Камида учта смартфонсоз Android’дан кечиб, 2 июнда чиқаётган HarmonyOS тизимига ўтади!

  •   DiMaX
  •  1367
  •  19.05.2021 13:47

Камида учта смартфонсоз Android’дан кечиб, 2 июнда чиқаётган HarmonyOS тизимига ўтади!

Аввалроқ HarmonyOS 2.0 прошивкасини олувчи Huawei ҳамда Honor смартфонлари, планшет ва смарт-соатлари рўйхатини эълон қилган эдик. Ўтган ойда эса HarmonyOS 2.0 прошивкасини олишга тайёр бўлган 19 та моделдаги гаджетларнинг расмий рўйхати ҳам чиққан.

ЎҚИНГ: HarmonyOS фойдаланувчилар учун муҳим иккита жиҳатда Android’дан устун экан!

Куни кеча Huawei компанияси Huawei HarmonyOS Connect ҳамкорлик саммитини ўтказди. Ушбу тадбирда Huawei Consumer Business AI ҳамда Smart Full Scenario Business Department бўлинмалари вице-президенти Ян Хайсон (Yang Haisong) қизиқ маълумотларни тақдим этди. Унинг баёнотига кўра, смартфон ишлаб чиқарувчи камида учта компания ўз мобил телефонларида HarmonyOS операцион тизимини қўлламоқчи. Булардан бири Huawei’нинг ўзи эканлиги аниқ, аммо қолганлари қайсилар эканига у аниқлик киритмаган.

«Операцион тизимнинг ишлаб чиқилиши – бу денгиздан томчи, холос; бу – муваффақиятнинг 1 фоизидир. Қолган 99 фоизи – сизнинг платформангизни қўллашга тайёр бўлган ҳамкорлар миқдоридир», деган Ян Хайсон.

Шунингдек, унинг даъвосига кўра, бошқа операцион тизимлар 5 йилда босиб ўтган йўлни HarmonyOS шу йилнинг охиригача забт этади ва бозорнинг 16 фоизини эгаллайди.

ЎҚИНГ: Huawei смартфонларига HarmonyOS 2.0 тақдим этилди! (+биринчи «жонли» видео)

Huawei’нинг бошқа бир раҳбари – алмашувчи раиси Сюй Чжицзюнь (Xu Zhijun) сўзларига кўра, жорий йилнинг охирига бориб 300 миллионта қурилма аллақачон HarmonyOS тизимида ишлаётган бўлади. Шулардан 200 миллионтаси Huawei‘нинг, қолганлари эса ҳамкорларнинг турли гаджетлари бўлади.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, хитойлик техногигант ўзининг ушбу универсал операцион тизимини 2 июндаёқ фойдаланувчиларга тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, яқиндагина биз HarmonyOS операцион тизими устига қурилган MIUI график қобиғи билан ишлаётган Xiaomi смартфонининг видеосини улашган эдик.

ЎҚИНГ: HarmonyOS 2.0 қандай ишлашини Android билан «жонли» видеода таққослаб кўрамиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.