” – бу тамоман бемаънилик. Ваҳоланки, Huawei’да ҳам бундай хотирали смартфонлар мавжуд. Бир муддат аввал Huawei 4K сиғимли экраннинг ҳам харидорнинг “қулоғини алдайдиган чақириқ” деб айтиб, смартфонларда ундан фойдаланиш фойдасизлигини хабар қилган эди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!