«Жонли» тест видеоси: «оперативка»cи 12 гигабайтлик Galaxy Note 20 Ultra кучлими, ёки 6 гигабайтлик iPhone 12 Pro?

  •   DiMaX
  •  1927
  •  05.11.2020 14:05

«Жонли» тест видеоси: «оперативка»cи 12 гигабайтлик Galaxy Note 20 Ultra кучлими, ёки 6 гигабайтлик iPhone 12 Pro?

Apple’нинг янги смартфонлари – iPhone 12 ҳамда iPhone 12 Pro автономлик тестида нафақат Android-смартфонларга, балки ҳатто бултурги айфонларга ҳам мағлуб бўлган эди. Шунингдек, Antutu бенчмаркининг янги рейтингида улар ҳатто кучли бешталикка ҳам кира олмаган. Булардан ташқари...

ЎҚИНГ: iPhone 12’лар геймерларга ёқмайди: ўйин, интернет ва видео учун энг зўр смартфонлар (учта рейтинг)

YouTube тармоғидаги машҳур PhoneBuff канали iPhone 12 Pro моделининг иловалар ишлатишдаги тезлигини Galaxy Note 20 Ultra фаблетиники билан таққослаб кўрсатди. Эслатиб ўтамиз, бу – Samsung’нинг энг сўнгги ва энг кучли флагмани бўлиб, Qualcomm компаниясининг энг зўр – Snapdragon 865 Plus чипсети базасида ишлайди.

Америкалик чипсознинг флагман процессоридан ташқари, ушбу смартфон нақ 12 гигабайтлик тезкор хотирага ҳам эга. Унинг рақиби – iPhone 12 Pro техник таъминоти асосини эса Apple A14 Bionic чипсети ҳамда 6 гигабайтлик «оперативка» ташкил этади.

Тест жараёни икки босқичда ўтказилган: биринчисида смартфонларда турли иловаларни кетма-кет очиб, бунга сарфланган вақт ҳисобланган; иккинчисида эса очилган иловаларни фондан қайта ишга туширишга кетган умумий вақт эътиборга олинган.

ЎҚИНГ: iPhone 12’ларнинг нурланиш даражаси эълон қилинди – кутилмаган биттаси энг хавфлиси экан!

Текширувнинг биринчи босқичини iPhone 12 Pro модели 1 дақиқаю 41 сонияда якунлаган бўлса, Galaxy Note 20 Ultra айни шу иловаларни очишга 1 дақиқа ва 55 сония вақт сарфлаган. Иккинчи босқични эса купертиноликларнинг смартфони 43 сонияда, жанубий кореяликларнинг планшетофони эса 46 сонияда тугатган.

Якуний ҳисобда Samsung флагмани тестда ўз рақибидан 17 сонияга ортда қолган. Тўғри, бу унчалик катта кўрсаткич эмас, лекин айфон бу ғалабага рақибиникидан нақ икки баравар кам ҳажмли тезкор хотира билан эришганини ҳам ҳисобша олишимиз даркор.

Шу тариқа, Apple смартфоннинг тезкорлигида тезкор хотира ҳажмидан кўра дастурий оптимизация муҳимроқ эканини яна бир бор исботлади. Бу борада эса Android операцион тизими iOS’дан орқада қолмоқда.

ЎҚИНГ: Турли давлатларда iPhone 12 Pro сотиб олиш учун қанча вақт ишлаш керак?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!