Камерафонлар "қироли" -- Galaxy S9 "тахтни бой берди"

Камерафонлар

Бугун фотокамералар имкониятини ўрганувчи DxOMark компанияси мутахассислари янги тақдим қилинган смартфонлардаги камераларга оид ҳисоботларни эълон қилдилар. Бу тажриба синовларида кеча тақдим қилинган Huawei P20 ҳамда Huawei P20 Pro камерафонлари ўрганиб кўрилган.

Huawei P20 ҳамда P20 Pro камерофонлар рейтингида янги етакчиларга айланишди. Ҳам фотосурат, ҳам видео тасвирга олишда Huawei P20 Pro 109 балл билан рўйхатда мутлоқ пешқадам бўлди. Бунгача бу ўринда Samsung Galaxy S9 флагмани 99 балл билан "қирол" эди. "Кучли бешлик"даги бошқа смартфонлар ҳам тест синовларида 97 ва 99 балларни олишган эди. Бу дегани ҳали-бери P20 Pro'га муносиб рақиб бўлмайди.

Ўқинг: Huawei iPhone X'дан 2 баробар қиммат флагман тақдим қилди!

P20 Pro камераси фотосурат олишда 114 баллни қўлга киритган. Huawei P20 ҳам бўш келмади -- 102 балл ва рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган. Таққослаш учун айтамиз, жаҳондаги бирор смартфон камераси ҳали 102 баллни қўлга киритмаган эди.

Унинг фотосуратга олиш имкониятлари 102, видео сурат олиш имкониятлари 94 баллга баҳоланган.

Шу тахлит Huawei P20 Galaxy S9+ флагманидан 3 балл, Google Pixel 2 флагманидан 4 балл, Mate 10 Pro, iPhone X, ҳамда Mi MIX 2S смартфонларидан 5 балл олдинда.

P20 моделида "акаси"даги каби 40 мегапикселли ва манзарани 5 карра яқинлаштирувчи сенсор ўрнатилмаган бўлса ҳам, Huawei уни энг яхши камера модуллари ва имкониятлар билан қуроллантирган.

P20 Pro ва P20 камералари деталларни яхши ва табиий муҳрлайди, рангларнинг ёрқинлиги сақланади, "шовқин" миқдори камаяди. Шу билан бирга, смартфондаги автофокус тизимлари такомиллашган. Айниқса, орқа фонни ғира-шира қилиш режими диққатга сазовор.