Карантин даврида интернет ва телефон билан боғлиқ саволларга АКТ Вазирлиги жавоб берди

  •   DiMaX
  •  781
  •  25.03.2020 10:14

Карантин даврида интернет ва телефон билан боғлиқ саволларга АКТ Вазирлиги жавоб берди

Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ахборот технологиялари соҳаси бўйича бир қатор саволлар ва мурожатлар келиб тушмоқда. 24 март куни бўлиб ўтган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шерзод Ахматов энг кўп берилаётган саволлар ва мурожатларга тўлиқ жавоб берди.

ЎҚИНГ: Интернет икки ой текин бўладими? «Ўзбектелеком» аниқлик киритди

  1. Бугунги, карантин ҳолатда Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни амалга оширишда аҳоли учун қандай имкониятлар яратилади? Телефон ва интернет учун тўлов кечикса ҳам карантин даврида узиб қўйилмаслиги ҳақидаги қарорни ўқидим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди. Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Бундан ташқари, қарорда Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Шу билан бирга, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилиши ҳам белгиланган.

  1. Карантин режими вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмалари қабул қилиш ва юбориш мумкинми?

Бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Почта хизмати стратегик аҳамиятга эга деб бемалол айтиш мумкин. Чунки, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмаган, аксинча, доимий равишда ўсиб боради.

Шу нуқтаи назардан, биз почта тизимида хавфсизликни таъминлаш, почталар орқали келиши мумкин бўлган турли эпидемиологик ҳолатларнинг олдини олишга доимий равишда жиддий эътибор қаратамиз. Почта санитария-епидемиология хизмати билан параллел равишда иш олиб боради. Ва энг муҳими шу вақтгача Ўзбекистонда бундай ҳолат кузатилмаган.

Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-епидемиологик жиҳатдан уларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда.

Лекин глобал хавфсизлик чораларининг кучайиши туфайли кўп мамлакатларда ҳаво ва темир йўллари транспортлари ҳаракатланиш режалари ўзгартирилмоқда ёки камайтирилмоқда. Кўплаб йўналишларга ҳаво транспорти қатнови бутунлай тўхтатилган. Шу нуқтаи назардан кўп мамлакатлардан почта жўнатмалари кириб келишида вақт нуқтаи назаридан муаммолар юзага келиши мумкин.

Бу муаммо бўйича ҳам барча ишлар амалга оширилмоқда.

  1. Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларининг онлайн дарсликлари ишлаб чиқилиб интернетга жойлаштирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, интернет тезлиги ва сифатини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

Биринчи навбатда, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тайёрланаётган видеодарслардан бемалол фойдаланиш учун интернет провайдерлар ва мобил алоқа операторлари томонидан жорий йилнинг 1-май кунига қадар eduportal.uz, kitob.uz, edumarket.uz, online-maktab.uz, talim.uzedu.uz, utube.uz, itschool.uz, coronavirus.uz веб-сайтларга киришнинг (доступ) бепул амалга оширилиши таъминланди.

Бундан ташқари маҳаллий интернет-провайдерлар ва мобил операторлар – Uztelecom, UCELL, MobiUz ва Beeline томонидан ўз абонентларига оммавий ахборот воситалари манбаларидан – uzreport.news, xabar.uz, daryo.uz, gazeta.uz, kun.uz, podrobno.uz, repost.uz, uznews.uz, spot.uz ҳамда «ZiyoNET» хизматидан бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди!

Иккинчи навбатда, карантин даврида Интернет-трафик, мобил ва телефон алоқа трафиги ўзгаришлари доимий назоратга олинган. Юкланиш ўта юқори даражада ошиб кетадиган ҳолатларда амалга ошириладиган ишларнинг режалари тайёрланган.

Яна шуни айтиш жоизки, Интернет хизмати тезлиги фойдаланилаётган технология билан чамбарчас боғлиқдир. Яъни оптик толали алоқа линиялари орқали хизмат тақдим этилган ҳолларда Компания юқори тезликларда яъни 100 Мбит/сониягача тезликда интернет хизматини кўрсатиш имконияти мавжуддир. Шунингдек, абонентлар фойдаланаётган тариф режаси ҳам интернет тезлигига чамбарчас боғлиқ. Яъни 4 Мбит/сония тезликда интернет хизмати тақдим этиладиган тариф режасида ундан катта тезликда интернетдан фойдаланиш имкони мавжуд бўлмайди. Демак ишонч билан айтишимиз мумкинки, истеъмолчининг тариф режасига таъсир кўрсатилмайди. Бу борада барча имкониятлар ишга солинган.

  1. Карантин даврида умумий ўрта таълим муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотлари ўқувчиларига телевизион видеодарсларни етказиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг топшириғига мувофиқ:

Видеодарс машғулотлари жойлаштириладиган вазирликларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари ва расмий веб-сайтлари (UZ-домен) фойдаланувчилар томонидан талаб ортиб кетган ҳолатларда узлуксиз ишлашини таъминлашда ҳамда зарурат бўлганида хостинг имкониятларини кенгайтиришда техник кўмаклашилмоқда.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда очиқ ҳолда 4 та телевизион канал орқали «онлайн-мактаб» рукни билан ташкил этилаётган телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича ер усти рақамли телевидение, кабелли телевидение, IP-телевидение тармоқлари орқали ҳамда ер сунъий йўлдоши орқали узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларида ўрнатилган кам қувватли телеузаткичлар орқали очиқ ҳолда тарқатилишини ташкиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

  1. Карантин даврида почтанинг хат тарқатиш ва шу каби хизматлари қай тартибда ишлайди?

Бугунги кунда почта алоқа бўлимлари операторлари, хабарчилар ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа ходимлар одатий режимда ишламоқдалар. Ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлмаган ходимлар таътилга чиқарилди. Фаолият кўрсатаётган ходимлар тегишли ҳимоя воситалари (ниқоб, қўлқоп), ҳамда санитария-гигиена воситалари билан таъминланган.

Қўшимча маълумот сифатида айтиб ўтишимиз керакки, 21 март куни бўлиб ўтган, брифингда қайси мамлакатлар билан почта алмашинуви амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилганди.

Яъни, Халқаро почта жўнатмаларини ташиш учун ҳаво транспорти (Uzbekistan Airways, Aeroflot, Korean Air, Fly Dubai) хизматларидан фойдаланилар эди. Қатнов тўхтагани сабабли қўшни мамлакатлар почта операторлари билан олиб борилган музокаралар натижасида жорий йил 20 мартдан бошлаб «Ўзбекистон почтаси» АЖ ер усти транспорти орқали юбориладиган почта жўнатмаларини қуйидаги давлатларга қабул қилишни тиклади: Австрия, Белгия, Болгария, Венгрия, Буюк Британия, Греция, Германия, Дания, Италия, Ирландия, Испания, Кипр, Люксембург, Латвия, Мальта, Нидерландия, Португалия, Польша, Руминия, Словения, Словакия, Франция, Финляндия, Хорватия, Чехия, Швеция, Эстония, Украина, Хитой, Литва, Беларусь, Қозоғистон, Россия каби давлатлар почта алоқалари тўлиқ тикланди, деб маълумот бергандик.

Бугунги кунгача 20 мартдан Халқаро почта жўнатмаларини Қозоғистон Почтаси орқали ҳафтасига 2 маротаба ер усти транспорти билан юборилиши йўлга қўйилди, бунинг натижасида 20 мартда жами 777,29 килограмм почта жўнатмалари 32 та мамлакатга жўнатилди.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан мамлакатимиз ичидаги шаҳарлараро почта алмашинуви ўзига тегишли автотранспорт орқали, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясининг ҳаво транспорти орқали (Нукус, Урганч, Термиз) ва қўшимча равишда қатнови йўлга қўйилган шахарлараро автобуслар орқали амалга оширилар эди. Ҳаво транспорти ва автобуслар қатнови бекор қилинганлиги сабабли янги йўналишлар бўйича қўшимча автотранспорт қатнови йўлга қўйилди. Почта алмашинуви бирмунча кечикиш билан бўлса ҳам узлуксиз амалга оширилади.

  1. Янгийўл туманида кабел телевидениеси билан боғлиқ муаммолар мавжуд, бу бўйича нима ишлар амалга оширилмоқда?

Бу эътирозни вазирлик назоратга олди. Бу ердаги муаммоларни ва камчиликларни ўз вақтида, қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилди.

Бугунги кунда «POWER INVEST GROUP» МЧЖ Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида кабел телевидениеси хизматларини тақдим этади.

Сиз, кабел телевидениесининг узатилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «1199» ва Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасидаги назорат бўйича давлат инспекциясининг «1144» қисқа рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Барча мурожатлар белгиланган тартибда қисқа вақт ичида кўриб чиқилади ва муаммолар ҳал қилинади.

* * *

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ахборот технологиялари соҳаси бўйича энг кўп берилаётган саволлар ва мурожатлар шулардан иборат.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ахборот технологиялари соҳаси бўйича бериладиган барча саволлар учун вазирлигимизнинг туну кун – 24 соат мобайнида ишлайдиган қисқа рақамли «1199» ишонч рақами ишлаб турибди, мурожат қилишларингиз мумкин!

ЎҚИНГ: ТЎЛИҚ РЎЙХАТ: Коронавирус туфайли операторларимиз қайси сайтларни бепул қилишди?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.