ЖОНЛИ ВИДЕО: MIUI 10 тизимли Redmi 6 Pro’ни тақдимотдан аввал қадоғидан олиб, ишлатиб кўрамиз!

  •   DiMaX
  •  3507
  •  22.06.2018 18:32

ЖОНЛИ ВИДЕО: MIUI 10 тизимли Redmi 6 Pro’ни тақдимотдан аввал қадоғидан олиб, ишлатиб кўрамиз!

Xiaomi компанияси Redmi 6 Pro русумли ҳамёнбоп смартфонини 25 июнда расман намойиш этмоқчи эканидан хабарингиз бор. Аллақачон унинг техник хусусиятлари ҳамда расмий суратларини ҳам эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: 150 долларлик Redmi 6 Pro смартфонини сифатли расмий суратларда кўрамиз!

Аммо тақдимотни ҳам кутиб ўтирмасдан, ҳозироқ ушбу смартфонни тўлақонли томоша қилиш имкони туғилди. Яъни, аллақачон инсайдерлар Xiaomi Redmi 6 Pro моделини қадоғидан олиб, ишлатиб кўрсатилган видеони интернетга жойлашди.

Келинг, уни бирга кўриб чиқамиз:

Эътибор бергандирсиз – янги смартфон бошиданоқ MIUI 10 прошивкасида ишлаяпти. Ҳозирча Xiaomi’нинг бошқа моделлардаги смартфонларига мазкур талқин тақдим этилмаган, фақат айрим русумлардаги смартфонлар эгалари синов доирасидагина уни ишлатиб кўришлари мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонларига ҳали расман юборилмаган глобал MIUI 10 прошивкасини ҳозироқ ўрнатиш мумкин!

Юқоридаги видеороликда ўзингиз ҳам гувоҳ бўлганингиздек, Redmi 6 Pro жамланмасида бирор ғайриоддий ёки кутилмаган нарса йўқ. Қадоқ ичида смартфоннинг ўзидан ташқари microUSB кабели, SIM-карталар ва хотира картаси бўлмачасини очиш игнаси, қувватлаш блоги (афтидан, 5V-2A қувватли) ҳамда оддий силикон ғилоф, шунингдек, фойдаланувчи йўриқномаси бўлади.

Кўрганимиз лавҳада Lake Blue рангли смартфон намойиш этилган, расмий рендерларга қараганда, у яна Flame Red, Black, Rose Gold ва Sand Gold ранглардаги корпусларда чиқарилади.

Дарвоқе, Redmi 6 Pro смартфони билан бирга Xiaomi’нинг яна битта инновацион қурилмаси ҳам тақдим этилади. Бу – Mi Pad 4 русумли, фойдаланувчи қиёфасини тўлақонли сканерловчи биринчи планшетдир.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳатто Apple’ни ҳам доғда қолдирди: 3D-сканерли илк планшетнинг «жонли» расмлари, хусусиятлари ва нархлари!