ЖОСУСЛАРДАН САҚЛАНИНГ: Windows 10 тизимида веб-камерани ўчириб қўямиз

  •   DiMaX
  •  694
  •  16.03.2019 16:37

ЖОСУСЛАРДАН САҚЛАНИНГ: Windows 10 тизимида веб-камерани ўчириб қўямиз

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ўз ноутбукининг веб-камерасини ёпиб қўйганига қараганда, у бир нимани билади-ёв. Ҳатто АҚШ Федерал қидирув бюроси директори – 2016 йили бир террорчининг iPhone’ини блокдан чиқариб беришлари учун хакерларга миллионлаб доллар тўлаган киши ҳам, веб-камераларни ёпиб қўйишни маслаҳат берган.

ЎҚИНГ: Виртуал ҳаётингизни шифрлашнинг 7 усули

Аммо ноутбук камераси сиздан берухсат тасвирга олиб, айғоқчиларга маълумот жўнатмаслиги учун уни ёпиб қўйиш шарт эмас. Бундан кўра, ҳимояланишнинг маданиятлироқ йўлини қўллаган маъқул, масалан – камерани ўчириб қўйиш.

Бунинг учун эса дастлаб «Қурилмалар диспетчери»га киришингиз керак: «Пуск» тугмачасини босиб, «Диспетчер устройств»ни топиб кирасиз. Ёки Windows + R тугмачалар комбинацияси орқали «Выполнить» менюсини чақириб, devmgmt.msc буйруғини териб, «Enter»ни босинг.

Очилган ойнада «Камералар» («Камеры») ёки «Тасвирларни қайта ишлаш қурилмалари» («Устройства обработки изображений») тоифасини топасиз. Унинг устига икки марта боссангиз, ёйилиб очилади ва ноутбукингиз камераси акс этади. Унинг номи Integrated Camera, VGA WebCam, USB Camera ёки шунга ўхшаш бирор сўз билан ифодаланган. Шунинг устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертасиз ва очилган контекстли менюда «Ўчириш» («Отключить») бандини танлайсиз.

Энди хавотир олмасангиз ҳам бўлади – камерангиз орқали ҳеч ким сизни кузата олмайди. Агарда видеочат қилиш, веб-камерадан фойдаланиш зарурати туғилиб қолса, яна ўша жойга бориб, ўша контекстли менюдаги «Ёқиш» («Включить») бандини босасиз – олам гулистон!

ЎҚИНГ: Яширин камера ўрнатилган: ижара квартираларида ёки меҳмонхоналарда яширин камерани қандай топса бўлади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!