«Келинни келганда кўр...»: iPhone 11’лар бўйича оммавий шикоятлар бошланди

  •   DiMaX
  •  3160
  •  08.10.2019 10:21

«Келинни келганда кўр...»: iPhone 11’лар бўйича оммавий шикоятлар бошланди

Купертинолик корпорация ўтган ойда iPhone 11, iPhone 11 Pro ҳамда iPhone 11 Pro Max смартфонлари тақдим этганди. Улардан бири Geekbench’да рекорд ўрнатгани, AnTuTu тестида асосий хусусиятлари фош бўлгани, шунингдек, янги iPhone 11’лар қаерда энг арзону қаерда энг қиммат эканлиги ҳақида ҳам хабарлар берганмиз.

ЎҚИНГ: Барча моделлардаги iPhone 11’ларнинг мустаҳкамлигини ўзаро ҳамда Galaxy Note 10+ билан солиштирамиз! (учта дроп-тест видеоси)

Буни қарангки, роса мақталган смартфонлар харидорларнинг қўлларига етиб боргач, фойдаланиш жараёнида уларнинг айби чиқа бошлади. Аниқроғи – бу йилгиларининг энг арзони бўлган iPhone 11 экрани тез қирилар экан.

Apple техник кўмак сайтида фойдаланувчилардан бири экранга чизиқ тушгани ҳақида ёзганидан сўнг, бу мавзу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Унга ёзилган жавобларга, келтирилган суратларга қараганда, янги айфонларнинг дисплейлари Apple мақтаганидек мустаҳкам эмас экан.

Сайтнинг аппарат таъминоти бўлимида харидорлардан бири қуйидаги хабарни қолдирган:

«Биз хотиним иккаламиз янги iPhone 11‘ларни шим чўнтагида олиб юрдик ва эртасигаёқ ҳар иккаласининг экрани чизилиб қолибди. Яна кимдир шундай ҳолатга дуч келганми? Бизнинг ҳафсаламиз пир бўлди, Apple фақат сизу бизнинг Apple Care харид қилишимиз учун қайғуради. Олдинги моделлар билан солиштирганда энг ёмон экран».

Сўнг юзга яқин фойдаланувчилар ушбу постга жавоб ёзиб, ўзларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлганини айтишган, айримлари тирналган дисплейли айфонларининг расмларини ҳам юборишган.

ЎҚИНГ: АҚШнинг нуфузли нашри «смартфонлар қироли»ни эълон қилди!

Майли, юқоридагиси – бу йилги энг арзон айфондаги ҳолат экан, аммо уларнинг ўртачаси – iPhone 11 Pro моделида ҳам шундай ҳолат учраган. Мана, фойдаланувчилардан бирининг шикояти:

«Бошқа яна кимдадир шунга ўхшаш муаммо учрадими? 11 Pro жуда тез тирналар экан. Бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ, эҳтиётлаб фойдаландим, чўнтагимда, ёнига бошқа бирор нарса солмасдан олиб юрдим. Мен уч йил ишлатган iPhone SE тирналмаган, яп-янги 11 Pro эса аллақачон чизилган ва бармоғимга ҳам сезиляпти. Қаттиқ кўнглим қолди».

Айтиш керакки, янги айфонлар ҳали энди сотила бошлаган, ишлаб чиқаришдаги оммавий брак ҳақида гапиришга сал эрта. Шунга қарамасдан, дисплейнинг мўртлиги сезилиб қоляпти, ҳали бундай ҳолатга дуч келса-да, шикоят қилмай қўяқолганлар қанча...

Дарвоқе, бу смартфонлар борасида Apple расмий пресс-релизидан кўчирма:

«Энг қудратли iPhone’лар мустаҳкамлик бўйича ҳам бошқа моделлардан қолишмайди: iPhone 11 Pro ҳамда iPhone 11 Pro Max энг мустаҳкам шиша билан қопланган».

Афсуски, компаниянинг расмий иддаолари бир тараф, фойдаланувчиларнинг реал фойдаланишда кузатаётганлари бир тараф... «Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр», деганлари бежиз эмас экан.

Эслатиб ўтамиз, янги айфонларни ҳам, мустаҳкамлиги бўйича бунақа шикоят учрамаган олдинги моделлардаги Apple смартфонларни ҳам Terashop.uz интернет-дўконимиздан сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Барча iPhone 11’ларни энг зўр Android-флагманлар билан битта жадвалда таққослаймиз!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!