Жойни бўшат, Xiaomi! Бозорга янги қирол келяпти!

  •   DiMaX
  •  4061
  •  02.10.2019 10:19

Жойни бўшат, Xiaomi! Бозорга янги қирол келяпти!

Йириклиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳиндистон смартфон бозорида иккита хитойлик компания Samsung’дан ўзиб кетгани ҳақида ёзганмиз. Қизиғи шундаки, атиги бир ярим йил аввал асос солинган янги бренд энди Xiaomi’га ҳам чанг соляпти!

ЎҚИНГ: Samsung’нинг бу арзон смартфони камера тестида ҳатто Redmi Note 7 Pro’ни ҳам «чангида қолдирди»!

Кеча – 1 октябрь куни «филлар ўлкаси»да ҳар йиллик Дивали байрамига бағишланган илк мавсумий арзонлатув бошланди. Xiaomi унда бир неча соат ичида 1,5 миллиондан ошиқ янги қурилмаларини сотишга муваффақ бўлди. Булар фақат смартфон эмас, балки турли маиший техника жиҳозлари, тақилувчи гаджетлар ва ҳоказолар ҳам шу ҳисобга киритилган. Бироқ буни айтиб мақтанаётган «хитойча Apple»нинг қувончи кўпга бормади...

Ушбу ҳудуддаги энг йирик онлайн дўкон – Flipkart ҳам кечаги савдо якунларини эълон қилди. Унга кўра, арзонлатиб сотиш акциясининг мутлақ чемпиони Realme бренди бўлиб чиқди – у бир кунда миллионтадан ошиқ телефон сотишга улгурган!

Oppo компаниясининг суббренди бўлган Realme маҳаллий бозорни эгаллашдан ташқари хорижга ҳам чиқяпти, лекин унинг асосий мўлжали – Ҳиндистон бозоридир. Flipkart дўконида кечаги арзонлатиб сотиш мобайнида сотилган смартфонларнинг нақ 41.5 фоизи шу компанияга тегишли. Xaomi сотган смартфонлар улуши эса 30.2 фоизга тушиб кетган ва уни айни шу ҳамюрти сиқиб чиқармоқда.

Дивали байрамига бағишланган арзонлатиб сотиш акциясида учинчи ва тўртинчи ўринларни тегишлича Vivo (6.8%) ҳамда Asus (6%) банд этишган, қолган смартфонсозларнинг умумий улуши тахминан 15% бўлган.

Умуман олганда, Realme бренди Ҳиндистон бозорида кескин ўсиб келаётир: CMIR Mobile Industry Consumer Insights компанияи сентябрда ўтказган сўров натижаларига кўра, у мамлакатда энг яхши смартфон бренди сифатида эътироф этилган.

Афсуски, Oppo компанияси ва Realme бренди юртимизга расман кириб келмаган. Лекин Terashop.uz интернет дўконимизда турли русумлардаги Xiaomi телефонларини 610 000 сўмдан бошланган нархларда сотиб олиш, Samsung’нинг ҳар хил моделларини эса 705 000 сўмдан бошланувчи нархлар эвазига харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Энг арзон 5G-смартфон энди Xiaomi Mi 9 Pro 5G эмас!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!