Келажак Android-флагманлари процессорининг номи ўзгарди, унинг нарх ва хусусиятлари билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  725
  •  11.10.2018 16:01

Келажак Android-флагманлари процессорининг номи ўзгарди, унинг нарх ва хусусиятлари билан танишинг!

Android тизимли смартфонларнинг шу пайтгача маълум бўлган энг тезкор процессори хитойлик техногигантнинг Hisilicon Kirin 980 чипидир. Ушбу процессор расман тақдим этилган бўлса-да, ҳозирча муайян смартфоннинг «электрон юраги» сифатида истеъмолга киритилгани йўқ.

ЎҚИНГ: Huawei баёнот беради: унинг Kirin 980 чипи Apple A12 Bionic чипидан кучли

Етакчи чипсозлардан саналмиш Qualcomm эса келажакдаги Android-флагманлар учун энг тезкор Snapdragon 855 процессорини тайёрлаётганидан хабарингиз бор. Аммо ўзининг инсайдерлик хабарлари билан машҳур бўлган Роланд Квандт (Roland Quandt) сўзларига кўра, бу чип бошқачароқ – Snapdragon 8150 номи билан тақдим этилади.

Ушбу процессорнинг якка кристалли тизими big.LITTLE схемаси бўйича ишланган, яъни унда тўртта қувват тежовчи ҳамда тўртта юксак самарадор ядро бўлади. Дастлабки маълумотларга қараганда, булар Cortex-A-55 ҳамда Cortex-A-76 ядроларидир. Булардан биринчиси Silver кодли номи остида тайёрланмоқда ва 1,7 ГГц такт частотасида ишлайди. Кодли номи Gold бўлган иккинчисининг максимал такт частотаси эса 2,6 ГГц.ни ташкил этади.

ЎҚИНГ: Snapdragon 855 процессорли илк 5G-смартфонни Lenovo тақдим этмоқчи, аммо масаланинг бошқа томони бор...

Шунингдек, Snapdragon 8150 процессори «сунъий идрок» тизими учун махсус чипга ҳам эга бўлиши айтилмоқда. Чипсет таркибидаги Adreno график тезлатгичи эса 650 МГц такт частотасида ишлайди.

Янги процессор 7 нанометрлик технологик жараёнга асосланган бўлса-да, худди Snapdragon 845 сингари – 12,4х12,4 миллиметрлик ўлчамга эга. Афтидан, чипсет таркибига ўша – «сунъий онг» тизими учун қўшилган нейронли ҳисоблаш модули (NPU – Neural Processing Unit) ҳам қўшилгани бунга сабабчидир.

Булардан ташқари, Snapdragon 845 чипи смартфонсозларга 48 доллардан сотилган бўлса, Snapdragon 8150 ундан қимматроқ – 53 доллар туради. Бу эса навбатдаги флагман телефонларнинг нархига ҳам таъсир этиши аниқ.

Миш-мишларга қараганда, Snapdragon 8150 процессорини Qualcomm декабрь ойи бошида, Гавай оролларида ўтказиладиган йиллик тадбирида расман тақдим қилади. Лекин бугун тарқалган хабарларда аллақачон ушбу чипга асосланган смартфон ҳақида сўз боради...

ЎҚИНГ: Snapdragon 855 (Snapdragon 8150) процессорли илк смартфон Xiaomi Mi Mix 3 бўлиб, у 5G тармоғида ишлашини айтишмоқда!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.