Катта миқдордаги видеокассеталар ноқонуний олиб кирилган: эскирган технология кимга ва нимага керак бўлган?

  •   DiMaX
  •  1585
  •  28.05.2019 10:35

Катта миқдордаги видеокассеталар ноқонуний олиб кирилган: эскирган технология кимга ва нимага керак бўлган?

Биласизми, видеокассетали видеомагнитофонларнинг ишлаб чиқарилиши ва сотилиши то 2016 йилнинг ярмигача давом этган. Мазкур қурилмаларнинг охирги ишлаб чиқарувчиси – Япониянинг Funai Electric компанияси видеомагнитофон ишлаб чиқаришни ўша пайтда тўхтатган.

ЎҚИНГ: Ўтган йили «раҳматли» бўлган технологиялар

Лекин халқимизда ҳалиям ушбу эскирган технология маҳсулотларидан фойдаланувчилар бор, шекилли – унга алоқадор ноқонуний бир ҳолат ҳақида Kun.uz нашри хабар берган.

Хабарга кўра, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида фуқаро Т.А «Дамас» русумли автомашинани бошқариб кетаётган вақтида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада, машинанинг салон қисмида қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган, 9 475 дона видеокассеталар борлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган товар моддий бойликларнинг умумий миқдори 142 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: 23 декабрь – сўнгги видеокассета партияси сотувга чиқарилган сана