Карантин шароитида энг хавфли гаджетлар қайсилари? (+фойдали машқлар)

  •   DiMaX
  •  1056
  •  27.04.2020 17:04

Карантин шароитида энг хавфли гаджетлар қайсилари? (+фойдали машқлар)

Коронавирус пандемияси туфайли кўпчилик уйда қолиб, турли девайслар билан одатдагидан кўра кўпроқ ишлай бошладик. Болалар ҳам дарсларни телевидение орқали ҳамда онлайн тарзда ўзлаштиришяпти.

ЎҚИНГ: Онлайн дарсларни бузгани учун YouTube-блогер устидан жиноий иш очилди

Бунақа шароитда кўзларимизга аввалгидан кўра кўпроқ юклама тушиши аниқ ва бунда айрим девайсларнинг «ҳисса»си бошқалариникидан кўра кўпроқ. Россиялик офтальмолог, медицина фанлари номзоди Александр Ушников «Российская газета»га бу борада тиббиёт нуқтаи назаридан фикрларини билдирган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бунақа вазиятда кўз учун энг зарарлиси – уяли телефонлардир. Ҳозир кўпчилик смартфон орқали интернетга киради, мессенжерларда мулоқот қилади, фильм ёки клип томоша қилади. Буларнинг барчаси кўз учун ҳам, мия учун ҳам зўриқиш ҳолатини келтириб чиқаради. Шу боисдан, смартфонларни имкон қадар фақат гаплашиш ва SMS-хабар ёзишиш учун ишлатинг, демоқда А. Ушников.

Зиёни бўйича иккинчи ўринда планшет туради, дея давом этади шифокор. Кўпинча болалар халақит бермаслиги учун ота-оналар уларга планшетда бирор мультфильм ёки бошқа бирор томошаларни қўйиб беришади. Айнан кичик ёшдагиларни қўйиб берса, планшетдан ажралгиси келмайди ва кун бўйи томоша қилиб ўтиравериши мумкин. Бу эса умуман мумкин эмас, ёш болаларни имкон қадар гаджетлардан чеклаб, китоб ўқиш, расм чизиш каби бошқа ишларга чалғитиш керак.

ЎҚИНГ: Нега боланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш керак?

Зарарига кўра учинчи ўринда ноутбук ва компьютер туради – катта ёшлиларнинг улардан мунтазам шуғулланиши кўзга зиён. Масофадан ишлаганда ҳам мониторга узлуксиз тикилиб ўтирмасдан, орада нафас ростлаб, кўзларга дам бериб туриш даркор.

Шу билан бирга, Александр Ушников кўзни тез-тез пирпиратиб туришнинг муҳимлигига алоҳида урғу берган. «Меъёрий ҳолатда киши кўзини дақиқасига 24–26 марта юмиб-очиши керак, – дейди у. – Компьютер олдида ўтириб эса инсон беихтиёр буни ярмигача камайтиради. Натижада кўзнинг шох пардаси қурийди, қизаради ва кўриш қобилияти пасая боради».

Кўзларга дам бериш учун олим деразадаги нуқта орқали машқ усулидан фойдаланишни тавсия этади. Бу жуда оддий, уйдан чиқиш ҳам шартмас: дераза олдига келиб, бир кўзингизни кафтингиз билан ёпасиз. Иккинчи кўзингиз билан ёпиқ дераза ойнаси орқали узоқроқдаги бирор объектга тикилиб қарайсиз. Бир неча сониядан сўнг эса кўзингиз фокусини ойнанинг ўзига тўғрилайсиз – дераза ортидаги манзарага эмас, балки бевосита унинг ойнасига бир неча сония тикилиб турасиз. Кейин эса бу кўзингизни кафт билан ёпиб, нариги кўзингизда худди шу машқни такрорлайсиз. Бу машқ кўз мускулларининг дам олишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, кўзни юмган ҳолда устидан енгил босиб-босиб қўйиш ҳам фойдали – бунда кўз ичи суюқлиги ҳаракатланишига ёрдам беради, дейди офтальмолог. Яна иш орасида танаффуслар қилиб, танани умумий мустаҳкамловчи гимнастика машқлари бажариб туриш ҳам керак.

ЎҚИНГ: Кўзингизини компьютер зараридан ҳимоялаш усуллари