Жорий этилиши кутилаётган инновацион 10 та мобиль технология

Жорий этилиши кутилаётган инновацион 10 та мобиль технология

Жаҳон Мобиль Конгрессида яқин келажакда смартфон саноатида татбиқ этилиши кутилаётган кўплаб технологиялар ҳам намойиш қилинди. Уларнинг аксариятининг фаолияти 5G алоқа тармоғи билан ҳамоҳанг. Қуйида 10 та энг долзарб мобиль инновациялар билан сизни таништирамиз.

Спектроскопияли сканерлар

Бу технология озиқ-овқатнинг таркиби ва унинг яроқлилигини аниқлайди. H2 мана шундай технологияга эга жаҳондаги илк смартфон. У Хитойнинг Changhong компанияси томонидан яратилган. Унда озиқ-овқат молекуласини сканер қилувчи SCiO номли сенсор бор. Мўъжазгина спектрометрдаги инфрақизил нурлар мева, сабзавот, гўшт, сут маҳсулотларининг кимёвий таркиби, ичимликдаги спирт миқдори, дори-дармонлар таркибини, ҳаттоки ёғ миқдорини айтиб беради.

Одамларнинг виртуал ёрдамчилари

Ультратовуш орқали энди одамлар технология билан масофадан туриб алоқага киришадилар. Мисол учун, дисплейларга бармоқни теккизмасдан туриб, улардан фойдаланиш мумкин бўлади. 2013 йилда иш бошлаган Ultrahaptics намойиш қилган «touchless» технологияси ташқи оламдаги муҳитни таҳлил қилиш, мисол учун йўллардаги автомобил ва йўловчиларнинг ҳаракатланиш оқимини бошқариши мумкин. Фойдаланувчи жароҳат олганида унга тез ёрдам чақириши, зарур маслаҳатлар бериши мумкин. Шунингдек, бу каби ёрдамчи сизга бошқа “ақлли қурилма” ва “ақлли уй” тизимларини бошқаришга ёрдам беради.

2016 йилда шунга ўхшаш ультратовуш технологияси Xiaomi Mi Mix смартфонида оралиқ-масофани аниқлаш датчигининг муқобили сифатида ўрнатилган эди.

Ёруғлик тўлқини орқали юқори тезликда маълумотлар узатиш

LiFi технологияси тўғрисида аввал ҳам ёзган эдик. MWC 2017 анжуманида бу назарий қарашларни амалда кўриш мумкин бўлди. Уни Эдинбургнинг pureLiFi компанияси намойиш қилди.

Улар орасида LiFi-X технологияси диққатга сазовор. Унинг ёрдамида инфрақизил ёруғлик тўлқинлари ёрдамида электрон қурилмалар ўртасида маълумот алмашиш мумкин.

Лойиҳа доирасида янги технология LED лампаларининг кейинги авлоди ҳисобланган Velmenni Jugnu ақлли чироқларида синаб кўрилмоқда. Яъни, Li-Fi симсиз алоқа технологиясида маълумот етказувчи восита сифатида анъанавий радиочастоталардан эмас, ақлли чироқ ёруғлигидан фойдаланилади. Ақлли чироқ махсус илова ёрдамида қурилмалар билан алоқа ўрнатади.

“Live 360” ТВ-трансляцияси

Модомики, келажакда футбол ўйинларини виртуал воқелик кўзойнаги ёрдамида уйда, гўёки майдонда ўтиргандек кўриш имкони бор экан, стадионга боришнинг нима ҳожати бор? Ҳатто бу технология сизга стадионнинг хоҳлаган нуқтасида ўтириш имконини беради. Боиси бунинг учун сизга стадионда ўрнатилган, ўйинни ёритиб бораётган 360 дона камера ёрдам беради.

Бу технология Nokia томонидан тақдим қилинди. Унда илк маротаба синов тариқасида ёзиб олинган «Тоттенхэм Хотспур» ва “ЦСК Москва” жамоаларининг 2016 йилдаги щйинлари ёзиб олинган виртуал жараён намойиш қилинди. 5G тармоғида футбол ўйинини реал вақт режимида томоша қилишнинг завқи майдондаги шавқдан кам бўлмайди.

Bluetooth’ли Алекса

Amazon’нинг Alexa шахсий ёрдамчиси келажакдаги барча смартфонларда татбиқ этилади. Ҳатто, уни Wi-Fi ёрдамида барча турдаги электроника маҳсулотларида ишлатиш мумкин.

Шу вақтга қадар процессорларнинг бу турдаги Bluetooth технологияни қўллаб-қувватламаслиги уни жорий қилиш билан боғлиқ ягона муаммо эди. Энди эса Qualcomm компаниясининг “Bluetooth Audio-on-chips” технологияси ёрдамида Alexa’ни смартфонларда жорий қилиш мумкин. Бу дегани Alexa энди Qualcomm CSR8670 ва CSR8675 чиплари ўрнатилган воситалар, наушникларда, колонка, эшитиш мосламаларида ишлайди. Унинг дастурий таъминоти Sensory ва Rubidium томонидан ишлаб чиқарилган.

5G ёрдамида 8K сиғимли видеолар Realtime VR‘ида

Мобиль технологиялар келажаги бевосита видео тармоқлар билан боғланади. Одамлар 5G тезлиги ҳисобига овозли ва аудиоли суҳбатларни унутиб юборишади. Шуни инобатга олган Intel “8K Live VR” технологиясини намойиш қилди.

8K сиғим жуда катта ҳажм дегани. Intel компанияси Nokia’нинг OZO 360-degree камерасида олинган айни пайт алоқа тармоқлари учун жуда катта ҳажмга эга бўлган суратларни синов тариқасида 5G тармоғида алмашиб кўрсатиб берди. Бу — келажак технологияси!

Дастурий таъминотга асосланган радио тизим

Смартфон ёрдамида ўз радиостанциянгиз фаолиятини йўлга қўйишга нима дейсиз? Дастурий таъминотга асосланган радио тизим — дастурий таъминот ёрдамида радиочастота параметрларини ўрнатиш ёки ўзгартириш, шунингдек частота диапазонини ва бошқа жиҳатларни ўзгартирувчи радио тўлқин узатувчи ёки қабул қилувчи митти радиоприемник. Унинг ёрдамида юқори частотали радио тўлқинлар тарқатиш орқали радио тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Бу технология Cambridge Consultants муассасаси томонидан тақдим қилинди.

 

Бармоқлар учун ақлли виртуал тугмалар

tapdo технологияси сизнинг бармоқ изларингиздан ақлли қурилмаларни ишлатишда фойдаланади.

Дейлик, сиз бир нечта электроника воситаларидан фойдаланасиз. Уларнинг ҳар бирини масофадан туриб бошқариш мумкин. Келажак смартфонларида буни амалга ошириш имконини берувчи бошқарув иловалари кўпаяди. Соатни эслатувчи tapdo девайсига турли бармоқларни босиш орқали ТВ, автомобиль ёки электрон сейфларни очишингиз мумкин. tapdo қурилмаси мобиль телефон билан Bluetooth LE ёрдамида уланади. Смартфондаги махсус илова уйдаги бошқа ақлли қурилмалар билан алоқа ўрнатади. Натижада, уларни масофадан бошқариш мумкин.

AR & VR технологияси учун ишоралар

MWC 2017’да катта қизиқиш билан кутиб олинган навбатдаги технология – кенгайтирилган воқелик технология (AR) ҳамда реал воқелик технологияси (VR)нинг смартфонлар билан имо-ишораларга асосланган алоқасини ўрнатишга бағишланган тақдимот бўлди. Унинг Шведциянинг  Crunchfish компанияси тақдим қилди. AR технологиясининг ақлли кўзойнаклари фойдаланувчининг қўл ҳаракатларига кўра алоқага киришади.

Шунингдек, янги VR технологиясининг шлеми (бош кийими) қўл ҳаракатлари билан 360 градусли веб-қидирувларни амалга ошириш имконини ҳам беради. Жорий йилнинг феврал ойида Crunchfish кенгайтирилган воқелик технологияси орқали бевосита электрон ўйинларни ўйнаш инновациясига патент олишга муваффақ бўлган.

Biggerpan’нинг “ақлли браузер” технологияси

Франциянинг Biggerpan компанияси жаҳоннинг илк ақлли веб-қидирув тизимини намойиш қилди. Ulli деб ном олган браузердан айни пайтда iOS тизимида фойдаланиш мумкин. У смартфонни бир қўлда тутган ҳолда интернетдан фойдаланиш имконини беради. Ундаги ‘сеҳрли тугма’ фойдаланувчининг нима қидирмоқчи эканлигини олдиндан тахмин қилиб ёрдамга келади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!