«Кемтик»ли экранга ва Face ID тизимига эга «iPad X» чиқишини iOS 12 «сотиб қўйди»!

  •   DiMaX
  •  663
  •  05.06.2018 14:36

«Кемтик»ли экранга ва Face ID тизимига эга «iPad X» чиқишини iOS 12 «сотиб қўйди»!

Apple юбилей суперфлагманидаги каби «ўйиқ»ли экранга ҳамда уч ўлчамли юзни таниш тизимига эга планшет чиқариши мумкинлиги ўтган йилнинг октябридан бери айтиб келинади. Гарчи купертиноликнинг ўзи бу ҳақда маълумот бермаган эса-да, мазкур тахмин ўз исботини топди.

ЎҚИНГ: Диққат, сенсация: Apple энди «iPad X» тайёрлаяпти!

Кечагина тақдим этилган iOS 12 бета-версиясини дастурчи Гильерме Рэмбо дарров синчиклаб ўрганиб чиқди. Прошивка кодини «ипидан-игнасигача» текширган Рэмбо анчадан бери айтилиб келаётган тахминнинг исботини топди.

Дастурчининг аниқлашича, навбатдаги iPad планшетларига чиндан ҳам «кемтик»ли дисплей ҳамда Face ID тизими татбиқ этилади. Рэмбо эълон қилган видеоролик ҳамда скриншотларнинг кўрсатишича, iOS 12 операцион тизимида iPad’лар учун қўшилган махфий Face ID коди ҳам мавжуд. Шунингдек, унда фойдаланувчи интерфейси ҳамда тегишли созламалар менюси ҳам яширинган.

Интерфейснинг юқори қаторига эътибор беринг – унда соат энди ўртада эмас, балки чап томонда жойлашган. iPad экрани юқори қисмининг ўртаси «ўйиқ» учун бўш қолдирилган.

ЎҚИНГ: 2018 йили iPhone X’га ўхшаш iPad чиқади: Face ID бор, «Home» тугмачаси йўқ!

Мана, дастурчи бу ҳақда эълон қилган твитида барчасини ўзингиз кўринг:

The Face ID setup UI is finally working on iPad. Clearly not done yet as can be seen by the descriptions mentioning "iPhone". But it's a start :) pic.twitter.com/PVQgfbne15

Яна бир жиҳати эътиборга лойиқ: кеча iOS 12 тизим талқини тақдимотида Apple эълон қилишича, бу версияда iPad ва iPhone X учун экрандан бошқарув ишоралари бир хил шаклга келтирилади. Энди iPad’да бошқарув маркази экраннинг юқори ўнг қисмидан бошлаб силаш орқали очилади, док бўйлаб силаш эса бош экранга қайтиш буйруғи учун қўлланади. Бу ҳам келажакда iPad’ларда «кемтик» бўлишининг бир белгисидир – экран юқори қисмининг ўртаси Face ID тизими учун қолдирилиб, силашлар чеккароқдан амалга оширилиши белгиланган.

«iPad X» шу йилнинг кузида, навбатдаги авлод айфонлар билан бирга тақдим этилишини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: Apple: "iOS 12'га янгиланадиган смартфон ва планшетлар"